II БОБ: ЯНГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИДА ШЕЪРИЙ ДРАМАНИНГ ТАКОМИЛ ХУСУСИЯТЛАРИ
2.1. Шеърий драмада синкретиклик хусусиятининг намоён бўлиши
Янги ўзбек адабиётида драматик тур ҳам сон жиҳатидан, ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга жаҳон адабиёти таъсири ва синкретлашув натижасида драматургиянинг бир қанча янги жанрлари пайдо бўлди. Илмий кузатишлар шуни кўрсатадики, драматургиянинг турли жанрлари ҳар бир даврда услуб, мавзу, шакл ва мазмун жиҳатдан сайқаллашиб, ривожланишда давом этмоқда.
Шеърий драма янги ўзбек адабиётида жаҳон адабиётининг бадиий-эстетик тажрибалари, турли трансформацион ва синкретлашув жараёнлари таъсирида шаклланди ва бадиий тараққий этди.
Рус адабиётшунослигида синкретизм масаласи И.Лысков, А.Веселовский, Н.Тамарченко, С.Бройтман, В.Тюпа56 сингари олимлар томонидан ўрганилган. Дастлаб бу термин санъатшуносликда қўлланилган. “Синкретизм (лотинчада “жамият бирлашуви”) – санъатшуносликдаги тушунчалардан бири бўлиб, бир-бирига бевосита хос бўлмаган фикрлаш, қарашларнинг бирлашиш, қўшилиш жараёни сифатида тушунилади. Умумий санъатшуносликдан ташқари ушбу атама мусиқа, рақс, драма ва наср тарихий тараққиётида ҳам қўлланилади. Адабиётшунос А.Н.Веселовский синкретизмни “ритм, ҳаракатнинг мусиқа ва қўшиқ сўзларининг мос келиши” сифатида талқин қилади”57. Мазкур термин адабиётшуносликда ХIХ аср ўрталарида айнан адабий турлар (лирика, эпос ва драма) нинг пайдо бўлиш жараёни муаммоларини ўрганиш жараёнидаги қарама-қаршиликларни изоҳлаш сифатида қўлланила бошланган. Синкретизмнинг “эпос-лирика-драма” боғлиқлиги назариясини Гегель рад этади ва уни фақат лирикага тегишли, деб ҳисоблайди. Ҳақиқатан, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида синкретизм Вилгельм Шерер томонидан термин сифатида таърифлана бошланганлигига қарамасдан, атама фақат поэзияга нисбатан қўлланилишда давом этди.
И.Лысков бу ҳақда ёзади: “Рус адабиётшунослигида "синкретизм" атамаси академик А.Н.Веселовский томонидан унгача бўлган поэтик турларнинг ривожланиш босқичларини умумлаштириб айтиш мақсадида қўлланилган. Асос сифатида кўп тадқиқотчилар қадимги Юнонистонда Гомер ва Гесиод поэмалари Архилой ва Тиртей лирикасига ҳамоҳанглигини, бу асарлар кейинчалик Эсхил ва Софокл драмалари учун асос бўлганини, қолаверса, қадимги юнон адабиётидаги ушбу эврилишлар бошқа халқлар адабиётига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қадимги халқларнинг халқ оғзаки ижодини ўрганиш натижасида шунга амин бўлиндики, Гомер давригача ҳам ёзма достонларнинг яратувчилари бўлган. Хусусан, Гомернинг ўзи "Одиссея" достонида Демодок ва Фамир исмли ижодкорлар номларини келтиради. Айтиладики, Гомерга қадар ҳам юнонларда ижодкор-муалллифлар бўлиб, улар маъбуд Апполон шарафига қасидалар битишган, қасида эса лирик асар ҳисобланади”58. Олим синкретизмнинг қадимийлигини, антик давр адабиётида намоён бўлганлигини алоҳида таъкидлайди.
А.Веселовский синкретизм масаласини махсус ўрганар экан, ёзади: “Шеъриятдаги синкретизм атамаси бугунга қадар адабий танқидчиларнинг жуда баҳсли таърифларига сабаб бўлган. Биринчи навбатга синкретизм: 1) маданий жиҳатдан қуйи поғонада турган ибтидоий халқларнинг маиший ҳаёти акс этган оғзаки ижоди намуналари синтезидир. Қолаверса, бугунги кунда 2) замонавий, маданий жиҳатдан тараққий топган халқларнинг ўзаро муносиб ва номутаносиб ҳаёт жиҳатларининг ижодга кўчиши сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин”59. Кўринадики, назариётчи олим, аввало, халқ оғзаки ижоди намуналарида, шу билан бирга, замонавий адабиётда жанрий уйғунлик мавжудлигини таъкидлайди. Бу билан у синкретизмнинг илдизлари халқ оғзаки ижодига бориб боғланишини асослайди. А.Веселовский бу борадаги фикрларини давом эттириб, ёзади: “Шеъриятда синкретизм ҳақида гапирар экан, В.Шерер антик давр лирикасида воқеаларнинг 2 хил шаклда – шеърий ва бошқа шаклларда ёзилишига сабаб бўлганлигини айтади. Шу сабабли ҳам шеърий шаклда драматик асарларни ёзиш анъанаси шаклланди”60. Кўринадики, А.Веселовский ҳам синкретизм ҳодисаси антик давр адабиётида, аниқроғи, драматик асарларда намоён бўлганлигини тасдиқлайди. Бунга сабаб, қадимги юнон адабиётидаги драматик асарларнинг шеърий йўл билан ёзилишидир.
Олимнинг бу борадаги қарашлари ниҳоятда қимматли. Унинг фикрича, драма шоири – қалбнинг ўргатувчиси (суфлёри) (“драматический поэт – суфлёр души”)дир61. Шу асосда олим синкретизм ҳодисасини шеърий драмага боғлайди ва бу жанр ўзининг тарихий илдизларини сақлаган ҳолатда ривожланишда давом этганлиги, унда ҳиссиётни шеърий ҳамда воқеликни насрда тасвирлаш ривожланиб борганлигини таъкидлайди62. Олим шеърий драмадаги синкретликни ҳиссиёт (шеърий шакл) ва воқелик (насрий шакл) тасвири уйғунлигида кўради.
Мулоҳазаларимизни Фитратнинг “Шайтоннинг тангрига исёни” шеърий драмаси мисолида асослашга ҳаракат қиламиз. Шеърий драмани олмон олимаси Ингеборг Бальдауф хоним немис тилига ўгириш баробарида у ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам баён этар экан, “Абдурауф Фитрат: “Шайтоннинг тангрига исёни” деган мақоласида ижодкорнинг шайтон исёнкорлиги мисолида аслида ўз исёнини баён этмоқчи бўлганига эътиборни тортади. Шунингдек, тадқиқотчи У.Амонов ҳам “Фитрат шайтоннинг исёнкорлик сажияси воситасида озодликка интилаётган курашчи тимсолини бадиий акс эттиришни кўзлаган”ини алоҳида эътироф этади63. Чунки Шайтоннинг нутқида эркинликка чақириш, ўз тепасидаги ҳукмронидан норозилик, унга бўйсунмасликка даъватни акс этттирувчи жумлалар кўп учрайди. Масалан:
Шайтон
Топинмаймиз... Истасанг
Юбор бизни адамға!
Шуларни инобатга олиб, адабиётшунос У.Жўрақулов асардаги шайтон образининг гуманистик талқинга хизмат қилганини таъкидлайди.64
Драмада шайтоннинг монологи ва диалоглари асардаги драматик ҳолатни ривожлантиришнинг асосий воситаларидан бири сифатида кўринади. Хусусан, унда шайтоннинг Жаброил, Микоил, Азроил сингари бошқа фаришталар ва малаклар билан диалоглари асарда муҳим мавқе эгаллаган. Асарда шеърий ва драматик унсурлар ўзаро бирикиб кетишида диалоглар муҳим аҳамият касб этган. Шу орқали персонажларнинг ҳаракат ва интилишлари, характер-хусусиятлари очила борган. Диалоглар мазмунида қаҳрамон ҳаракатининг йўналиши, қаҳрамон руҳияти ва кайфияти, кечинмалари ҳам акс эттирилган.
Безакларнинг аниқлиги, мусиқа ва ёруғликнинг меъёри жиҳатидан ўзига хослик касб этиши драматик асарлар учун етакчи хусусиятлардан бири эканини яхши билган Фитрат драманинг саҳна безагини таъкидлашга алоҳида эътибор қаратган: “Кўк устида ойдин бир кенглик. Бир четида ёқутдан ясалган, турли қимматли тошлар билан безалган юксак бир минбар. Минбарнинг тепасида олтин ҳарфлар билан “Ҳаза минбару ҳазрати Азозил” деб ёзилган”65.
Мусиқа ва ёруғлик ҳам драматик асарлар таъсирчанлигини оширувчи муҳим воситалардан бири ҳисобланишини назарда тутиб, ижодкор драмада мусиқа билан боғлиқ: “Исрофил сур чаладир. Малаклар саждадан бош кўтарадирлар”, ёруғлик билан боғлиқ “Ҳаво қоронғуланар, кўк гулдирар, чақинлар чақар, ҳар томон титрар” каби парчаларни асар ўртаси ва охирида келтириб ўтган. “Сур” – шохдан ясалган сурнай тури бўлган чолғу асбоби ҳисобланади. Шундан билиш мумкинки, ўзбек адабиётидаги дастлабки шеърий драма бир қатор синкретик белгиларни ўзида намоён этган: мусиқа, саҳна безаклари, шеърий шакл кабилар.
“Шайтоннинг тангрига исёни” асарида ҳар бир образ ўз характерига хос хислатларини ўз тили, хатти-ҳаракати орқали очганлиги уни бошқа турдаги эпик ва лирик асарлардан ажратиб турган муҳим аломатлардир. Фақатгина унда персонажлар нутқи шеърий тарзда берилгани уни шеърий драмага айлантирган. Драмада муаллиф баёни йўқ. Унда воқеалар баёни персонажларнинг нутқи ва хатти-ҳаракати орқали ифода этилган.
Драмада шайтоннинг инсонга сажда қилмаслик учун исёни экани энг муҳим нуқта сифатида акс эттирилган, лекин бунинг сабаблари батафсил баён этилмаган. Сабаби драматургнинг ушбу асарни яратишдан кўзлаган мақсади аслида бу эмас. У кўпроқ шу анъанавий сюжет мотиви орқали ўз ғоявий ниятларини ифода этишни кўзлаган. Шунга қараб бутун воқеаларни марказлаштирган. Ўқувчи ёки томошабин буларни англаши учун эса ўрни-ўрни билан айрим штрихларни келтириб ўтган. Масалан, қуйидаги парча таркибида келтирилган қавс ичидаги (Истеҳзо билан) изоҳи шундай ишоравий штрихлардан биридир:
Do'stlaringiz bilan baham: |