Олий нерв фаолиятининг хусусиятлари. И.П.Павловнинг лабораторияларида бош мия катта ярим шарлари қобиғининг иши умумий хусусиятлари (итларда тажриба ўтказилди) билан бирга нерв фаолиятида ҳайвоннинг индивидуаллиги билан боғлиқ бўлган нерв фаолиятидаги фарқлар кашф этилди ва ўрганилди. Ит ҳатти-ҳаракатининг ўзига хослиги (масалан, зийраклик ва сустлик, дадиллик ёки қўрқоқлиқ) асосий нерв жараёнларининг айрим хусусиятлари ҳаяжонланиш ва тормозланишга қонуний равишда мос келганлиги кузатилди. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида ўрганилган индивидуал фарқлар асосида қуйидаги физиологик хусусиятлар: ҳаяжонланиш ва тормозланиш кучи, уларнинг ҳаракатчанлиги, яъни бир-бирини тезда алмаштириш қобилияти, ҳаяжонланиш билан тормозланиш ўртасидаги вазминлик ётиши аниқланди. Ушбу хусусиятларнинг у ёки бу тарздаги бирикуви олий нерв фаолиятининг турини ташкил этади.
Нерв жараёнларининг кучи типнинг энг кўп ҳаётий аҳамиятга эга бўлган жуда муҳим кўрсаткичдир. Қобиқ унинг иш қобилияти, уларнинг чидамлилиги қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари кучига боғлиқ бўлади. Маълумки, теварак-атрофдаги олам нерв тизимига кўплаб турли-туман таъсиротлар ёғдириб туради; баъзан узоқ вақт давомида оғир ишни бажариш талаб қилинади; ҳаётда анча нерв зўриқишини талаб қиладиган фавқулодда воқеалар, катта кучли қўзғатувчилар учраб туради; кўпинча бошқа, янада кўпроқ аҳамиятли қўзғатувчилар таъсири остида қўзғатувчилардан бирининг ҳаракатига таъсирини камайтириш, тўхтатиш зарурати пайдо бўлади. Нерв тизими қанчалик кучга бардош бериши мумкинлиги қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг кучига боғлиқ бўлади.
Бошқа бир кўрсаткич − бош мия қобиғидаги нерв жараёнларининг ҳаракатчанлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Атрофдаги муҳит доимо ўзгариб туради ва бу ўзгаришлар кўпинча кескин ва кутилмаган бўлади. Нерв жараёнлари уларнинг орқасидан “улгуриши” керак. Тажрибалар шуни кўрсатадики, бир хил ҳайвонларда ҳаяжонланиш ва тормозланиш жараёнлари бир-бириннинг ўрнини тезда алмаштиради, бошқаларида қарама-қарши жараёнлар нисбатан секин алмашинади.
Нерв тизими турининг навбатдаги кўрсаткичи - қўзғалиш кучи билан тормозланиш кучи ўртасидаги вазминлик ҳам жуда аҳамиятлидир. Қўзғатувчи куч билан тормозланиш жараёнининг кучи ҳамиша ҳам бир-бирига тўғри келавермайди, айрим вақтларда тормозланиш жараёни кучи жиҳатидан қўзғалиш жараёнидан орқада қолади ва катта куч билан қўзғалиш тормозланиш билан тўла мувофиқлаша олмайди. Вазминлик даражаси турлича бўлади.