Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва унинг турларини ёритиб беринг.
Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига биноан қабул қилинган умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат – норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзининг қуйидаги хусусиятлари билан ижтимоий нормаларнинг бошқа турларидан ажралиб туради: 1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилиниб, барча учун умумий мажбурий қоидаларни ўрнатади, ўзгартиради ёки бeкор қилади; 2) уларда ҳуқуқий норманинг мазмуни, яъни ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ифода этилади; 3) муайян расмий шаклга эга (қонун, фармон, қарор ва бошқалар); 4) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган қоидалар бажарилмаган ёки бузилган тақдирда муайян ҳуқуқий оқибатлар кeлиб чиқади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турларига қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳим турларидан бири қонун ҳисобланади. Қонун – давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи томонидан ёки бевосита ҳалқнинг хоҳиш-иродасига кўра (масалан, референдум ўтказиш йўли билан) қабул қилинган, қоида тариқасида, энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат. Қонун давлат ҳуқуқ тизимининг негизини ташкил этади, давлатнинг бошқа органлари норматив ҳужжатларига нисбатан олий юридик кучга эга бўлади.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи ва унинг субъектларини кўрсатиб беринг.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 83-моддасида белгиланган ваколатли субъектлар (Ўзбекистон Республикасининг Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори) томонидан муайян қонун лойиҳасини ёки янги қонун қабул қилиш тўғрисида, шунингдек қонунни ўзгартириш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилиши ва парламент томонидан бу масалани белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳақида тегишли қарор қабул қилишдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига кўра қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:
1) қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;
2) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;
3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;
31) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал.
4) моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;
5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.
Қонун лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётганда мазкур органларнинг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги тегишли қарори тақдим этилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |