Ҳаёт кечириши. Гессен пашшаси асосан кузги буғдой экинида, қисман буғдойиқ ўтида сохта пилла стадиясида (пилла ичида ғумбакка айланмаган ҳолда) қишлайди; баъзан ғумбакка айланган ёки пилла ўрамаган личинка стадиясида қишлайди.
Эрта кўкламда личинка ғумбакка айланади ва мартнинг иккинчи ярмида ёки апрелнинг бошида ундан вояга етган пашшалар учиб чиқа бошлайди (бу вақт тахминан олма гуллаш даврига тўғри келади).
Вояга етган гессен пашшасида оғиз аппарати яхши ривожланмаган, у тўйинмай яшайди; унинг бу ҳаёти олти кундан узоққа чўзилмайди. Пашшанинг пайдо бўлиши анча узоқ вақтга чўзилади, имагонинг учиши тахминан уч ҳафта бўлади.
Урғочи пашша бир неча ўн донадан 500 тагача (кўпинча 400 тадан) тухум қўяди. Ҳавонинг жуда қуруқлиги ёки сернамлиги ва паст ҳароратда бўлиши пашшанинг серпуштлигини жуда камайтириб юборади.
Пашша тухумини асосан буғдойга, баъзан арпага ва жавдарга қўяди. Бунинг личинкаси бошқа экинларда яшамайди; ёввойи ўтлардан эса буғдойиқ ўтидагина яшай олади.
Гессен пашшаси тухумини ғалласимон ўсимлик баргларига, кўпинча баргнинг тубига ҳамда барг бетига биттадан ёки бир нечтадан тизиб қўяди, бу тухум баргга шундай жойланадики, бундан личинка чиққанда унинг бош томони пояга қараган бўлади.
Тухум қўйилганидан кейин тахминан тўрт кун ўтгач, ундан личинка чиқади. Бу личинка барг тубига ўрмалаб бориб, поядаги бўғим оралиғининг қуйи қисмига ёпишиб олади ва шу ерда пўст ташлаб иккинчи стадияга ўтади.
Бу пашшанинг личинкалик стадияси 30 кунга чўзилади; ғумбаклик даври эса қулай шароитда тахминан 14 кун давом этади; қуруқ ва иссиқ об-ҳавода ғумбакнинг бир қисми ёки ҳаммаси диапауза ҳолатига тушиб баъзан то кузгача ривожланишини тўхтатади; кузда булар учун қулай шароит юз бергач яна ривожланишга киришади.
Гессен пашшаси Марказий Осиёда бир ёзда қанча авлод бериши ҳозирча аниқ эмас. Россиянинг шимолий ва ўрта қисмларида бу пашша бир-икки авлод, Қримда ва Кавказда тўрт-беш авлод беради; аммо иссиқ ва қуруқ об-ҳаво таъсири натижасида авлодининг бир қисми ғумбаклик даврида диапауза ҳолатига кириши сабабли кўпинча ўлиб кетади.
Марказий Осиё шароитида гессен пашшаси фақат икки авлод берса керак; ёз ўрталарида одатда диапауза ҳолатига ўта бошлаган сохта пилла учрайди; фақат айрим йилларда, асосан шимолий ва тоғли минтақаларда бу пашша кўпроқ авлод пайдо қилса керак.
Ёз ўртасида гессен пашшаси диапауза ҳолатига кириши туфайли личинка ва вояга етган пашша стадияси юқори ҳароратнинг ҳалокатли таъсиридан сақланибгина қолмай, балки бу вақтларда личинкасига овқат—ўсимлик етишмаслик хавфидан ҳам қутулади.
Баҳори ғалла экинларини ўриб-йиғиштириб бўлиб, кузги ғаллани экишгача бўлган давр ичида зараркунанданинг кўпчилик қисми сохта пилла стадиясида анғизда қолади.
Гессен пашшасининг личинкалари томонидан шикастланган ёш ўсимликлар қopa тусга кириб, барглари кенгаяди, поялари анча йўғонлашади ва бутун ўсимлик сўлиб қолади, ёмонроқ бўлган ҳолларда поялари сарғайиб, қуриб қолади. Ўсимлик най ўраш стадиясида шикастланса, поялари ингичка бўлиб, зараркунанда кемирган жойидан эгилади ва айниқса зараркунанда поя ичида ғумбакка айланган ҳамда ўсимлик бошоқланаётган даврда қаттиқроқ шамол эсса, бундай ўсимликлар синиб кетади.
Гессен пашшасининг диапаузага кирган сохта ғумбаклари қурғоқчиликдан жуда кўп миқдорда ҳалок бўлади. Бундан ташқари, кўпчилик пашшалар табиий душманлари—паразит ва ҳашаротлар томонидан қирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |