25.3. Ирода ва таваккал
Кишининг таваккалчилик шароитидаги ҳатти-ҳаракати ироданинг характерли кўринишларидан бири сифатида намоён бўлади.
Таваккалчилик − бу субъект учун унинг чеки номаълум ва муваффақиятсизликка дуч келганда мумкин бўладиган ноқулай оқибатлар (жазолаш, оғриқ таъсирини ўтказиш, жароҳат, обрўни йўқотиш ва шу каби) ҳақидаги тахминлар мавжудлиги шароитидаги фаолиятнинг характеристикасидир. Таваккалчилик пайтида кутилаётган нохушлик бундай ҳолатдаги муваффақиятсизлик эҳтимоли ва ноқулай оқибатлар даражасининг уйғунлаштирилиши билан белгиланади. Шундай савол туғилади: агар мағлубият эҳтимоли кўп бўлса, мағлубият учун эса жазо анча кучли бўлса, киши нимани деб таваккал қилади? Психология таваккал қилиш учун зарур шарт сифатида ироданинг қўшилишини назарда тутувчи таваккал қилиш ҳатти-ҳаракатнинг иккита ўзаро боғланган сабабини ажратиб кўрсатади.
Таваккалчиликнинг биринчи сабаби ва тегишли равишда таваккалчиликнинг биринчи тури бу ютуққа умид боғлаш, муваффақият қозонилганда кутилаётган катталикнинг муваффақиятсизликлар оқибати даражасидан ортишидир (ситуатив таваккалчилик). Бу ўринда муваффақият мотивацияси муваффақиятсизликдан қутилиб қолиш мотивациясидан кучлироқдир. Агар кундалик хулқ-атвор ишлар учун қарама-қарши боғланишлиги эътиборга олинадиган бўлса − муваффақиятсизликдан қутулиш мотивацияси муваффақият мотивациясидан каттароқ кучга эга бўлади, бунда шу нарса равшан бўладики, таваккалчилик − қарор қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеадир. Лекин бундай хулқ-атвор, гарчи кишидан иродавий қарорни талаб қиладиган бўлсада, унчалик ноёб нарса эмас. Отрядга бошчилик қилган ва кичик кучлар билан чап берадиган маневрлар ишлатган командир ўзининг охирги резервини йўқотиш ва бунда ўзи ҳам ўлиб кетиши мумкин бўлган таваккалчилик қилади, лекин стратегик жиҳатдан аҳамиятли баландликни эгаллаб, тўсатдан душманнинг орқа томонига чиқиб олишнинг муҳимлиги мазкур қарорни оқлайди. Офицернинг таваккалчилик вазиятидаги иродавий қарор қабул қилишига имкон берган мардлиги, ташаббускорлиги ва қатъийлиги жангда ютуқни ҳам, душман устидан ғалабани ҳам таъминлайди.
Оқланган ва оқланмаган таваккалчилик фарқ қилинади. Оқланган таваккалчилик якуннинг ҳар қандай ноаниқлиги ва муваффақиятсизлик келтириши мумкинлигига қарамай оқланмаган таваккалчиликдан фарқ қилиб, иродавий қарорга келаётган пайтда барча «ёқловчи» ва «қаршиларни», таваккалчилик ҳатти-ҳаракатини белгиловчи мотивларнинг ғоявий ва аҳлоқий юксаклиги, оқилона равишда ўйлаб кўришни ва шундай қилиб, ҳаракатнинг хавфсиз вариантига нисбатан хавфли вариантини афзал кўришни назарда тутади. Бунда ҳаракатнинг якуни тасодифга (омад келади ё келмайди) боғлиқ бўладиган ёки, аксинча, муваффақият таваккал қилаётган кишининг шахсий сифатлари (унинг қобилиятлари, қатъийлиги, малакалари ва ҳоказолар) билан белгиланадиган вазиятлар бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |