Характер ижтимоий муносабатлар ва социал гуруҳлар
Характер киши шахсининг йўналганлигини белгилайдиган ижтимоий муносабатларга боғлиқ бўлади. Жумладан, кишининг киши томонидан социал эксплуатация қилинишига асосланадиган жамиятда, масалан, ҳукмрон синфлар вакилларининг социал позицияси улар характерида такаббурлик, кеккайганлик, риёкорлик, таъмагирлик, мунофиқлик ва ҳоказоларнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Психология фани ўз назарий ва амалий ишларида киши характерида намоён бўладиган ана шу “туғма доғлари”ни муҳокама қилишни пухта ва усталик билан четлаб ўтади.
Характернинг шаклланиши шахснинг ривожланиш даражасига кўра хилма-хил гуруҳларга мансуб турли хилдаги шароитлар билан қўшилган ҳолда (оилада, дўстлар даврасида, меҳнат ёки ўқув жамоасида, ва шу кабиларда) юз беради. Унинг учун референт бўлган гуруҳда шахснинг индивидуаллашуви қандай амалга ошаётгани ва унда шахслараро муносабатларнинг ривожланганлик даражаси қандайлигига боғлиқ ҳолда, масалан, ўспиринда бир хил ҳолатда характерида очиқлик, тўғрилик, жасурлик, принципиаллик, қаттиққўллик, бошқа бир ҳолатда эса пинҳонийлик, ёлғонлик, қўрқоқлик, конформлилик, характернинг бўшлиги шаклланиши мумкин. Ривожланиш даражаси юксак бўлган гуруҳдаги каби жамоада характернинг энг яхши ҳислатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қулай имкониятлар яратилади. Бу жараён шахснинг жамоада оптимал интеграциясига ва коллективнинг ўзи янада ривожланишига ёрдам беради.
Кишининг характерини била туриб, унинг у ёки бу ҳолатларда ўзини қандай тутишини ва демак, киши ўз хулқ-атворини қандай изга солишиш олдиндан кўра билиш мумкин. Жумладан, ўқувчиларга жамоат топшириқларини тақсимлаётиб, уларнинг нафақат билимлари ва малакаларини, балки характерини ҳам ҳисобга олиш лозим.
Характернинг хусусиятлари орасида айримлари асосий, етакчи бўлиб, унинг намоён бўлишининг бутун комплексини ривожлантиришнинг умумий йўналишини белгилаб беради. Улар билан бир қаторда иккинчи даражали хусусиятлар ҳам борки, айрим ҳолларда улар асосий деб белгиланиши, бошқаларида эса улар билан уйғунлашмаслиги ҳам мумкин. Турмушда анча барқарор ва анча зиддиятли характерлар учрайди. Барқарор характерларнинг мавжудлиги характерларнинг улкан ранг-баранглиги ичида уларнинг умумий хусусиятлар бўлган маълум типларини ажратиш имкониятини юзага келтиради.
Характернинг барқарорлиги унинг зиддиятлилигини тўла инкор этмайди: бир хил вақтда меҳрибонлик принципиаллик билан, юмор ҳисси масъулият билан келишмай қолади.
Характернинг хусусиятлари эътиқод, ҳаётга бўлган қарашлар ва шахс йўналишининг бошқа хусусиятлари айнан бир хил деб қаралиши мумкин эмас. Бир хушмуомала ва хушчақчақ киши юксак маънавий ва инсофли бўлиши мумкин, бошқаси эса – у ҳам хушмуомалали ва хушчақчақ – фақат шахсий фаровонлик ва ўз оиласининг ҳузур-ҳаловати тўғрисида ғамхўрлик қилувчи майда корчалон, шу жумладан, ўз мақсадларига эришиш учун ярамас қилиқлардан ҳам жирканмайдиган бўлиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |