7.7. Маҳкамлаш учун ишлатиладиган материаллар ва
маҳкамлаш усуллари
Юкларни очиқ турдаги ҳаракат таркибига жойлаштириш ва маҳкамлаш учун тортиб маҳкамлаш ва ўраб маҳкамлаш учун материаллар, таянч ва тиргак сифатида ишлатиладиган бруслар, устунлар, тўшама-тагликлар, шитлар, турникетлар ва бошқа мосламалардан, ҳамда кўп марталаб ишлатилиш учун мўлжалланган стандарт маҳкамлаш воситаларидан фойдаланилади. Маҳкамлаш мосламаларининг ёғоч-тахтали қисмларини тайёрлаш учун тоғтерак, олча ва бошқа навдаги қуриган дархт бўлакларидан бошқа ҳар қандай навдаги соғлом дарахтларнинг ёғочи ишлатилиши мумкин. Фақат қисиш мақсадида ишлатиладиган таглик ва қистирмаларни тайёрлаш учунгина тоғтерак ва олча ёғочларидан фойдаланилиши мумкин. Юк жўнатувчи Техникавий шартларда кўзда тутилган маҳкамлаш унсурлари билан бир қаторда, мустаҳкамлиги бўйича улардан қолишмайдиган бошқа доимий ва кўп марталаб ишлатиладиган мосламалардан ҳам фойдаланиши мумкин. Бундай мосламаларнинг сифати ва мустаҳкамлиги учун жавобгарлик юк жўнатувчининг зиммасига юклатилади.
Устунлар думалоқ кесимли соғлом дарахт ёғочидан тайёрланади. Уларнинг пастки учининг диаметри 120-140 мм бўлиши, юқори учиники эса 90 мм дан кам бўллмаслиги лозим. Устунларни сифати иккинчи навдан паст бўлмаган, 90-120 кесимга эга бўлган толалари тўғри чизиқ бўйлаб жойлашган (8486-66 ДАСТ ва 2695-71 ДАСТ га мувофиқ келувчи) тилинган тахталардан тайёрлашга рухсат этилади.
Думалоқ шаклдаги ёғоч материаллари, қувурлар ва бошқа баъзи бир тахланадиган юклар ағанаб кетмаслиги учун ён тарафларидан жуфт устунлар билан маҳкамланади. Очиғ вагонларда улар ёғоч-тахта скоба кўринишида бирлаштирилиши (йўғон томони юқорида бўлиши ҳам) мумкин. Устунларни платформаларга ўрнатиш учун уларни ўзлари ўрнатиладиган уя ўлчамида тўрттала тарафи билан устун скобаларига тегиб турадиган қилиб йўнилади. Устуннинг пастки қисмидаги бир томонида 15 мм дан ортиқ бўлмаган бўш жой бўлишига йўл қўйилади. Бунда устун пона қоқиш ва понани унга 50-60 мм ли мих билан михлаб қўйиш йўли билан маҳкамланади. Қуйма ва пайвандланган скобаларнинг пастки қисмига, пастки ва юқорига қисмлардан иборат скобларнинг эса–пастки ва юқори қисмига пона берилади. Устуннинг пастки қисмидаги 80-100 мм ли жойи скобадан чиқиб туради. Қарама-қарши ён устунларнинг юқори қисми ёки юқори ва ўрта қисмлари кўнгдалангига маҳкамланиши лозим. Юкнинг юқори тарафидаги маҳкамлаш воситасидан юккача бўлган оралиқ 25-100 мм бўлиши, устунларнинг юқоридаги учигача бўлган оралиқ эса–50 мм дан кам бўлмаслиги керак. Ўртадаги маҳкамлаш воситаси юк боғланган жойдан пастки ва юқориги тахламлари унга тегмайдиган қилиб тайёрланиши лозим. Ён тарафдаги устунларнинг ички устун скобалари мавжуд бўлган платформа полидан баландлиги 3100 м дан кам, ташқи устун скобалари мавжуд бўлган платформа полидан баландлиги эса–2800 мм дан ортиқ бўлмаслиги керак. Бортларининг баландлиги 1880 мм бўлган тўрт ўқли очиғ вагонга ўрнатилган устунларнинг баландлиги бортлардан 900 мм дан, бортларининг баландлиги 2365 мм бўлган яримвогонларнинг бортларидан эса 400 мм дан ортиқ бўлмаслиги лозим. Кўндаланг ва ён томондаги скобаларга ўрнатилган қисқа ўлчамли устунларнинг узунлиги бортнинг баландлигидан паст бўлмаслиги керак.
Таглик-тўшама, қистирма, таян-тиргак сифатида фойдаланиладиган бруслар сифати учинчи навдан паст бўлмаган, (8486-66 ДАСТ ва 2569-83 ДАСТга мувофиқ келувчи) тилинган тахталар, турлича кесимдаги металлар, темирбетон ва ҳоказолардан тайёрланади. Тўшама ва қистирмалардан юкни механизациялаштирилган тарзда ортиш ва туширишни таъминлаш мақсадида фойдаланилади. Улар кенглиги ва узунлиги бўйича иккитадан ортиқ билмаган қисмлардан иборат бўлиши мумкин. Уларнинг қисмлари мих ва болтлар билан бирлаштирилади.
Тўшама ва қистирмаларнинг баландлиги 25 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Тўшамаларнинг узунлиги вагоннинг энига, қистирмаларнинг узунлиги эса–юкнинг энига тенг бўлиши керак. Қистирмалар, одатда, юкнинг охиридан 500 мм дан, устунлардан эса 300 мм дан кам бўлмаган масофада устма-уст қилиб тахланади.
Таянч брусларидан текис полга текис юзаси билан таяниб турадиган, платформанинг бутун майдончасини эгалламайдиган ва ён ва кўндаланг бортлар, ёки устунлар билан тутиб турилмайдиган предметларни маҳкамлашда фойдаланилади. Маҳкамлаш янада мустаҳкамроқ бўлиши учун таянч брусларига таянч бруслари билан кўндаланг томонга ўрнатилган устунлар орасига ўрнатиладиган тиргак бруслар қўшимча қилинади. Таянч-тиргак брусларининг баландлиги 50 мм дан кам бўлмаслиги лозим.
Тортиб ва ўраб маҳкамлаш учун мосламалар сим, металл таёқча, занжир, пўлат симлардан эшилган арқон (тросс) ва бошқа материаллардан фойдаланилиши мумкин. Тортиб маҳкамлаш мосламасининг бир учи юкнинг бирон қисмига, иккинчиси эса кўндаланг ва ён тарафлардаги устун скобаларига ёки очиғ вагоннинг боғловчи косинкасига маҳкамланади. Тортиб маҳкамлаш мосламаларини очиғ вагонларнинг ёғоч скобаларига, боғловчи ҳалқаларга, очиғ вагоннинг юқоридаги чорчўпига ва платформанинг ён тарафдаги устунларига ва бошқа қисмларига маҳкамлаш мумкин эмас. Ёғоч бортли платформаларда тортиб маҳкамлаш мосламалари бортнинг остидан, металл бортли платформаларда эса–борт остидан ёки борт орқали ўтказилади. Тортиб (ўраб) маҳкамлаш мосламаси камида иккита ипдан иборат бўлиши лозим.
Юкни маҳкамлашда юмшоқ, олов билан ишлов берилиб тобланган, диаметри 4 мм дан кам бўлмаган симдан фойдаланилади (3282-74 ДАСТ). Унинг ташқи юзасида ёриқлари ва ғадир-будурлари ва ҳоказолар бўлмаслиги, буралиб-ешилиб кетмаган ва қатламлашмаган бўлиши лозим. Тортиб ва ўраб ёки бошқача усулда маҳкамлашда ишлатиладиган алоҳида симларнинг узунлиги бир хил бўлиши керак. Симлар кичкина мисранг (ломча) билан эшилади. Бир хил диаметрдаги сим ўрнига бошқа бир хил диаметрдаги симдан фойдаланилиши мумкин. Масалан диаметри 6 мм ли иккита сим диаметри 5 мм ли учта ёки 4 мм ли бешта сим билан алмаштирилиши мумкин.
20 мм кўндаланг кесимли ва 3-4 мм қалинликдаги думалоқ шаклга эга бўлмаган симдан, ҳамда сим арқончанинг алоҳида диаметри 1 мм ли иплари фабрика усулида эшилган бўлса, ундан маҳкамлаш учун фойдаланилиши мумкин. Диаметри 1 мм ли симлардан 16 та ипли, 2 мм ли симлардан, 4 та ипли, 3 мм ли симлардан эса иккита ипли арқон эшилади. Тортиб (ўраб) маҳкамлашда фойдаланилган симлардан такроран фойдаланиш таъқиқланади.
Кўндаланг тўсиқнинг шитлари текис юзали юклар (елим ёки бошқача суюқлик шимдирилган ёғоч-тахта материаллари, тилиниб рандаланган тахта материаллари тахлами ичидаги, айниқса унинг юқори қисмидаги ишқаланиш кучи, бўйламасига силжиб кетишини таъминлай оладиган даражада бўлмаган ҳолларда бундай тахламларни тўсиб ҳимоялаш учун ишлатилади. Бундай материаллар кўндаланг тарафга ўрнатилган устунларга, устунларга юк томонидан тахта қоқиб тахланади. Шитларни платформанинг полига ҳам ўрнатиш мумкин. Бундай ҳолда улар остки тарафидан таянч бруслари билан устки тарафидан эса тортиб маҳкамлаш мосламалари билан маҳкамланади.
Таянч-тиргак бруслари ва бошқа ёғоч қисмларни маҳкамлашда диаметри 3-8 мм, узунлиги 70-250 мм ли михлардан фойдаланилади (283-75 ДАСТ ва 4028-63 ДАСТ). ёғоч дарз кетмаслиги учун мих тик ҳолатда қоқилади. Қаттиқ ёғочли дарахтлар (эман, граб ва ш.к.) ёғочидан тайёрланган қисмларга мих қоқишдан аввал пармалаб тешик очиб олинади. Қоқилаётган мих вагон полининг тахтасига ҳам қоқилиши учун унинг узунлиги маҳкамлаш қисмининг қалинлигидан 50-60 мм га узун бўлиши лозим.
Юкни катта қайрилма мих (костил) ва скобалар билан тўшамага маҳкамлашга рухсат этилади. (Диаметри 8 мм дан катта скоба ва костилларни вагон полига қоқиш ман этилади). Юкларни маҳкамлаш учун ДАСТга мувофиқ келувчи болт, қисқич ва винтлардан фойдаланилиши мумкин. Баъзида маҳкамлаш қисмларини ўзаро ва юк билан электр пайвандлагич билан бирлаштирилади. Бунда пайванд чокининг сифати ва бирлаштирилган жойларнинг мустаҳкамлиги учун жавобгарлик юк жўнатувчининг зиммасига юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |