ИРИМЧИ АДИБ
Нодирабегим Иброҳимова
Чарльз Диккенс нафақат Англия, балки бутун дунёга таниқли ёзувчидир. Орадан 200 йилдан ошиқ вақт ўтсада, унинг асарлари китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Одатда, китоб танлаш жараёнида турли омиллар ҳисобга олинади. Кимдир, биринчи ўринда қизиқ сюжетга аҳамият қилса, кимдир унинг бадиий чизгиларига, яна кимдир машҳур муаллиф номига, ва ҳатто чиройли муқовага қараб ҳам китоб танлашади. Чарльз Диккенс романлари буларнинг истаган турига тўғри келади, десак адашмаймиз. Асарларидан кўра унинг шахсиятига қизиқиш кучли эканини ҳам тан олиш керак.
Диккенс қаҳрамонлари бизга шунчалик яқинки, уларни инглиз сифатида эмас, ўз миллатдошимиз сифатида ҳам кўрамиз. Асарларини ўқир экансиз, унинг адабий фаолиятида икки хусусиятни англайсиз: биринчиси юмор, иккинчиси эса чуқур инсонийлик, ожизларга нисбатан меҳр-мурувват. Унинг қаҳрамонлари кўпинча оддий, айбсиз, бағрикенг, камтар инсонларки, биз уларни беихтиёр яхши кўриб қоламиз. Ночор инсонлар қалбида униб бораётган умид, сабр, севги уларни ҳақиқий қаҳрамон даражасига кўтаради. Айрим танқидчилар Диккенсни образларни яратишда эҳтиросга берилиб кетишда, обьективлик йўқлигида айблашган. Аммо даврлар ўтиб, Диккенс асарлари мангуликка дахлдорлиги тан олинди.
Диккенс уни трагикомедия жанрида ифодаларди. Қаҳрамонларга ачинар, шу билан бирга умидни сўндирмасди. Бу умид руҳини унинг қатор асарларида пайқаш мумкин. Кимдир бу адибнинг заиф томони деб ҳисоблар, кимлар эса асосий кучи деб баҳоларди.
Диккенсни замондошлари шундай таърифлашган: “ақлли ёрқин кўзлар, тўқ каштанг ранг сочлар, бир бирига мутаносиб ажойиб юз кўриниши, у ўз қадрини ва ўзгаларнинг қадрини жуда яхши биларди”. Диккенс туғма актёр эди. У бир лаҳзада бир нечта инсонларнинг қиёфасига кира оларди. Адабиёт ва театрни биргаликда олиб борар, спектаклларда рол ижро этарди. Профессионал актёрлар у буни қандай эплаётганига ҳайрон қолишар, дарҳақиқат Диккенс томошабинни ўзига бўйсиндириб ҳам йиғлатар, ҳам кулдира оларди. Ҳа, Чарльз кўркам, ақлли, зукко, ўзига ишонган йигит эди. У ойлик журналда “Боз” тахаллуси билан қисқа очерклар ёза бошлагач, ўқувчиларга танилиб қолди.
Дунё аҳли Диккенсни асосан ёзувчи, очеркнавис деб таниса, ўз мамлатакатида ижтимоий танқидчи сифатида ҳам яхши билишади. У умри давомида кўпроқ публицистика билан машғул бўлди. У оддий одамларни ёқлар ва юқори қатламдагиларни танқид қилиб чиқарди. У жамоат ишларида фаол эди, масалан, халқ кутубхонасини ташкил қилган, шифохонадаги ночор бемор болаларга ёрдам берган.
Умумий ҳисобда 15 та роман ёзган, уларнинг хажми катта бўлган. Бунга улгуриш сири бормиди? У кун тартибига риоя қилган ҳолда ижод қилган. Тонгги нонуштадан сўнг тартибли иш столига ўтириб соат 9 дан тушга қадар ишлаган. Тушликдан сўнг яна ижод хонасига қамаларди. Китоб ёзаётган пайтда одамлар билан деярли гаплашмас ва хаёл сурарди. Ўзига ўрнатган қоидасига кўра, кунига 2000та сўз ёзган. Илҳом келмаган пайтлари шаҳар бўйлаб сайр қилар, бу унга янги ғоялар берарди. Кечки таомдан сўнг оиласига вақт ажратар ва барвақт уйқуга кетарди.
2012 йилда дунё бўйича адибнинг 200 йиллиги кенг нишонланди. 2017 йил бошида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Чарльз Диккенс таваллудининг 200 йиллиги нишонланди. Лондонда Чарльз Диккенс музейи бор, у ерда ёзувчининг шахсий буюмлари сақланади. Диккенс ғайритабиий ҳодисаларга ишонган ва Арвоҳлар клуби аъзоси ҳам бўлган. Чарльз Диккенс ҳамиша шимолга қараб ётган. У шу тариқа ўзининг ёзувчилик маҳорати янаям яхшиланади, деб ўйлаган. Музейларда Диккенсга ёзилган 10 минглаб мактублар сақланиб келинади.
“Фортнайтли ревью” журнали бош муҳаррири Жорж Генри Льюс ўз хотираларида шундай дейди: “Диккенс бир марта менга воқеаларни қоғозга туширишдан аввал қаҳрамонлар ўз сўзларини қулоғимга пичирлаб айтади, уларни чиндан ҳам эшитаман, улар шундоққина ёнимда туради ва мен билан мулоқотда бўлишади.” Иримчи адибнинг кўплаб асарларини ўзбек тилида ўқишга мушарраф бўлдим. Бунинг учун таржимонларга ташаккур. Ўзим ҳам Диккензнинг бир ҳикоясини ўзбек тилига ўгирдим, яқинда матбуотда чоп этилди. Келгусида бу адибнинг кўплаб асарларини китобхонларга етказишни дилимга тугдим.
Do'stlaringiz bilan baham: |