КАМТАРИН ОЛИМ
Ж. У. Урчинов,
Навоий давлат педагогика институти доценти
Психология фанлари доктори профессор Шариф Рамазонович Баротовга 1981-83 йилларда табиатшунослик фанидан дарс ўтганман. У талабалик йилларидаёк ўзининг ташкилотчилик қобилияти билан бошқа талабалардан ажралиб турар эди. Ш.Баротов олийгоҳда ўтказиладиган барча тадбирларда ўзининг фаол иштироки билан бошқа талабаларга намуна бўлиб турар эди. Шу иқтидори ва талабчанлиги билан курсдошлари ва устозлари орасида ҳурматга сазовор эди. У илмий ишга лаёқати бўлгани учун талабаларнинг илмий анжуманларида иштирок этиб маърузалар ўқирди. Унинг илмий ишга лаёқатлигини сезган устозлари олийгоҳда ишга олиб қолишди.
У ўқитувчи бўлиб ишлаш баробарида илмий иш ҳам олиб борди. Дастлаб, номзодлик, кейинчалик докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Унинг илмий ишларидаги ўқитувчининг мақсади дидактик циклининг янги компоненти эканлиги, дидактик цикл ўқув жараёнининг муҳим таркибий қисми эканлиги, ўқув жараёнида алоҳида мантиқий мавзу билим, иродавий мобил бўйича машғулот тузилиши, тизим цикли, дидактик цикли ўқув жараёни бўлаги эканлиги тўғрисида фикрлар у кишининг илмий ишларида ўз аксини топган. Ёшларимизга мустақиллик, унинг мазмуни моҳияти ва зарурати тўғрисида таълим бераётган профессор Шариф Баротов камтар олим, кўплаб психологларнинг севимли устози, айни кучга тўлган 55 ёшга тўлди. Олимни ушбу қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга ижодий парвоз, сиҳат –саломатлик, ҳаётда бахт-саодат ва саломатлик тилайман.
III. ОИЛА − ТАРБИЯ ВА ТАРАҚҚИЁТ БЕШИГИ
МЕН УЛҒАЙГАН ХОНАДОН
Ш.Р.Баротов
Инсон том маънода ижтимоий мавжудотдир. Зеро, унинг мавжудлиги, яшаш тарзи, ҳаётий фаоллиги фақат унинг инсон бўлиб туғилганлиги билангина баҳоланмайди. Қолаверса, унинг ҳар бир ҳаракати, юриш-туриши, жамиятдаги мавқеи, ижтимоий фаоллиги, одамлар билан муомаласи эътиқоди ва келажагига бўлган эътибори даставвал оилада шаклланади.
Бу шаккланишнинг жамият учун нечоғлик самарадорлиги эса оилада қўйилган тарбиянинг савиясига ва мукаммаллигига бевосита боғлиқдир. Албатта, ҳар бир шахс бутун умри давомида оиласидан олган маънавият ва биоқувват асосида ўз хулқ-атворини, табиатини ва интеллектуал салоҳиятини намоён этади. Бу намоёнлик эса жамият ҳаётида, тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу маънода ҳар қандай оила – тарбия ва тараққиёт бешиги бўлиши лозимлигига яна бир ўз ҳаётим давомида иқрор бўлдим десам, ҳеч қандай муболаға бўлмаса керак. Хонадонимиз файзи, баракаси бўлмиш отам ва онам 5 та фарзандни катта қилди, ўқитди, оилали қилди, қўйингки, катта ҳаёт уммонига йўллади. Уларнинг таржимаи ҳоллари оддий, содда, кўринса-да, узоқ ва машаққатли даврларга тўғри келган. Ота-онамнинг ёшлик йиллари ҳозирги фаровонлик даврдан тубдан фарқ қилган. Иккинчи жаҳон уруши, ундан кейинги йиллар, колхоздаги оғир турмуш шароитлари тўғрисидаги ҳикояларидан бениҳоят чўчиб кетардик. Шукурлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан азалий қадриятларимиз тикланди. Халқимиз янада юксак маънавий камолот сари шахдам қадамлар ташлай бошлади.
Оиламиз сардори – отам Рамазон Баротов 1936 йилда Когон туманидаги Талича қишлоғида туғилган. Ёшликдан ўқитувчилик касбига меҳрлари тушиб, ўрта мактабни тугатгач, ўз севган касбларини эгаллаган. Дастлаб, тумандаги 1-сонли мактабда ўқитувчи, директор муовини лавозимларида меҳнат қилдилар. Отам шеърият шайдоси. Ҳозир ҳам турли тадбирларда 4-5 соат ёддан, тўхтовсиз шеърлар айтиб, давраларга файз бағишлаб турадилар. Ҳатто, ҳафтада 3-4 та бадиий китобни ўқиб биз билан таҳлил қиладилар. Мен падари бузурукворимдаги камтарлик, самимийлик, меҳнатсеварлик каби хислатларни жуда эъзозлайман. Айниқса, отамнинг мактабга меҳрлари жуда баланд эди. 1-синфга қатнай бошлаган даврим хотирамдан ҳозирги кундай бир-бир ўтади. Мактаб уйимиздан 2-3 км узоқликда бўлиб, ҳар эрталаб мактабгача отам иккаламиз яёв кетардик. У киши йўл-йўлакай эртак, ривоят ва шеърлар айтар, биз билан ҳамроҳ бўлган ҳамқишлоқ, мактабдош ва синфдош дўстларимизга мактаб ва унда ўқишнинг қадрига етиш зарурлигини уқтириб борарди. Жумладан, “Мактаб улуғ ва қутлуғ даргоҳ, мактабда аъло ўқиш лозим, вақтни бой берманг” деб, доимо қуйидаги тўртликни такрор – такрор айтиб турардилар.
Мактаб деган шундай жой,
Юриб турган поезддай.
Кечга қолсанг бир нафас,
Сени кутиб ўтирмас.
Дарҳақиқат, бу мисраларнинг маъносини бугун янада теран англадик. Албатта, бугун мактабимиздаги шароитларни кўриб кўз қувонади.
Улуғ ва устоз шоир Ҳабибийнинг “Мактаб” тўғрисидаги шеъридан тўртлик келтиришни ўринли деб билдик.
Жаҳонда илму фаннинг кони мактаб,
Тугалмас кони бепоёни мактаб.
Муҳаббат қилса ким илму ҳунарга,
Ширин жон бирла тенг жонони мактаб.
Отам Рамазон Баротов мактабда нафақагача ишлаб, бугунги кунларда ҳам илм масканидаги тадбирларда фаол иштирок этиб, ўз шогирдлари камолидан мамнун.
Онам Сайёра Баротова 1941 йил Когон туманида туғилган. Эл қатори далада меҳнат қилганлар, оилани саранжом-саришта сақлаб, 5 та фарзандни тарбияладилар. У киши камгап бўлиб, дастурхон атрофида йиғилдик-ми, фақат сизларга насиҳатим шу - “Доимо меҳнат қилинглар, меҳнатдан келган луқманинг қадри ва таъми ўзгача ” деган жумлани такрор-такрор айтардилар.
Биз ака-укалар вақт топдикми, ота-онамиз бағрига талпинамиз. Улар ҳамиша бизларни ёш болалигимиздагидек, кутиб олади, севади, эркалайди, ҳатто ширин танбеҳлар беради. Уларнинг бу қилиқларидан севинамиз, завқланамиз, доимо бошимизга омон бўлинг қадрдонларим, дегим келаверади!
Do'stlaringiz bilan baham: |