Тарихий-сиёсий шарҳлаш усулида қонун чиқарувчи идора белгилаган ҳар бир норманинг мақсади ва маъносини аниқроқ тушуниб олиш учун, шарҳланаётган норма қабул қилинаётган пайтда юзага келган ижтимоий-сиёсий шароит инобатга олинади. Тарихий-сиёсий усулда шарҳлашда татбиқ этилаётган ҳуқуқий норманинг мазмуни қандай тарихий шароитда, давлатнинг қайси органи томонидан, қандай мақсадда қабул қилинганлиги аниқланади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган таҳририда 89-модданинг мазмуни қуйидагича эди: «Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро ҳокимият бошлиғидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади». Ушбу қоида Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, ўтиш даврида мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий барқарорликни, фуқаролар тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам замин бўлди. Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши, ҳокимиятлар тақсимланиши принципини янада чуқурлаштириш, олий ҳокимият органлари тизимида рўй берган муҳим ўзгаришлар туфайли мазкур қоида тадрижий равишда ўзгариб борди. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нинг моддаларига тузатишлар киритиш тўғрисида (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига)» конституциявий қонуни билан Конституциянинг 89-моддасига қуйидагича тузатишлар киритилди: «Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир (таъкид муаллифники) ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди». Шарҳланаётган норманинг тарихий келиб чиқиш шартлари, яъни ҳуқуқий норма маъносининг қабул қилиниши тарихига мурожаат қилиш орқали уни ҳуқуқий тартибга солиш тизимига киритишдан кўзланган мақсад аниқланади. Шарҳлашнинг тарихий-сиёсий усулида норматив ҳужжатнинг матни билан бирга тарихий ҳужжатлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасининг муҳокама қилиниши ва қабул қилиниши билан боғлиқ материаллар, бундай ҳужжатлар чиқарилиши вақтидаги урф-одатлар, юридик амалиётнинг илмий шарҳлари ва бошқа шу каби қўшимча манбалардан фойдаланилади. Шарҳловчи субъект ҳаёлан ҳуқуқий норманинг ҳаётга кириб келишига сабаб бўлган тарихий шароитларга қайтиб, ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муҳитни ўрганиб чиқади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари учун тарихий-сиёсий шарҳлаш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, шу фаолият давлат манфаатлари билан, уларни ҳимоя қилиш билан узвий боғлиқ. Шунинг учун қонун чиқарувчи идоранинг сиёсий мақсадини тушуниш, унинг тарихини билиш ишнинг сифатли ва муайян мақсадга қаратилган бўлишига ёрдам беради. Шарҳлашнинг тарихий-сиёсий усули, масалан, маъмурий, фуқаролик ёки интизомий ҳуқуқбузарлик чегарасида бўлган жиноий ишларни текширишда катта аҳамият касб этади. Терговчи ҳуқуқбузарликнинг таркибини таҳлил қилиб ва ҳуқуқий сиёсатнинг замонавий талабларини ҳисобга олиб, иш бўйича қонунлар доирасида мақсадга мувофиқ қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан у ҳуқуқий норманинг мақсадга эришишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |