ДАЛА ЭКИНЛАРИНИНГ АСОСИЙ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ
§ 1. ЧИГИРТКАЛАР
Марказий Осиёдhа Acrididae оиласига, Orthoptera туркумига кирувчи марокаш чигирткаси (Dociostaurus maroccanus Thnb), отбосар чигирткаси (D.craussi Lng.), шоли чигирткаси (Oxya fuscvoittata Marsh), қир чигирткаси (Cflliptamus turanicus Tarb), воҳа чигирткаси (C. italicusL.), туркман чигирткаси (Ramburiella turcomana F.W) ва тўқай чигирткаси (Locusta migratoria L) экинларга катта зарар етказади. Булардан ташқари, баъзи йиллари айрим минтақаларда конофималар (жумладан, Conophyma jacobsoni Uv. Df C. sokolowi Zub), катта саксовул чигирткаси (Dericorys Albidula Serv.) ва қора тарғил чигиртка (Ocdaleus decorus Germ.) экинларга жиддий зарар етказади.
1929 йили Марказий Осиё республикаларига Эрондан учиб келган шистоцерка чигирткалари (Schistocerca gregaria Forsk) турли экинларга катта зарар етказди. Марказий Осиёда қишламайдиган бу зараркунанданинг бизга учиб келиши жуда кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, кейинги юз йил мобайнида фақат 1901, 1902 ва 1929 йиллардагина рўй берди.
Зараркунанда чигирткалар галалашиб ва якка-якка бўлиб яшайдиган гуруҳларга бўлинади.
Галалашиб яшайдиган чигирткалар ғуж бўлиб туради. Бундай чигирткаларнинг ғужланган личинкалари гала деб, айрим личинкалари эса чигирткалар деб аталади. Вояга етган чигирткалар гала-гала бўлиб учади. Чигиртка галалари қуёшли илиқ кунларда доимо ҳаракатланиб туради, аммо совуқ ва булутли кунларда бир жойда тура беради. Личинкалар кечаси ўсимликларда тунайди ва эрталаб, ер бети бирмунча қизигандан кейин, ҳаракатлана бошлайди. Чигиртка тўдалари кун иссиқ вақтларда ҳам ҳаракат қилмайди, бу пайтда чигирткалар ўсимликларнинг соясига яширинади ва ҳарорат пасайиши билан ҳаракатга киради. Шу тариқа, чигиртка тўдалари баъзан ҳар суткада икки марта-кечаси ва кундузи дам олади.
Личинка ёки ёш чигирткалар қанот чиқаргандан кейин, гала бўлиб аввало яқин масофаларга, кейинчалик эса узоқ жойларга учади. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг улар вояга етиб жуфтлашади ва тухум қўяди.
Якка-якка яшайдиган чигирткалар гала бўлиб тўпланмай, бир жойда ҳаёт кечириб, қулай шароит туғилиши билан жуда кўплаб урчийди. Бу чигирткаларнинг личинкалари ҳам, вояга етганлари ҳам муайян тартибда кўчиб юрмайди.
Галалашиб, шунингдек якка-якка яшайдиган чигирткалар бир неча донадан то юзгача ва баъзан ундан ҳам кўпроқ тухум қўяди. Улар тухум қўйишдан олдин тухум қўйгичлари ва қоринчасининг учи билан ерни кавлаб чуқурча ясайди, тухумларни ўша чуқурчаларга қўяди. Чигирткаларнинг кўпчилиги чуқурчага қўйган тухумларининг устини жинсий системасидаги қўшимча безлардан ажратиладиган ва ҳавода тез қуриб қоладиган кўпиксимон модда билан суваб қўяди. Бу тухумлар атрофига тупроқ ёпишиб, кўзача (кубишка) ҳосил қилади. Тухумларнинг устида кўпиксимон модда (пробочка) бўлмаганида ҳам тупроқ тухумнинг ташқи деворига ёпишиб, кўзачалар ҳосил бўлади. Ҳар қайси турга қарашли чигирткаларнинг кўзачалари ўзига хос шаклда ва ҳар хил катталикда бўлади. Чигирткаларнинг ҳар қайси тури тухумларини ўзига хос келадиган жойларга қўяди.
Марказий Осиёнинг деярли ҳамма зараркунанда чигирткалари тухумлик стадиясида қишлайди, иккинчи йилнинг кўкламида тухумлардан личинкалар чиқади. Ҳар қайси турдаги чигиртка личинкаларининг тухумдан чиқиши учун маълум даражада ҳарорат ва намлик бўлиши керак. Барча зараркунанда чигирткалар ҳаммахўр бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |