Давлат мукофотига номзод
Фарғона вилояти “Рухсор” телерадиоканали
ижрочи директори - бош муҳаррири
Халимбеков Иброхим Турсуновичга
ТАВСИФНОМА
Мукофотланмаган.
Меҳнат стажи 27 йил, мазкур вазифада 2019 йилдан буён ишламоқда.
Халимбеков Иброхим Турсунович оммавий ахборот воситаларидаги 27 йиллик меҳнат фаолияти давомида Фарғона вилояти телерадиожурналистикаси ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор, ташаббускор раҳбар сифатида ҳурматга сазовор бўлган.
Халимбеков Иброхим Турсунович вилоят ОАВ тарихида энг ёш бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатган иқтидорли кадр ҳисобланади. Фарғона вилоят телерадиокомпаниясида 27 ёшида бош муҳаррирликни қабул қилган И.Халимбеков 5 йил давомида бу вазифани муваффақиятли адо этган. Унинг ташаббуси билан шу даврда “Салом ёшлар!”, “Солнома”, “Криминал”, “Фақат сиз учун”, “Муносабат”, “Фарғона ва фарғоналиклар” каби йирик телелойиҳалар амалга оширилган.
Унинг продюсерлик салоҳияти натижасида ҳозирда республика миқёсида танилган телеижодкорлар Нозимжон Мўминов, Зилола Расулова, Аҳрор Зиёдов, Бекзод Жўрабоев, Гулбаҳор Мўминова, Шаҳноза Саиджонова каби ўнлаб истеъдодли ёшлар Фарғона вилоят телерадиокоманиясига ишга жалб этилган ва уларга кенг ижод майдони яратилган. И.Халимбеков бу каби ёш иқтидорларни рўёбга чиқарган устоз ҳамдир.
Ўзбекистонда илк бор фермер хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилганда мазкур жараённи халққа тўғри етказишда беқиёс аҳамият касб этган “Прокурор рост гапиради” рукни остида вилоят прокурори ҳамда шаҳар ва туманлар прокурорларининг бевосита иштирокидаги очиқ мулоқотларни И.Халимбеков муаллиф ва бошловчи сифатида ташкил этган ва тайёрлаб, эфирга узатган.
И.Халимбековнинг Андижон вилоят телерадиокомпанияси раҳбарлигида ўз биносига эга бўлмаган вилоят телерадиокомпанияси қисқа муддатда 3 қаватли замонавий янги бино ва павильонга эга бўлди.
3,5 миллиард сўмлик техник воситалар олиб келиб ўрнатилди. Шу даврда Андижон вилоят телевидениесида “7 кун”, “Бола бошидан”, “5-фасл”, “Бахт қўрғони”, “Халқ кўзи”, “Андижон томонларда” каби янги муаллифлик дастурлари эфир юзини кўрди ва андижонликлар эътирофига сазовор бўлди.
“Ўзбектелефильм” директори сифатида фаолият кўрсатган йилларда бевосита унинг ташаббуси билан миллий сериаллар яратишнинг янги даври бошлаб берилди. “Опа-сингиллар”, “Меҳмонхона”, “Бедор туйғулар”, “Аммажоним аммажон”, “Олтин даврим” каби сериаллар айнан унинг бадиий раҳбарлигида яратилди ва томошабинларнинг севимли фильмларига айланди.
Халимбеков Иброхим Турсунович қаерда меҳнат қилмасин, биринчи навбатда унинг моҳир ташкилотчи ва етакчи эканлигини эътироф этиш зарур. Ҳар қандай жамоа билан тез тил топиша оладиган профессионал продюсер сифатида албатта янги лойиҳаларни телетомошабин ҳамда радиомухлисларга тақдим этган, жамоаларнинг ижодий ўсишига зарур шароитларни яратган.
Ҳамкасблари орасида иқтидорли журналист ва ўз ишига талабчан, етук муҳаррир сифатида танилган. Унинг муаллифлигида яратилган ҳужжатли фильмлар кўплаб маҳаллий ва хорижий танловларда ғолиб бўлган.
Жумладан, гиёҳвандлик фожеалари акс этган “Ажал домида” фильми, халқаро терроризмнинг инсоният бошига ёғдирган кулфатлари ҳақидаги “Ҳайқириқ” фильми, 2010 йилда рўй берган Қирғизистон воқеалари ҳақидаги “Тажовуз” фильми, яқинлари хатоси билан ОИТС дардининг қурбони бўлаётган бегуноҳ инсонлар тақдири ҳақидаги “Яшаш бахти” фильми ЮНЕСКО ва бошқа халқаро институтлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг махсус мукофотларига сазовор бўлган.
И.Халимбеков шунингдек, журналистика соҳасида ўтказилган турли танловлар, хусусан, “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг фаол журналисти” танловларининг вилоят ва республика босқичлари ғолибидир.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 ва 30 йилликлари ҳамда Қуролли кучларимиз ташкил топганлигининг 30 йиллиги кўкрак нишонлари соҳиби.
2021 йилда Фарғона вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғига сазовор бўлган.
Халимбеков Иброхим Турсунович “Рухсор” телерадиоканалида ҳам янги лойиҳаларга муаллифлик қилмоқда. Бугун томошабинларнинг самимий эътирофига сазовор бўлаётган “Очиқ-ойдин” ток-шоуси, “Ёнимиздаги одамлар”, “Яшаш бахти”, “Олтин Ўзбекистон”, “Навозанда”, “Биллур наво” каби кўрсатувлар шулар жумласидан.
2021 йилда унинг ташаббуси билан Фарғонада илк бор ёш бошловчи ва журналистлар инновацион ўқув маркази ташкил этилди.
Халимбеков Иброхим Турсунович ўз меҳнати, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан жамоа ҳамда вилоят фаоллари орасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган.
“Рухсор” телерадиоканали
бош директори Н.М.Асқаров
Do'stlaringiz bilan baham: |