Таърифи. Вояга етган қўнғиз овал шаклда, усти жуда ҳам қабариқ, ости ясси; қўнғиз мўйловлари 11 бўғимли бўлиб, асосидан учига томон секин-аста йўғонлашиб боради; сўнгги бўғими конус шаклида бўлади. Танасининг асосий ранги сариқ ёки сариқ-қўнғир; ҳар бир қанотусти бўйлаб бештадан қора йўл ўтади, улар ҳар томондан икки қатор нуқта шаклидаги чуқурчалар билан ўралган. Пастки қанотлари оч пушти-қизил, бошининг устида учбурчак қора доғчаси бор, орқасининг олдинги қисмида 11 та қора доғчаси бўлади, улардан энг йириги рим рақамларидан V шаклида бўлиб, ўртада жойлашади (баъзан бу доғ иккита доғчага бўлинади). Мўйловларнинг асосий қисми қўнғир, охирги қисми қора; оёқлари қизғиш-қўнғир. Эркаги бир оз кичиклиги ва қорнининг сўнгги сегментида чуқурчаси борлиги билан урғочисидан фарқ қилади. Одатда кўнғизнинг катталиги 9-11 мм келади, лекин катталиги 7-9 ва 12-16 мм бўлган айрим қўнғизлар ҳам учрайди.
Тухуми чўзинчоқ овал шаклда, ранги сариқдан тортиб равшан зарғалдоқ тусда, узунлиги 0,8-1,5 мм. Тухумларини бир-бирига яқин қилиб қўяди, уларни барг орқасига типпа-тик қилиб ёки сал қийшайтириб қўяди.
Личинкаларининг катталиги одатда 0,9 см гача боради,. баъзан 1 см дан ошади, биринчи ёшида 2 мм дан ошмайди; личинканинг усти, айниқса орқа қисми жуда қавариқ, ости ясси; личинка биринчи ва иккинчи ёшда қизил тусда, учинчи ва тўртинчи ёшда эса зарғалдоқ-сариқ, боши, қалқони биринчи кўкрак сегментининг устида, оёқлари қора, танасининг икки ёнида икки қатордан қора доғлари бор; улар сўгалсимон дўмбоқчаларнинг устида жойлашган.
Ғумбаги овал шаклда, зарғалдоқ ёки пушти ранглидир; қўнғиз чиқишидан олдин ғумбакнинг орқа томонида қора доғ ва йўллар пайдо бўлади, ғумбакнинг катталиги тахминан 0,9 мм.
Ҳаёт кечириши. Қўнғизлар картошка билан жуда узоқ масофага бориб қолиши мумкин; ҳатто илиқ фаслда ҳам бу ҳашарот камида бир ой овқатсиз яшай олади. Қўнғиз тушган жойларнинг ён-веридаги минтақаларда бу ҳашарот учиб ўтиш йўли билан ҳам тарқалади, шамол билан узоқ жойларга бориб қолади, масалан, Францияда қўнғизларнинг шамолда 170 км масофага борганлиги, довулда эса ҳатто 350 км нарига ўтганлиги қайд қилинган. Америка Қўшма Штатлари ва Европада ҳам колорадо қўнғизининг сув оқими билан узоқ жойларга ўтганлиги маълум. Бу ҳашарот чучук сувда ҳам, денгиз сувида ҳам узоқ яшай олади.
Колорадо қўнғизи картошка экиладиган жойларнинг тупроғида 18 см дан 70 см чуқурликда имаго ҳолида қишлайди. Қўнғиз тарқалган жойларнинг тупроғи 14-150С қизигандан кейин икки ҳафта мобайнида қўнғизлар қишки уйқудан уйғониб, ер юзасига чиқа бошлайди. Қишлаб чиққан қўнғизлар овқат излаб ҳар томонга учади, картошка униб чиқмаган бўлса, помидор, бақлажон, қалампир, тамаки барглари билан озиқлана олади, ёввойи ва бегона ўсимликлардан итузум, бангидевона, мингдевона ва бошқа баъзи ўсимликлар билан ҳам озиқланиши мумкин. Қўнғизлар шудринг ва сувни хуш кўради.
Қўнғизлар кўкламда уйғонгандан кейин тез орада тухум қўя бошлайди. Урғочи қўнғиз одатда 400-800 та, кўпи билан 2400 тача тухум қўяди. Қўнғиз тухумларини ўзи озиқланадиган ўсимлик баргининг пастки томонига, айниқса картошка баргига 20-30 тадан қилиб қўяди.
Колорадо қўнғизининг эмбрионал ривожланиш даври асосан ҳарорат шароитига боғлиқ бўлиб, 5 кундан 20 кунгача давом этади.
Тухумидан чиққан личинкалар аввало ўзининг тухум пардасини ейди, сўнгра ўзи турган жой яқиндаги баргларни еб, қуриқ томирини қолдиради, кейинчалик ўсимликнинг учига қараб сурилаверади. Личинкалар ўсган сайин тобора хўралашади ва кўпайнб кетган тақдирда бутун-бутун ўсимликдаги баргларни еб қўяди. Ҳарорат 38°С ва ҳаво қуруқ бўлганда личинкалар ўсимликнинг соя жойларига ўтиб улгурмасдан нобуд бўлади.
Личинкалари 15-25 кунда ривожланиб бўлади, шу даврда 3 марта туллайди. Озиқланишни тамомлаган личинкалар ўсимликлардан ерга тушиб, тупроқ орасига киради-да, 1,5 см дан 18 см гача чуқурликда уя ясаб, шунинг ичида ғумбакка айланади, тупроқ жуда нам бўлса, ернинг юза қисмида ғумбакка айланади. 6-15 кундан кейин ғумбаклардан янги насл қўнғизлари чиқади; улар тез орада жуфтлашиб, тухум қўя бошлайди. Вояга етган қўнғизлар қурғоқчилик ва иссиққа бемалол чидаш беради. Колорадо қўнғизи 22-24°С ҳароратда 25-30 кунда, 20-22°С ҳароратда 30-40 кунда, 18-20°С ҳароратда 40-50 кунда ва 16-18°С ҳароратда 50-60 кунда бир насл беради.
Ҳозирги вақтда колорадо қўнғизи тарқалган жойларнинг ҳар хил иқлим шароитида бу ҳашарот бир мавсумда биттадан тўрттагача насл беради, бу ҳашарот Ўзбекистон эса 3 насл беради. Кузда совуқ тушиши билан қўнғизлар тупроққа кириб олиб, карахт бўлиб ётади. Аммо ҳаво исиши билан қўнғизлар яна бир неча вақт ер юзига чиқиши мумкин. Айрим қўнғизлар қишлаш учун 18-20 ойлик диапаузага киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |