70. Қарз ва кредит шартномалари. Ушбу шартномаларнинг шакли. Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ФК 732-модда).
Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади (ФК 744-модда).
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик Фуқаролик кодексининг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди (ФК 745-модда).
71. Суғуртанинг асосий турлари, суғурта шартномасининг шакли ва суғурта сири. Суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади. Шахсий суғурта шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади.
Суғурта шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Бу талабга риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади. Суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёхуд суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи имзолаган, суғурта шартномасининг шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилиши мумкин. Бу ҳолда суғурта қилдирувчининг суғурталовчи таклиф этган шартларда шартнома тузишга рози эканлиги суғурталовчидан кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва суғурта мукофоти тўлаш ёхуд – суғурта мукофоти бўлиб-бўлиб тўланганда – биринчи бадални тўлаш орқали тасдиқланади. Суғурталовчи шартнома тузиш чоғида суғуртанинг алоҳида турлари бўйича суғурта шартномаси (суғурта полиси)нинг ўзи ишлаб чиққан стандарт шаклларини қўлланишга ҳақли (ФК 927-модда).
Суғурталовчи суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс ва наф олувчи, уларнинг соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги, шунингдек бу шахсларнинг мулкий аҳволи тўғрисидаги ўз касб фаолияти натижасида ўзи олган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Суғурта сирини бузганлик учун суғурталовчи бузилган ҳуқуқларнинг тури ва бузиш хусусиятига қараб Фуқаролик кодекснинг 985, 1021 ва 1022-моддалари қоидаларига мувофиқ жавобгар бўлади (ФК 933-модда).