Темур:
Сени кўрсам, гоҳо-гоҳо ўйлаб дейманки,
Сартарошга ўхшаб кетар шоҳлар ҳам асли.
Улар фақат қиртишлайди думалоқ ерни.
Сартарош:
Аълоҳазрат, Сиз ортиқча мўйларин қириб
Гўзал ҳусн бахш этдингиз ер деган бошга [476].
Хуллас, асар Темур ҳаётига якун ясалиши билан тугайди. У англайдики, адолат учун олиб борган жангу жадалларнинг барчаси ҳам адолатли бўлмаган. Бу жиҳатдан Абдулла Орипов драмаси маълум даражада фожеавий йўналиш касб этади. Шу маънода саркарда қисмати фожеийдир. Шоир талқинида бу ҳол ҳам тарихий ҳақиқатдир. Драма бошланиш қисмида асар қаҳрамони ҳақида маълумот берилади. Бу экспозиция ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, ўзида асар ғоясини сингдириб юборган.
Не бахтким, туққан юрт бўлганда озод,
Муборак Ватанга қайтиб келмишсиз,
Қулоқ тутгайми, деб ноаҳил авлод,
Ташаккур, бизларни кўзга илмишсиз. [380]
Буюклар халқнинг кўзини очади, даҳолар уларни бирлаштиради. Сўзсиз, Амир Темур ҳам шунга муносиб шахсдир. Драманинг бош ғояси – улуғ саркарда шахсига холис баҳо бериш, инсоний фазилатларини очиб беришдан иборат. Асарнинг ютуғи ҳам шундаки, китобхон кўз ўнгида Амир Темур халқ ва мамлакат бирлиги учун курашган, адолатни бош шиор билиб, ўз юртида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида намоён бўлади. У доимо ғолиб, керак бўлганда қаттиққўл, ўз ўрни билан юмшоқтабиат шахс. Амир Темур аёлларни жуда қадрлайдиган, адолат йўлида ҳар қандай жангу жадаллардан қайтмайдиган ва, энг асосийси, ўз эътиқоди ва тутган йўлига содиқ қоладиган бетакрор халқ йўлбошчиси ҳамдир. Шунинг учун бўлса керак, Абдулла Орипов: “Соҳибқирон” шеърий драмасини ўтмишга боқиб, бугун учун ёзганман”, – дейди. Асар сўнгида Соҳибқироннинг набиралари Мирзо Улуғбек ва Пирмуҳаммадни ёнига чақириб, насиҳат қилади, Бибихонимга бўлган юксак ишончини изҳор этади. Бинобарин, мустақил Ўзбекистонимиз ўз олдига озод ва обод Ватан қуришни, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишни мақсад қилган экан, ушбу сўзлар йиллар давомида жаранглайди. Энг муҳими, драмада тарихий воқелик Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” сингари тарихий-бадиий манбаларга таяниб бадиий синтез қилинган.
Истиқлол йилларида тарихимизда муносиб ном қолдирган буюк сиймолар: Имом Бухорий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари буюк тарихий образларни гавдалантириш ўзига хос анъана тусини олди. Бу жиҳатдан Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий” шеърий драмаси алоҳида аҳамиятга эга. Мутасаввуф аллома ҳақида адабиётимизда бир қанча драматик асарлар яратилган. Ж.Расултоевнинг “Муқаддас зиё”, С.Есоннинг “Муҳаддис”, М.Эргашевнинг “Саодат йўли”, У.Қўчқорнинг “Расулуллоҳ котиби”, Р.Маъдиевнинг “Бир кечалик туш”, Т.Жуматовнинг “Имом ал-Бухорий”, М.Ҳамидованинг “Бухорий муҳаббати” каби саҳна асарлари шулар жумласидандир. Булар орасида бадиий етуклиги жиҳатидан Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий” шеърий драмаси алоҳида ажралиб туради. Асарда Имом ал-Бухорийнинг айни етуклик палласини қаламга олинган, унинг Нишопурдан Бухорога қайтиши воқеалари, она юртидаги ҳаёти лавҳалари фалсафий-психологик ёндашув асосида акс эттирилган.
Усмон Қўчқор достонлари адабиётшунослигимизда у ёки бу даражада ўрганилган. Н.Раҳимжонов, Ш.Ҳасанов, Д.Қувватова, Н.Ўроқова85 каби адабиётшуносларнинг илмий асарлари фикримизни тасдиқлайди. Бу ишларда шоирнинг “Қувғин”, “Широқ” достони теран таҳлил этилган. Н.Ўроқова изланишларида эса шоирнинг “Имом Бухорий” шеърий драмасига ҳам муносабат билдирилган.
Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий”86 номли шеърий драмаси буюк ватандошимиз, мударрислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва олимлик фаолиятидан ҳикоя қилади. Бухоро заминида туғилиб вояга етган шоир Усмон Қўчқор ўз заминидан бўлган дин пешволарининг сарвари, Бухоройи шариф машъали бўлмиш буюк аллома ҳақида бир асар ёзишга қарор қилади ва бу қарорни амалга ошириш учун шеърий драма жанрини маъқул деб топади. Воқелик ва инсон табиатининг тинмай ўзгариб туриши, янги-янги ғояларнинг туғилиши, макон ва замон ҳодисаларини янгича идрок этиш жараёни олам ва одамга нисбатан янгича қараш, янгича муносабатни талаб қиляпти. Маълумки, янги мазмун ҳамиша янги шаклни юзага келтиради. Сўнгги йилларда инсон шахсига бўлган эътиборнинг кучайиши, инсоннинг руҳий иқлимларини, қалбнинг тўрт фаслини тадқиқ этиш бевосита унинг онги, савияси, фантазиясини ҳам қамраб олишни тақозо этади87. Шеърий драмаларда асосий эътибор ташқи оламга эмас, инсоннинг ички (ботиний) оламига қаратилади ва унда лирик шеърга хос хусусиятлар етакчилик қилади. Лирика ички кечинма билан фикр уйғунлигининг маҳсулидир. Лирик кечинма таркибини эса фикр ва ҳис муносабати ташкил қилади. Лириканинг бош хусусияти шоир қалбида юз берадиган кечинма, шу кечинма уйғотаётган туйғуларни сўз орқали ифода этиш санъатидир. Шеърий драманинг синкретик хусусияти шундаки, унда реал ҳаёт шахснинг эҳтиросли ҳислари орқали, юракларни ларзага солувчи оний лаҳзалар тасвири орқали китобхонга етказилади. Бинобарин, адабиётшунос И.Султон айтганидек, “ҳаёт гўё бир азим дарё бўлса, драма ана шу азим дарёнинг тезоқар, энг нишаб жойларини тасвир предмети қилиб олади”88.
Имом Бухорий ҳадис илмининг Бухородан етишиб чиққан ва бутун дунёга шуҳрат таратган алломаси эди. Ибратли ҳаёт йўли афсоналарга айланган, ҳадисларига пайғамбаримизнинг табаррук сўзлари жойланган, беназир ва ғайриодатий қуввайи ҳофизага эга бўлган Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳаётига бағишланган бу асар реал тарихий воқеалар билан бир қаторда тўқима образлар ва улар билан узвий боғлиқ бўлган тўқима ва афсонавий воқеаларни ўз ичига олади. Мазкур драматик асар шеърий шаклда яратилган бўлиб, адабиётимизда учрайдиган бошқа шеърий драмалардан тубдан фарқ қиладики, шоир асарни бошдан-оёқ бармоқ вазнида уч туроқли ва ўн икки бўғинли, ўзаро қофиядош икки мисра шаклида келтирган.
Ижодкор бу тартибдан асло чекинмаган, асар якунигача шу тартибни давом эттиради. Адабиётимизда мавжуд бўлган “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек”, “Соҳибқирон” каби шеърий усулда яратилган драмалар, асосан, эркин вазнда ёки оқ шеър шаклида бўлиб мазкур драма улардан бармоқ вазни қонун-қоидаларига тўла амал қилганлиги билан ажралиб туради. Драманинг худди шеърдай равон ва қийналмасдан ўқилиши ҳамда қатъий оҳангдор қофияга эга бўлганлигини ижодкорнинг энг катта ютуқларидан бири дея эътироф қилсак янглишмаган бўламиз. Шеърий драма беш кўринишдан иборат бўлиб, ҳазрат Имом Бухорийнинг Нишопурга келиши, халқнинг муҳаддислар султонини юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишларидан бошланиб, то унинг Самарқанд сафари вақтида вафот этишигача бўлган воқеаларни ўз ичида акс эттиради. Олимнинг Нишопурдаги фаолияти узоқ давом этмайди. Ўз нуфузининг пасайишидан чўчиган маҳаллий уламолар халқ олдидаги илмий савол-жавобларда уни шаккокликда айблайдилар. Бу шаҳарда туҳмат, бўҳтон остида яшаб бўлмаслигини сезган ҳазрат она шаҳри – Бухоро сари йўл олади.
Алломанинг Нишопурдан она юрти Бухорога қайтиши саҳнасини ижодкор тўқима образлар воситасида тасвирлайди. Асарда Бухорий ва савдогарлар ўртасидаги ўзаро савол-жавоб ва суҳбатлари аниқ фактлар ва тарихий маълумотлар, реал воқеаликка таяниб, очиб берилган. Бу суҳбатдардан китобхон Имом Бухорийнинг нақадар юксак ақл-заковат, дин-маърифат ва мўъжизавий хотира соҳиби эканлигига гувоҳ бўлади.
Юқорида таҳлил этганимиз, Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмаси, Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна”, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон”, Иқбол Мирзонинг “Самарқанд сайқали”, Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий” шеърий драмалари ХХ аср ўзбек адабиётида бадиий воқеа бўлган асарлардир. Уларда тарихий ҳақиқат ва бадий тўқима уйғунлиги кузатилади. Қолаверса, драманинг жанр табиатида келиб чиқиб, вақт ҳисси нуқтаи назаридан гарчи воқеалар узоқ ўтмишдан олинган бўлса-да, бугунги китобхон кўз ўнгида бўлаётгандай тасаввур уйғотади. Шу жиҳатдан бундай асарлар ибрат ва намуна вазифасини ўтайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |