Кураш чоралари. Ариларга қарши асосий кураш чораси- ари инларини личинкалари, ғумбаклари ва энг муҳими урғочилари билан бирга йўқотишдир.
Қовоғари ва майда ари инлари сероуглерод, хлорпикрин ёки формалин билан дориланади, бу дорилар қўйилгандан кейин иннинг оғзига лой чапиб қўйилади. Туркман арисининг очиқ инларига эса қайноқ сув қуйилади ёки ўт ёқилади. Инларни дорилаш, қайноқ сув билан куйдириш ва ёқиб юбориш ишлари эрталаб соат 5-6 ларда, яъни ҳамма арилар инда турган вақтида бажарилади. Қовоғарига қарши курашишда гўштдан заҳарли емлар тайёрланиб, асалари хоналарга, токзорларга, мева қуритиладиган жойлар яқинига ёки ари инлари яқинига қўйилади. Бир парча гўшт маргимуш тузлари билан чангланади, гўштдан тайёрланган заҳарли емнинг устки қаватини арилар еб кетган сайин у янгидан чанглаб турилади.
Ток барг ўровчиси
Сlusiа аtbigiеllа Нb.
Зарари. Марказий Осиёда, ток ёғочга олинмаса, унга зарар етказадиган барг ўровчининг қуртлари куртак шўра (гул), мева (ғўра)лар билан озиқланади, шунингдек шўра бандини қирқиб кетади, баъзан ёш новдаларнинг ичига ўйиб киради. Натижада узум доналари қуришиб қолади.
Қурт ўзи зарар етказган шўраларни ўргимчак ипи билан ўрайди, уларга кўпинча тупроқ доналарини ҳам ёпиштиради. Мирзачўлда каттагина майдондаги қора кишмиш ҳосилининг 40-50 % ини барг ўровчи нобуд қилган (Кожанчиков). Марказий Осиёда ток барг ўровчиси деярли нуқул қора кишмишни зарарлайди.
Тарқалиши. Ток барг ўровчиси Ўзбекистоннинг шимолий туманларида (Самарқандгача, шу жумладан, Самарқанд шаҳрининг ўзида ҳам), Жанубий Қозоғистон, Қрим, Кавказ, Узоқ Шарқ, Ғарбий Европа, Ҳиндистон ва Кичик Осиёда учрайди.
Таърифи. Капалаги қанотларини ёзиб турганда 12-15 мм келади. Олдинги қанотлари оч сариқ ёки оч кул ранг, ялтироқ бўлиб, қанотининг ўртасида кенг кўндаланг қорамтир боғи ва кумуш ранг жилоси бор. Орқа қанотлари кулсимон-қўнғир рангда, эркагининг шундай қанотлари эса оч кул рангда бўлади. Тухуми оқ, яссиланган бўлиб, катталиги 0,65-0,9 мм келади.
Катта ёшдаги қуртининг узунлиги 14 мм гача боради, ранги қизил ёки яшилроқ пушти, боши қора бўлади. Гавдасида майда қорамтир сўгалчалар бор. Яқинда тухумдан чиққан қурт оч кул рангда бўлиб, ўртасида қизғиш ҳошияси бор, бу ҳошия гавда бўйлаб ўтади, қуртнинг боши қора бўлади.
Ғумбаги жигар рангда, узунлиги 5-5,6 мм бўлиб, гунгурт оқ пилланинг ичида туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |