Ёввойи нўхат (вика) қўнғизи
Bruchas dentipes Bandi
Зарари. Бу қўнғиз ёввойи нўхат донларини кемиради ҳамда бурчоқ уруғларини шикастлайди. Марказий Осиёда ёввойи нўхат ўсимликларига анчагина зарар етказади. Масалан, Родд, Гуссаковский ва Антова маълумотларига қараганда, Лангарда бу қўнгиз ёввойи нўхат донларининг 10—15 фоизини зарарлаган.
Тарқалиши. Ёввойи нўхат қўнғизи Марказий Осиёда, Эрон, Афғонистон, Кавказ орти ва Шимолий Америкада учрайди.
Таърифи. Қўнғизнинг узунлиги 4—4,5 мм келади, шакли нўхат қўнғизиникига ўхшайди. Қанотустликларида кул ва занг рангли доғлар бор, орқасининг олд қисмининг четлари буйидаги иккита нуқтадан бошқа жойлари занг рангли ғубор билан қопланган.
Личинка ва ғумбаги нўхат қўнғизининг личинка ва ғумбагига жуда ўхшайди, лекин улар нўхат қўнғизи тушган жойларда бўлмаслиги билан фарқланади.
Ҳаёт кечириши—асосан нўхат қўнғизиникига ўхшайди, лекин улар озиқланадиган ўсимликларнинг тур-хилларига қараб бир-биридан фарқланади. Ёввойи нўхат қўнғизи, ёввойи нўхат ва бурчоқдан ташқари, Vicia L. оиласига қарашли ёввойи ўсимликларнинг баъзи турлари билан ҳам озиқланади.
Кураш чоралари. Бу зараркунанда ҳам нўхат қўнғизи учун белгиланган тадбирлар билан қирилади. Ёввойи нўхат қўнғизи тушган донлар ҳам водород сульфид билан дезинсекция қилинади. Маданий-хўжалик тадбирларини пухта бажариш, бегона ўтларни йўқотиш керак. Аммо зарарланган донларни соғларидан ажратиб олиш учун, уруғнинг солиштирма оғирлигига қараб бошқача концентрацияли эритмалар ишлатилади.
Думли кўк капалак
Lampides baeticus L.
Зарари. Бу зараркунанданинг қуртлари ловия ва мошни, баъзан эса нўхат ва ёввойи нўхатларни шикастлайди. Улар ўзлари кемириб тешган тешикдан гул ичига кириб оталик ва оналикларни, шунингдек ғунчаларни кемиради, дуккаклар ичига ўтиб донларни нобуд қилади.
Тарқалиши. Марказий Осиё, Кавказ орти ва Қримда, Россиянинг Европа қисмидаги жанубий минтақаларда, Ўрта денгизнинг шарқий қисмида ҳамда Японияда учрайди.
Таърифи. Капалагининг қанотлари ёзилганида икки учи ораси 3 см ча келади; ранги кўкимтир қўнғир. Кейинги қанотларининг охирги чети ёнида рамка билан ўралган қорамтир доғлар бор; бундай доғлар эркак капалакнинг ҳар бир қанотида бештадан, урғочи капалакникида — иккитадан бўлади.
Тухуми 0,5 мм га яқин узунликда, ялпоқ шаклда, усти тиканчалар билан копланган. Қурти 1,5 см гача узунликда, танаси тиканчалар билан қопланган, устки томони қавариб, пастки томони эса анча яссиланиб туради. Танаси яшил тусда, орқаси бўйлаб қорамтир рангли камбар чизиқ ўтади; калласи сариқ.
Ғумбаги кул ранг чизиқлар билан қопланган, сариқ тусда, орқаси бўйлаб кул ранг чизиқ ва икки қатор нуқта ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |