68. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси, муддати ва бекор қилиш тартиби.
Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) – бошқа тараф (ижарага олувчи)га уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади (ФК 600-моддаси).
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга. Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли (ФК 612-модда).
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:
агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун олти ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:
агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек авария ҳолатига келиб қолса;
уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда шартномадаги исталган тарафнинг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин (ФК 615-модда).
69. Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасининг шакли
Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади, бундан уй-жойни яқин қариндошларга (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно.
Илгари ФКнинг 6261-моддасида фуқаролар ўртасида уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши шартлиги белгиланган эди. ФК 6261-моддасининг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-497-сонли Қонунига асосан ўз кучни йўқотган.
Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасига нисбатан Фуқаролик кодекси 606-моддасининг иккинчи қисмида, 607-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 609, 610-моддаларида, 612-моддасининг биринчи қисмида,
615-моддасининг биринчи қисмида, учинчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошиларида, тўртинчи ва бешинчи қисмларида, 616-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилади. (ФК 6261-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |