Зайтун сохта қалқондори
Saissetia oleae Bern
Зарари. Сохта қалқондор жуда кўп мева, манзарали дарахт ҳамда буталарга, шунингдек токка зарар етказади. Калифорнияда бу ҳашарот айниқса апельсин зараркунандаси сифатида маълум бўлган. Шу билан бирга сохта қалқондор бу ерда ёнғоқ, чой, тут дарахтларига ҳам зарар етказади. Кавказнинг Қора денгиз соҳилида сохта қалқондор олеандрларга айниқса катта зарар етказади. Зайтун дарахтларига етказадиган зарари ҳаммага маълум. Асосий зарари шундан иборатки, қалқондор бир талай ёпишқоқ тезак чиқаради, бу тезак барг, мева ва новдаларга тегади, унда қурумсимон замбуруғлар кўпайиб, парда ҳосил қилади, шу парда ўсимликлардаги ассимиляция жараёнларини сусайтиради, мева сифатини пасайтириб юборади.
Қалқондорлар ўсимликларни сўриш, уларни кучсизлантириш билан, ривожланишини секинлатиш билан бевосита зарар етказади. Баъзан дарахтларнинг шохлари ва новдаларини қуритиб қўяди.
Тарқалиши. Эрон, Туркия, Сурия, Фаластин, Ҳиндистон, Цейлон, Индонезия, Филиппин ороллари, Япония, Шимолий ва Жанубий Африка, Маврикия ороли, Канар ороллари, Калифорния, АҚШнинг жанубий штатлари, Пуэрто-Рико, Жанубий Америка, Гавайя ороллари, Тасмания, Таити, Янги Зеландияда учрайди.
Европада сохта қалқондор Англия, Франция, Испания, Италия, Греция, Болқонда, Ўрта денгиз оролларида тарқалган.
МДҲда зайтун сохта қалқондори Кавказ, Краснодар ўлкаси ва Қримнинг Қора денгиз соҳилида учрайди.
Таърифи. Вояга етган урғочиси ярим шар ёки калта овал шаклида, жуда ҳам қавариқ, тўқ жигар ранг тусли, баъзан қопқора бўлиб, оч рангли қирраси бор (битта қирраси орқа бўйлаб ўтади, иккита қирраси биринчи қиррасини кўндалангига кесиб ўтади). Сохта қалқондорнинг орқа юзаси буришган. Катталиги 3-4 мм келади.
Эркаги чўзиқ шаклда, бир жуфт қанотли, узунлиги 1-1,5 мм келади. Тухуми чўзиқ, микроскопдагина кўриш мумкин бўлган даражада майда, аввал пушти рангли бўлади, личинкалар чиқишдан олдин эса жигар ранг тусга киради.
Личинкаси овал шаклда, ясси, оч жигар ранг ёки қизғиш-жигар ранг бўлади.
Ҳаёт кечириши. Зайтун сохта қалқондори янги минтақаларга кўчат билан тарқалади, яқин жойларга эса бошқа қалқондорлар ва сохта қалқондорлар ёш личинкалик стадиясида тарқалганидек пассив йўллар билан тарқалади.
Тропик минтақаларда зайтун сохта қалқондори қишки уйқуга кирмайди, субтропик минтақаларда эса дарахтларнинг тана ва шохларида сўнгги ёшдаги личинка стадиясида ва жинсий жиҳатдан етилмаган урғочи стадиясида қишлайди. Бу ҳашарот Кавказнинг Қора денгиз соҳилида май охирида тухум қўя бошлайди. Урғочиси ўз умрида ўрта ҳисоб билан 2000 тача, кўпи билан 4000 тача тухум қўяди.
Июнда-июл бошларида тухумдан личинкалар чиқади, бу ёш личинкалар серҳаракат бўлиб, ўсимликларда ўрмалаб юради.
Ҳap нарсани еяверса ҳам, зайтун ва айниқса олеандр дарахтларини жуда хуш кўради.
Кавказнинг Қора денгиз соҳилида йилига 1, Калифорния жанубида эса йилига 2 насл беради.
Кураш чоралари. Бошқа кокцидаларга қарши қандай карантин чоралари кўрилса, зайтун сохта қалқондорига қарши ҳам ўшандай карантин чоралари кўрилади.
Сохта қалқондор топилган жойларда дарахтларни палаткада цианид кислота билан фумигация қилиш (комсток қуртига қарши кураш чораларига қаралсин) ва қиш фаслида (ёки эрта кўкламда-куртаклар бўртгунча) минерал мой эмульсияларини пуркаш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |