I.2. Ш.Р.БАРОТОВНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ
“Бухоро нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиё минтақасини дунёга машҳур этган .... Бу муборак заминда ўтган азиз авлиёларнинг руҳлари қўллаган Бухоро аҳлини биз ҳаммамиз қўли гул, дили соф, иймони бутун ва иродаси бақувват кишилар сифатида жуда яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу пурмаъно сўзларини бежиз келтирмадик. Бугун ҳам Бухоро фарзандлари юртимизнинг илму ирфони, маърифату маънавиятининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ана шундай инсонлардан бири Бухоро давлат университетида психология фанининг ривожанишига муносиб ҳисса қўшаётган, Республикамиз ва МДҲ давлатлари психологлари орасида танилган етук олим, психология фанининг фидоийси ва жонкуяри Ш.Р.Баротовнинг ҳаёт йўли ва илмий ижоди ёшларимиз учун ибратдир, ҳамкасб ва устозлар учун фахрдир.
Ш.Р.Баротов 1960 йил 22 мартда Когон туманида таваллуд топди. 1960 – 1977 йилларда тумандаги 1-сонли мактабда аъло баҳоларда ўқиди. Мактабни тугатиб, Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) нинг бошланғич таълим усулиёти факультетига ўқишга кирди. Тез орада қатъиятли, аълочи ва ташкилотчи талаба сифатида профессор-ўқитувчилар эътиборига тушди. Ўша йиллар мазкур фан бўйича маҳаллий кадрларнинг тақчиллиги туфайли институт маъмурияти (1977) Ш.Баротовни психология кафедрасида ишга таклиф этди. У қисқа муддат институтда ёшларга психология фанидан сабоқ берди.
1985 йидан бошлаб Шариф Баротовнинг илмий фаолияти бошланди. У Москвадаги педагогика ва умумий психология илмий-тадқиқот институтида аввал стажёр-тадқиқотчи (1985-1987), сўнгра эса аспирант (1987-1990) сифатида илмий изланишлар олиб борди. 1990 йил мазкур институт илмий Кенгашида “Кичик ёшдаги ўқувчиларда меҳнатга фаол ижобий муносабатни тарбиялашнинг психологик хусусиятлари” мавзуидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
1990 йилдан бошлаб, Шариф Рамазонович ҳаёти, илмий фаолияти яна Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) да давом этди. Ёш олим ёшларга сабоқ бериш, олийгоҳдаги ташкилий ишларда фаол иштирок қилиш билан бирга илмий изланишларни давом эттирди.
Айниқса, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, институтлар негизида университетларни ташкил этилиши, уларни маҳаллий ва миллий кадрлар билан таъминлашга эҳтиёжни оширди. Истиқлол йилларида Ш. Р. Баротов (1998 й.) “Ўзбекистонда психологик хизмат ташкил этилишининг ижтимоий-психологик ва илмий-амалий асослари” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
“Ш.Р.Баротовнинг меҳнат фаолияти серқирра, у қайси лавозимда ишламасин, меҳнатсеварлик фазилати туфайли эътибор топди”, деб таъкидлайди Ўзбекистон-Туркманистон Дўстлик жамиятининг фаол аъзоси, адабиётшунос олим, ёзувчи ва таржимон Абдуғаффор ХОН. Дарҳақиқат, 30 ёшида фан номзоди, 38 ёшида фан доктори илмий даражасига эришган Шариф аканинг ибратли ҳаёт йўли ҳавас қилишга арзийди.
Бугун олимнинг 200 дан ортиқ илмий мақола, рисола ва монографияларини салкам 33 йиллик илмий ижоди ва нодир истеъдодининг самараси дейиш мумкин.
Ш.Р.Баротовнинг илмий ижодида мужассам бўлган қуйидаги хусусиятларни алоҳида қайд қилишни истардик.
Do'stlaringiz bilan baham: |