Беда уруғхўри
Bruchophagus roddi Guss.
Зарари. Бу ҳашарот беданинг уруғларида ривожланиб, уруғлик бедаларнигина зарарлайди. Марказий Осиёдаги айрим далаларда бу зараркунанда баъзан уруғ ҳосилининг ярмидан зиёдроқ қисмини нобуд қилади. Одатда эса уруғ ҳосили 2,6—29,4 % нобуд бўлади.
Тарқалиши. Беда уруғхўри Марказий Осиёдан ташқари, Россиянинг жанубий ва ўрта минтақаларида, Сибирда, Германия, Туркия, Чили, АҚШ, Янги Зеландия ва Жанубий Африкада учрайди.
Таърифи. Урғочи уруғхўрнинг узунлиги 1,3—2,1 мм келади. Танасининг ранги қора. Олдинги болдирлари, ўртанча ва кейинги болдирларининг учлари ҳамда панжалари қўнғир-сарғиш рангли; олдинги болдирлари бўйлаб қорамтир чизиқча ҳам ўтади. Юзи ажинли, кўкрак олди ва ўртаси ҳамда қалқончаси чуқурчалар билан қопланган. Орқаси букир, кўкрагининг охирги томонида думалоқ ўйиқча бор. Қорни калта, тухумсимон силлиқ ва ялтироқ. Қорнининг учинчи ва тўртинчи сегментлари узунлиги деярли баравар узунликда. Мўйловлари саккиз бўғимли ва нисбатан калта, биринчи бўғимдан бешинчи бўғимгача салгина кенг ҳамда қисқа бўлади. Мўйловларининг булавкаси учта бўғимдан иборат. Қанотлари ойнасимон тиниқ, кўпдан-кўп тукчалар билан қопланган, оддий томирли. Қанотидаги субкостал томирининг костал томирга яқин қисми узилиб туради; костал томир узунлиги радиал томириники билан деярли баравар. Стигмаси катта ўсиқли нотўғри трапеция шаклида бўлиб, унинг ташқи чети ёнида икки жуфт илмоқ бор.
Эркак уруғхўрнинг узунлиги 1,2—2 мм келади, ранги ва тузилиши урғочисиникига ўхшайди. Қорни урғочисиникига нисбатан бирмунча думалоқ, узунроқ, лекин кейинги чаноқларидан узун эмас. Мўйловлари урғочиларникига нисбатан узунроқ. Мўйловларининг асосий бўғими салгина кенгроқ. Хивчинининг тўртта бўғимчаси устма-уст жойлашган узун тукчалар билан қопланган. Мўйловларининг булавкалари икки бўғимдан иборат.
Тухуми силлиқ, тиниқ рангли, 22 мм узунликда, эллипс кўринишда, думчали; думчаси тухумнинг ўзига нисбатан 2—3 баравар узунроқ.
Эндигина озиқлана бошлаган личинкасининг ранги кўкиш бўлиб, ривожланиш даврининг охирига яқинлашганида оқаради. Личинканинг устки жағлари жигар рангда, узун учи букилиб туради ва уларнинг тубига яқин қисмида учбурчаксимон тишлари бор. Ривожланиб бўлган личинканинг узунлиги 1,5—2 мм га етади. Ғумбаги 1,9 мм узунликда, дастлаб оқ бўлади, кейинчалик қораяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |