Мантиқий шарҳлаш – тафаккур жараёни бўлиб, ҳуқуқни талқин этаётган шахс шарҳлашнинг бошқа усулларига мурожаат этмасдан фақат мантиқ усуллари ёрдамида ҳуқуқ нормасини изоҳлаш усулидир. Бунда ҳуқуқий норманинг матнидаги ифодалар, тушунчалар бир-бири билан ички мутаносиблиги ва мантиқий жиҳатдан узвий боғланганлигига эътибор берилиб, ҳуқуқий норманинг мазмуни аниқланади. Мантиқий усул ҳуқуқий ҳолатларни билишда формал ва диалектик мантиқ воситаларидан фойдаланишни тақозо этади. Бунда шарҳлашнинг объекти норматив-ҳуқуқий ҳужжат ички қисмларининг ўзаро алоқадорлиги ҳисобланади. Мантиқий шарҳлашнинг мақсади ҳуқуқ нормаларининг мазмунини мантиқ қонуниятлари ва принципларига таянган ҳолда тушунтиришдан иборат бўлади. Мазкур шарҳлаш усули ёрдамида ҳуқуқ нормасининг мазмуни мантиқий жиҳатдан қайта шакллантирилади, тушунчаси мантиқий таҳлил қилинади. Уларнинг ҳажми, белгилари ва алоқалари аниқланади. Ҳуқуқий қоида ҳаётий ҳолатга яқинлаштирилади, шунингдек, ўхшаш ва қарама-қарши жиҳатлар ўрганиб чиқилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасида «спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик-процессуал қонунда белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин»лиги белгиланган. Мазкур қоида талабига кўра, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб, ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан чекланмаса, у мантиқан муомала лаёқатига эга, деб ҳисобланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни телеологик (мақсадли)
шарҳлаш уларни чиқаришдан кўзланган бевосита, яқин келажакдаги, пироварддаги мақсадларни белгилашга қаратилган бўлади. Телеология, яъни мақсадга мувофиқлик ва ҳаётдаги мақсадлар тўғрисидаги таълимотга мувофиқ, ҳуқуқ ва унинг айрим таркибий қисмлари тизимли ҳодиса сифатида аниқ мақсадга йўналтирилгандир. Телеологик шарҳлаш қонун қандай мақсадни кўзлаганлиги билан боғлиқ ҳолда унинг маъносини аниқлашдир. Норма ва уни амалга оширишнинг объектив оқибатлари билан алоқаси телеологик шарҳлашни мустақил усул сифатида ажратиб кўрсатиш учун асос бўлади. Телеологик шарҳлаш жараёнида турли қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, биринчи навбатда, расман талқин қилинган ҳужжатларга ҳам мурожаат қилиниши мумкин. Ҳуқуқнинг барча субъектлари телеологик шарҳлаш субъектлари бўлиши мумкин. Ҳуқуқ субъектларининг ижтимоий-ҳуқуқий онги ҳуқуқ нормасини унинг мақсади бўйича шарҳлашнинг
муҳим омили ҳисобланади. Телеологик шарҳлашнинг ўзига хос хусусияти шундаки, барча билимлар ва улардан фойдаланиш усуллари норманинг бевосита мазмунидан (мақсадидан) четга чиқиш билан боғлиқ бўлади. Мазкур усулда билиш воситаси сифатида мантиқ қонунларидан, тизимли объектлар тўғрисидаги фан қонунларидан, махсус юридик билимдан, тарих ва шу кабилардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |