Шу билан бир қаторда «Фозил одамлар шаҳри» асарида моддий бойликлар яратишда меҳнатнинг ва меҳнат қуролларининг (ишлаб чиқариш воситаларининг) ўрнини аниқлаб берди. Бунда, айниқса, ҳамиша ўз аҳамиятига эга бўлган меҳнат тақсимоти масалалари бўйича фикр юритар экан, унинг қандай амалга оширилиши тўғрисида тавсиялар беради. Асарда олим «Раҳбар қандай бўлиши керак?» деган саволни ўртага қўйиб, бошлиққа фазилат ва хислатларни санар экан, уларнинг ҳар бирини илмий, ижтимоий, иқтисодий ва фалсафий нуқтаи назардан асослаб беради. Энг асосийси, келтирилган фазилатлар ва уларнинг изоҳлари бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмай долзарблигини сақлаб қолган. «Фозил одамлар шаҳри» асарида Форобий фозил киши таърифини келтирар экан, унга етишиш шартларини ҳам айтиб ўтади. Ушбу фикрлар замонавий ҳаётда биз таъкидлаётган «инсоннинг капиталлашуви», «шахснинг потенциаллашуви», «комил инсон» ёки «баркамол авлод тарбияси» каби тушунчаларнинг мантиқий асоси демакдир. Ижтимоий ва меҳнат муносабатларида ва Шарқ мутафаккирлари таълимотида меҳнат фаолиятининг ўрни - Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) яратган асарларида «инсон» ва «меҳнат омили» тушунчаларини ҳам кўп учратиш мумкин. Бунда хам моддий бойликнинг асоси самарали ишлаш эканлиги тўғрисидаги ғояларга эътибор қаратилган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, киши моддий, баъзан маънавий эҳтиёжларини ҳам меҳнат орқали қондириши мумкин. У жамиятнинг асосини барча неъматлар учун бўлган ҳаракатда, ишлашда деб билади. Олимнинг иқтисодий таълимотидаги энг муҳим ғоялардан бири шуки, инсоннинг қадр-қиммати аждодлари ким бўлганлиги билан эмас, балки унинг меҳнати, ақлий ва жисмоний салоҳияти билан белгиланади. Берунийнинг фикрича, билимларни эгалламоқ ва ҳунар ўрганмоқ учун изланиш, тер тўкиш зарур, бу эса доим давом этадиган ва тадрижий такомиллашиб борадиган жараёндир. Шу нуқтаи назардан ҳозирги иқтисодиёт фанидаги «инсон омили ва меҳнат потенциалининг шаклланиши» тушунчасига маъно-мазмун жиҳатдан жуда яқиндир.
- Улуғ мутафаккирнинг Берунийнинг «Ҳиндистон» номли машҳур йирик асари – «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда мақбула фи-л-ақл ав марзула» («Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби») Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В.Р.Розен «Ҳиндистон»га «Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ», деб баҳо берган. Чунки бу асар энциклопедик асар бўлиб, унда барча муаммолар бир қаторда иқтисодий муаммолар хам ўрин олган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |