Қовун пашшаси
Муioраrdаlis раrdaliпа Вig.
Зарари. Пашша личинкалари қовун этини еб, тамомила яроқсиз қилиб қўяди. Одатда пашша теккан қовунлар ирийди. Тарвуз ҳам пашша личинкаларидан қисман зарарланади.
Тарқалиши. Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Кичик Осиё, Фаластин, Озарбайжон, Арманистонда, Шимолий Кавказнинг шарқий қисмида учрайди.
Таърифи. Вояга етган пашша хира, сариқ ёки оч зарғалдоқ тусли, кўкраги эса тилла ранг тук билан қопланган, кўкраги бўйлаб иккита равшан йўл ўтади, улар учта зарғалдоқ чизиқ билан чегараланган, қалқони оқ.
Танасининг пастки томони ва оёқлари устки томонидан равшанроқ, қанотларида учтадан сариқ кўндаланг йўли бор. Орқа оёқ сонлари бирмунча йўғон. Эркагининг катталиги 5,5-6 мм, урғочисиники б-7 мм. Урғочисининг қорни учида хитинлашган тухум қўйгичлари бор. Тухуми дуг шаклида, ранги оқ, узунлиги 1 мм.
Личинкаси оқ, танаси олдинги учидан орқа учига қараб секин-аста йўғонлашиб боради, қорнининг орқа учи тикка кесилиб тушган, сўнгги сегментининг учида иккита дўмбоқча бор, анал тешиги узунасига кетган, танасининг узунлиги 1 см гача боради.
Сохта пилласи чўзинчоқ овал шаклда, сариқ-қўнғир, узунлиги 7-8 см.
Ҳаёт кечириши. Қовун пашшаси янги минтақаларга асосан личинкалик стадиясида (шу личинкадан зарарланган қовун ва тарвуз билан) ўтади. Қовун пашшаси полиз тупроғининг юза қатламида ғумбаклик стадиясида қишлайди. Тупроқ ҳарорати 20°С дан паст бўлмаганда ғумбакдан пашша пайдо бўлиб, юзага чиқади. Эркак ва урғочи пашшалар қовун ва тарвуз шираси билан озиқланади. Урғочи пашша қовун билан тарвузни тухум қўйгичи билан тешади. Пашша ғумбакдан чиққач 6-7 кундан кейин тухум қўя бошлайди; тухум қўйиш бир ойгача чўзилади. Урғочи пашша тухумларини қовун-тарвуз пўстининг остига (айниқса қовунга) қўяди: пашша қовун-тарвузни тухум қўйгичи билан тешиб, унга битта тухум қўйиб кетади. Бир қовун ёки тарвузга бир неча тухум қўйиши мумкин. Урғочи пашша умрида 100-200 та тухум қўяди.
2-7 кундан кейин тухумдан чиққан личинкалар қовун-тарвуз эти билан озиқланади. Личинкалар ёзда 8-13 кунда ривожланади, кузда эса ривожланиш 18 кунга чўзилади. Озиқланиб бўлган личинкалар қовун-тарвуздан чиқиб, яқин орадаги тупроқда ғумбакка айланади. Сохта пиллалардан бир қисми (тахминан 27 %) келгуси йил кўкламгача диапаузага киради, қолганларидан эса 13-20 кундан кейин янги насл пашшалари чиқади, улар тез орада тухум қўя бошлайди.
Қовун пашшаси йилига 2-3 насл беради, шу билан бирга иккинчи насл ғумбаклари диапаузага биринчи насл ғумбакларидан кўра кўпроқ киради.
Кураш чоралари. Қовун пашшаси тушган жойлардан бу ҳашарот йўқ жойларга қовун-тарвуз келтиришни таъқиқлаш карантин чораси ҳисобланади.
Қовун пашшасига қарши кураш учун кимёвий усуллар ҳали ишлаб чиқилгани йўқ.
Қовун пашшаси сохта пилла стадиясида бўлган даврда тупроққа, масалан, дихлорэтан ёки сероуглерод солиб фумигация қилишни перспектив чора деб ҳисоблашга асос бор, аммо тупроқни бундай фумигация қилиш ҳали амалиётда синаб кўрилгани йўқ. Агротехника чораларидан-қовун ва тарвуз экиладиган далаларни кузда шудгорлаб қўйиб, қовунни мумкин қадар эртароқ экиб олиш усули қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |