Мамлакат ва унинг регионлари ишлаб чиқарувчи кучларининг жадал ривожланишида иттифоқдош республикалар ва иқтисодий районларнинг маълум ишлаб чиқариш тармоқлари бўйича ихтисослашиши асосида ижтимоий ишлаб чиқариш территориал тузилишини такомиллаштириш мухим ахамият касб этади. КПСC XXVI съезди қарорларида: “Мамлакатнинг яхлит халқ хўжалиги комплексида иттифоқдош республикаларнинг ва иқтисодий районларнинг хўжаликларини тобора ихтисослаштириш хамда пропорционал ривожлантириш асосида ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқарувчи кучларнинг жойлаштирилишини яхшилаш таъминлансин”, - деб таъкидланди (КПСC XXVI съездининг материаллари, Т., “Ўзбекистон”, 1981, 253-бет).
Бу вазифани муваффақиятли хал этишда иттифоқдош республикалар ишлаб чиқарувчи кучларини территориал жихатдан ва тааллуқли район бўйича оиқлона жойлаштириш мухим роль ўйнайди. Бунда иттифоқдош республика ишлаб чиқаришнинг структура характерини, республика иқтисодий районлари ривожланиш даражасини белгиловчи мухим табиий-иқлим шароитларини хамда социал иқтисодий факторларни хисобга олиш лозим. Иттифоқдош республика иқтисодий районларининг минерал-хом ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалик хом ашёларидан комплекс фойдаланиш, шунингдек, бу районларнинг индустриал ривожланиш даражаси мутаносиб кечишини таъминлаш зарур. Зеро, ушбу районлар хўжалик структурасининг такомиллаштирилиши, ишлаб чиқаришнинг чуқур ихтисослаштирилиши асосида уларда ишлаб чиқарувчи кучлар жадал ўсмоқда. Республика ишлаб чиқарувчи кучлари районлар бўйича ташкилий тузилишининг аниқ йўналишини белгилаб олишда социал фактор катта роль ўйнайди. Бу биринчи навбатда, бугунги кунда бутун мамлакатда ва унинг регионларида рўй бераётган демографик жараёнлар, шунингдек ахолининг ва мехнат ресурсларининг территориал жойлашиши ва уларни такрор ишлаб чиқариш суръатларининг ўзига хосликлари билан боғлиқ.
Мамлакатнинг Марказий районлари, Болтиқбўйи республикалари, Сибирда бугунги кундаёқ мехнат ресурслари тақчиллиги сезилмоқда. Бу жараён келажакда янада кучаяди. Ўрта Осиё, Закавказье республикалари, яъни ахоли ва мехнат ресурсларининг табиий ўсиш суръати умумиттифоқ даражасидан қарийб уч баробар юқори бўлган жойларда эса жадал ўсаётган мехнат ресурсларини банд этиш проблемаси юзага келмоқда. Демак, у холда хам, бу холда хам ушбу мухим социал муаммони хал этиш районлар бўйича ишлаб чиқарувчи кучларни территориал йўналишда ташкил этиш ва ижтимоий ишлаб чиқариш структурасини такомиллаштиришга дифференциал ёндашишни талаб этади. Мехнат ресурсларига бой районларнинг регионал шароитларидан келиб чиқиб, - бизнинг республика хам шундай районлар қаторига киради, - саноатнинг ташкилий тузилиши ва унинг тармоқларини жадал ривожлантириш йўлларини танлашда тўғри тўхтамга келиш долзарб масаладир. Зотан, уларнинг жадал ривожлантирилиши мехнат ресурслари бандлиги муаммосини оқилона хал этиш имконини беради. Айни вақтда республикамизнинг мехнат ресурсларига бой районларида (Фарғона иқтисодий райони хам шу жумлага киради) саноатни жадал ривожлантириш социал фактор бўлибгина қолмай, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини фан-техника тараққиёти асосида ошириш ва шу каби талаблардан келиб чиқадиган заруратдир.
КПСC XXVI съездида саноат структурасини такомиллаштиришга асосий илмий-техникавий ва социал-иқтисодий вазифаларни хал этишнинг мухим факторларидан бири сифатида қаралди. “Саноат ишлаб чиқаришнинг структураси такомиллаштирилсин, ундирма ва ишлов бериш тармоқлари ривожида балансликни, халқ хўжалигидаги техника тараққиётини белгилайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадал кўпайтириш таъминлансин”, - деб таъкидланди съезд материалларида (КПСC XXVI съездининг материаллари, 202-бет).
Бу республкиамиз саноат ишлаб чиқаришининг ҳам олдида турган муҳим вазифадир. Бу вазифанинг Фарғона иқтисодий районида амалга оширилиши масаласини ҳал этиш метод ва йўлларини уўбу районнинг ўзига хос шароитларидан келиб чиқиб белгилашни тақозо этади. Айни вақтда, бу районнинг республика ишлаб чиқариш кучлари системасида тутган ўрни ва ролини ҳисобга олмоқ, халқ хўжалиги пировард натижасига қўшадиган ҳиссаси мунтазам оширилиб бориши зарурлигини ёдда тутмоқ лозим. Республика иқтисодий районлари саноати структурасини такомиллаштириш муаммосининг иқтисодий аҳамияти моҳиятан уни такомиллаштирувчи ва комплекс ривожланиши бундан буён ҳам унинг барча ресурсларидан ҳар томонлама ва тўла қўлланилишида намоён бўлади. Бу мазкур район иқтисодий потенциалининг янада ўсишга, республика миллий даромади ва ялпи маҳсулотидаги ҳиссасининг ошишига олиб келади.
Шу боисдан, республикамиз саноат структурасини такомиллаштириш проблемасини Фарғона иқтисодий районининг ҳам регионал шароитига мос равишда ҳал этиш беқиёс социал-иқтисодий аҳамият касб этади. Мазкур район саноат структурасини такомиллаштиришнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги унинг республика ишлаб чиқариш кучлари тараққиётидаги роли ва аҳамияти билан белгиланади. Фарғона иқтисодий райони – пахтачилик, ғаллачилик, ипакчилик ва боғдорчилик юксак ривожланган район. бугунги кунда республика умумий пахта ҳосилининг 28 проценти, ипакнинг 47 проценти шу ерда тайёрланмоқда. Бу, албатта, Марказий Фарғонадаги қриқ ерларни ўзлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг мунтазам ривожлантирилиши самарасидир. Зотан, фақат 1965-1983 йиллар мобайнидаги мазкур районда пахта етиштириш 1302 минг тоннадан 1561 минг тоннага, ғалла шунга мувофиқ равишда 67.8 минг тоннадан 509.7 минг тоннага, сабзавот 110.7 минг тоннадан 748.0 минг тоннага, узум 29.6 минг тоннадан 118.6 минг тоннага ўсди (Народное хозяйство УзССР за 60 лет. Т. “Узбекистан”, 1984, стр. 120-130, 138-140).
Бу ерда қишлоқ хўжалиги билан биргаликда саноат ҳам жадал суръатда ўсди. У асосан агросаноат комплекси, яъни пахтачилик машиналари, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, етиштирилган пахта хом ашёга қайта ишлов бериш талабларидан келиб чиқиб ривожланди.
Енгил саноат, пахта тозалаш ва химия саноати юқори суръатда тараққий этди. 1965-1983 йиллар мобайнида Фарғона иқтисодий районининг саноат ишлаб чиқариш ҳажми 3.5 баробар, асосий ишлаб чиқариш фондларининг қиймати 3.6 саноатда банд бўлган ишчи ходимлар сони эса 2.1 баробар ўсди. Турли хил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ошди, ассортимент кенгайди. 1965-1983 йиллар давомида йиғма темир бетон конструкция ва деталлари ишлаб чиқариш – 3.6, ипак газламалар – 3.7, чарм пойабзал – 5.2, сут маҳсулотлари 3.9 баробар ўсди.
Бугунги кунда республика ялпи саноат маҳсулоти умумий ҳажмининг 20.5 проценти, саноат ишлаб чиқариш ишчи-ходимлар умумий сонининг 22.3 проценти ҳамда саноат ишлаб чиқариш асосий фондлари қийматининг 18.4 проценти мазкур район саноати хиссасига тўғри келади.
Кейинги йилларда янги корхоналарнинг қурилиши, мавжудларининг кенгайтирилиши ва реконструкция қилиниши асосида саноат ишлаб чиқариши ихтисослашуви кучайди. Агар 1965 йилда районда тармоқларнинг умумиттифоқ ихтисослашувидаги ялпи саноатмаҳсулоти умумий хажми солиштирма улуши иттифоқдаги кўрсаткичга нисбатан 72.6 процент бўлган бўлса, 1983 йилга келиб бу миқдор 91.7 процентга етди. Райондан четга жўнатилаётган саноат маҳсулотлари хажми ҳам анча ўсди. Агар 1965 йилда бу кўрсаткич ишлаб чиқарилаётган умумий маҳсулотга нисбатан 24.7 процентини ташкил қилган бўлса, 1983 йилга келиб 40.2 процентдан ошиб кетди. Булар ҳаммаси саноатнинг умумиттифоқ миқёсида ихтисослашган тармоқлар – ушбу район ахолиси ва хўжалиги эхтиёжларини акс эттирувчи тармоқлар ривожланганлиги, шунингдек унинг комплекс ривожланишининг кучайганлиги, кўп тармоқли характерда эканлигидан далолат беради. Бу ерда машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноатлари ишлаб чиқариш жиҳатидан ихтисослашган энг муҳим тармоқлар ҳисобланади. Улар иқтисодий районнинг республика халқ хўжалигида тутган ўрни ва ролини белгилайди. Уларнинг ичида қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишловчи ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ипакчилик, консерва, виночилик саноатларини алоҳида тилга олиш лозим. Зотан, саноат ялпи маҳсулотининг ярмидан кўпроғи шу тармоқлар ҳиссасига тўғри келади. Бу маҳсулотнинг салмоқли қисми райондан четга чиқарилади.
Химия саноати райондаги муҳим ва бирмунча истиқболли тармоқлардан ҳисобланади. Унда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш алоҳида ўрин тутади. Шу характердаги корхоналардан бири – Фарғона азотли ўғитлар химия комбинати маҳаллий газ хисобига ишламоқда. Қўқонда ва Жанубий Қозоғистондан келтириладиган фосфоритлар хисобига суперфосфат заводи ишлаб турибди. Қувасойда пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши ишлатиладиган захарли химикатлар ишлаб чиқарувчи гидролиз заводлари, Попда эса ягона резина пойабзал заводи ишлаб турибди. 1969 йили ишга туширилган Фарғона химиявий толалар заводи республикамизда химиявий тола ишлаб чиқаришга ихтисослашган илк корхона эди. Шу корхонанинг иккинчи навбати 1977 йилда фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда Фарғона иқтисодий райони республикамизда ацетак ипак, минерал ўғит ва шу кабиларни ишлаб чиқаришда алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, бу ерда халқ истеъмоли характеридаги кўплаб химиявий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Маҳсулот хажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш бўйича ҳозирги босқичда амалга оширилаётган йирик тадбирлар район химия саноатини янада жадал ривожлантиришга, унинг мазкур район ва республика иқтисодий юксалишидаги ролини кучайтиришга йўналтирилган.
Машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати бир қанча тармоқлардан иборат. Энергетика машинасозлиги трансформатор, электродвигатель ва бошқа машиналарни ишлаб чиқарувчи корхоналарни бирлаштирган. Буларга Наманган трансформатор, Қўқон электр машинасозлиги, Андижон Электродвигатель электроаппаратлар заводи ва шу кабилар киради. Дизель насослари, планировкачи экскаваторлар ишлаб чиқарувчи Андижон машинасозлик заводи хамда бульдозер, скрейпер, ариқ ковловчи ва бошқа машиналар ишлаб чиқарувчи Андижон ирригация машиналари заводи йўл қурилиши ва коммунал машинасозлиги ўз ичига олади.
Енгил ва озиқ-овқат саноатига ускуналар ишлаб чиқариш район машинасозлиги тараққиётида сезиларли роль ўйнайди. Бу борада Қўқон тўқимачилик машиналари, Андижон Коммунар механика заводлари энг йирик корхоналар ҳисобланади. Уларда тўқимачилик, пахта тозалаш ва шу каби бошқа завод, фабрикалар технологик жиҳоз ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.
Мавжуд корхоналарнинг реконструкция қилиниши ва янгиларининг қурилиши ҳисобига ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиши таъминланаётган бир шароитда мазкур район хўжалиги тараққиётида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қай даражада ва қандай структурада йўлга қўйилганлиги улкан ахамият касб этади.
Бу тармоқда 1919 минг тонна цемент, 143 минг тонна қурилиш оҳаки, 96 минг тонна шартли шифер ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Қувасой цемент заводи энг йирик корхона ҳисобланади. Районда бундан ташқари қурилишни индустрлаштириш даражасини оширишда муҳим роль ўйновчи бир қанча цемент заводлари, йиғма темир бетон конструкцияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Капитал қурилиш эҳтиёжларининг маълум қисмини қондиришда райондаги деворбоп материаллар корхоналари муҳим ахамият касб этмоқда. Бу корхоналарнинг асосий қисми ғишт заводларидан иборат.
Фарғона иқтисодий районида қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлаш асосида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш комплекси юзага келди. У районнинг республика ҳамда уммуиттифоқ меҳнат тақсимотидаги роли ва ишлаб чиқариш ихтисослашувини белгилайди.
Мазкур районнинг енгил саноати пахта тозалаш заводларидан ташқари “Атлас” ишлаб чиқариш бирлашмаси, Марғилон ипак комбинати, ипак тўқув ва пойабзал фабрикалари, Фарғона тўқимачилик комбинати, Наманган ипак газламалар комбинати, Андижон трикотаж фабрикаси каби йирик корхоналарга ҳам эга. Бу ерда, шунингдек, Ўрта Осиёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланмиш Қўқон пайпоқ йигирув комбинати, республикада ягона бўлган. Советобод тери ошлаш-экстракция заводи, Поп нотўқима материаллар фабркиаси, Қувасой чинни заводи ва бошқа корхоналар ишлаб турибди. Енгил саноат корхоналарида маҳаллий хом ашёдан ип газлама, жун ва ипак газламалар, пойабзал, трикотаж ва аҳоли эҳтиёжини қондиришда зарур бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бу ерда бугунги кунда озиқ-овқат саноати ҳам юксак даражада ривожланган. Унинг ишлаб чиқариш юксалиши техника тараққиётининг жадаллашуви, хом ашё базасининг мустаҳкамланиши ва турли хил озиқ-овқат маҳсулотларига аҳоли эхтиёжининг ошиши билан изоҳланади.
Район озиқ-овқат саноати ёғ-мой, ёғ-пишлоқ, сут, гўшт, виночилик, мева-сабзавот, ун-ёрма, нон, кондитер ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларидан иборат.
Фарғона иқтисодий райони ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш хажми бўйича (бу миқдор республикада ишлаб чиқариладиган ёғнинг 42.3 процентини ташкил этади) республикада биринчи ўринда туради. Ёғ-мой саноати район аҳолиси ва қатор тармоқлари эхтиёжини тўла қондиргани холда, ишлаб чиқарилаётган ёғ умумий хажмининг 40 процентдан кўпроқ қисмини республикамизнинг бошқа районларига етказиб бермоқда. Саноатнинг ишлаб чиқариш-техника потенциалининг ривожланиши ва мустаҳкамланиши пировард натижада саноат маҳсулоти ўсишига, районнинг умумреспублика ишлаб чиқаришидаги ролининг ошишига хал қилувчи таъсир кўрсатди. Ҳозирда республика ипак хом ашё ишлаб чиқаришининг 63 проценти, ипак газламанинг – 90.1, пахта толасининг – 28.1, ички трикотажнинг – 45.7, йиғма темир бетон конструкция ва деталларнинг – 18, чарм пойабзалнинг – 39.5, ўсимлик ёғининг – 42.3, консерва маҳсулотларининг – 31.9, вино маҳсулотларининг 22.0 проценти Фарғона иқтисодий райони хиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, бу кўрсаткич электр двигателлари бўйича – 100, марказдан қочирма насослар бўйича – 70, нефть махсулотлари бўйича 31.9 процентни ташкил қилади (Народное хозяйство УзССР за 60 лет. Т. “Узбекистан”, 1984, стр. 81-104).
Фарғона иқтисодий райони ихтисослашган ва бошқа баъзи тармоқлар бўйича ахоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқаришда республикадаги, баъзи кўрсаткичлар бўйича эса хатто иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Масалан, ҳозирги кунда бу ерда аҳоли жон бошига республикадаги ўртача даражага нисбатан ипак газлама – 3.4, ички трикотаж – 2.6, пойабзал – 1.4, ўсимлик мойи – 1.6, мева сабзавот консервалари 1.3 баробар кўп ишлаб чиқарилмоқда. Юқорида тилга олинган саноат маҳсулотларининг кўп турлари бўйича йиллик ўсиш республика ўртача кўрсаткичидан юқори бўлмоқда. Бироқ, электр энергия, пахта-тола, гўшт, ўсимлик мойи, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда район республикадаги йиллик ўртача кўрсаткичлардан орқада қолмоқда.
Кейинги йилларда республика саноат ишлаб чиқариши умумий хажмида район саноатининг улуши қисман камайганлиги сезилди. Бу кўрсаткич 1965 йилда 24.7 процент бўлган бўлса, 1983 йилда 23.3процентни ташкил этди. Бундай камайиш район саноатининг ишлаб чиқариш асосий фондлари билан қуролланишида ҳам кузатилмоқда. Айни вақтда республика саноат ишлаб чиқариш ишчи-ходимлари умумий сонида район саноатининг хиссаси ошмоқда. Бу саноат махсулоти ишлаб чиқаришда мехнат сарфининг ўсаётганлиги, саноат корхоналаридаги ишчилар сонининг нормадан юқори даражадалигидан дарак беради. Бунинг боиси шундаки, Фарғона иқтисодий райони санотанинг ривожланиш даражаси суръатига бу ердаги демографик ўзига хослик ўз таъсирини ўтказмоқда. Бугунги кунда район аҳолисининг табиий ўсиши жиҳатидан энг олинги ўринлардан бирида туради. Бу кўрсаткич бу ерда ҳар 1000 кишига 28.5 кишини (республика бўйича эса 27.8 кишини) ташкил этади. Район аҳолиси фақат 1970-1982 йиллар мобайнида 3138 минг кишидан 4684 минг кишига, яъни 37.3 процент ўсди. Ахоли ва мехнат ресурсларининг жадал ўсиши район ишлаб чиқариш кучларининг ривожланишида мухим фактор бўлгани холда, у айни вақтда мехнат ресурсларини оқилона жойлаштириш, малакали кадрларни тайёрлаш, моддий турмуш даражасини ошириш ва шу кабилар билан боғлиқ бир қатор социал проблемаларни вужудга келтиради. Шу боисдан Фарғона иқтисодий райони саноатини шундай суръатда ривожлантириш зарурки, пировард натижада бу проблемаларни оқилона хал қилиш мумкин бўлсин. Айни вақтда райондаги областлар (Фарғона, Наманган, Андижон) саноати турли даражада ривожланганлиги, уларнинг ресурс имкониятлари, шунингдек ушбу областларнинг индустриал тараққиёти даражасини мутаносиблаштириш заруриятини хисобга олмоқ лозим. Шу билан биргаликда, эндиликда фан-техника тараққиётини тезлаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш асосида саноатни интенсив ривожланиш йўлигаолиб чиқиш вазифаси турибди. Булар хаммаси саноатнинг тармоқ ва территориал структурасини такомиллаштириш йўли билан уни интенсив ривожланиш йўлига олиб чиқиш борасида зарур изланишларни тақозо этмоқда.
Фарғона иқтисодий районининг шаклланиши ва ривожланишида, унинг самарадорлигининг ўсишида тармоқ ва ишлаб чиқариш ривожланиш суръатига планли асосда таъсир этиш орқали амалга оширилган структуравий силжишлар мухим роль ўйнади. Бу ўзгаришларнинг характер ва хусусиятлари районнинг социал иқтисодий тараққиётидаги хар бир босқичдан, шунингдек янги корхоналар қурилиши, мавжудларининг кенгайтирилиши ва реконструкция қилинишидан иборат объектив шароитлардан келиб чиқади. шу боисдан тармоқлар ривожланиши масштаби ва йўналишига планли таъсир этиш тажрибасини ўрганиш, шунингдек, тармоқларнинг структуравий силжиши самарадорлигининг қиммати мухим ахамият касб этади. район саноати тармоқ структураси ривожланишини анализ қилиш уни такомиллаштириш жараёнида ижобий анъаналар юзага келганлигидан далолат беради. Масалан, 1965-1983 йиллар ичида электроэнергетика, озиқ-овқат саноати хиссаси қисман пасайгани холда, химия ва нефть-химия, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати, енгил саноат хиссаси бирмунча ошди.
Бу ерда етмишинчи йилларга келиб янги тармоқлар – қора ва рангли металлургия, шиша-чинни ишлаб чиқариши шаклланди. Натижада оғир саноат тармоқларининг район саноат маҳсулотлари умумий хажмидаги хиссаси 1965 йилдаги 21.8 процентдан 1985 йилда 27.05 процентга ўсди. Айни вақтда саноат структурасида енгил саноатнинг улуши хамон юқори бўлиб, у 53.1 процентни, озиқ овқат саноатининг улуши эса 18.7 процентни ташкил этмоқда.
Саноат маҳсулотининг тармоқ структураси район саноатининг регионал хусусиятларини, яъни унинг қишлоқ хўжалиги билан, пахта-тола, ипак ва агросаноат комплекси бошқа турдаги маҳсулотларини ишлаб чикариш умумиттифоқ ихтисослашуви билан чамбарчас алоқасини характерлайди.
Фарғона иқтисодий районининг пахта ва бошқа маданий экинлар етиштиришга ихтисослашуви мавжуд қулай табиий иқлим шароитларига ва аҳоли меҳнат малакаларининг тарихан ўзига хослигича асосланилади. Экономиканинг ихтисослашуви ва комплекс ривожланиши саноатни фақат пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини дастлабки ишлаш йўналишидагина эмас, балки айни пайтда бу маҳсулотларни етиштириш учун зарур бўлган техникани ишлаб чиқариш, минерал ўғитлар, дефолиант ва бошқа химиявий препаратларни-дастлабки қайта ишлаш, шунингдек қишлоқ хом ашёсидан аҳоли учун тайёр моллар ишлаб чиқарадиган тармоқларни кенг ривожлантириш йўналишида тараққий эттириш заруратини келтириб чиқарди.
Ҳозирги кунда саноат ялпи маҳсулотининг 72 процентдан зиёдроғи қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ тармоқлар, жумладан, унинг 22.5 проценти пахта тозалаш тармоғи ҳиссасига тўғри келади.
Айтиб ўтиш керакки, кейинги ўн йилликда (1970-1983 йиллар) саноат ишлаб чиқариши умумий хажмида маълум фактор ва шарт-шароитлар таъсирида элктр энергетика, ёқилғи, қурилиш материаллари саноати улуши бирмунча орқада қолди. Жумладан, ёқилғи тармоғининг ривожланиш суръатига қазиб чиқарилаётган нефть ва бошқа ресурсларнинг камайиши, уларни қазиб чиқариш ва қайта ишлашдаги ижтимоий харажатларнинг ўсиши ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шу билан биргаликда машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, химия индустриясининг хиссаси ошди.
Саноат тармоқ структурасида енгил саноат улушининг бир қадар пасайишини шу билан изоҳлаш мумкинки, бу ерда енгил саноат таркибига кирувчи пахта тозалаш тармоғи хал қилувчи ўринлардан бирини эгаллайди. Унниг иши эса, маълумки, пахта тайёрлаш суръати билан боғлиқ. Пахта тозалаш саноатининг енгил саноат маҳсулотидаги хиссаси хатто юқори даражада (42.3 процент) бўлгани, трикотаж, ипак, тикув ва бошқа тармоқларнинг юқори суръатда ўсаётгани холда, енгил саноат индустриясининг район барча саноат маҳсулотлари умумий хажмидаги улуши камайганлигига ҳам сабаб ана шудир. Саноатнинг тармоқ структураси ривожланиши ва такомиллашувидаги ўзига хосликни ишлаб чиқариш асосий фондлари динамикаси ва уларнинг структурасини анализ қилиш орқали ҳам кузатиш мумкин. 1965-1985 йиллар ичида саноат ишлаб чиқариш асосий фондлари 3.5 баробар ўсди. Фактлар кўрсатадики, саноат ишлаб чиқариш асосий фондларининг ўсиши бирмунча юқори бўлган тармоқларда бу кўрсаткич қуйидагича: ёқилғи саноатида – 3.2, химия саноатида – 4.6, машинасозлик ва металлни қайта ишлашда 6.2 баробар бўлган. Бу кўрсаткичларга, асосан, бир қатор йирик корхоналарнинг қурилиши, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайтирилиши, техникавий қайта қуроллантирилиши эвазига эришилган. Шу мақсадларга 1970 йилда – 90.4, 1975 йилда – 135.5, 1983 йилда эса 185.1 миллион сўмлик капитал маблағ сарфланди. 1965-1983 йиллар ичида Фарғона иқтисодий райони ялпи саноат маҳсулоти умумий хажми қарийб 3.6 баробар ўсгани холда, электроэнергетика фақатгина 1.9 баробар, саноат қурилиши материаллари эса 2.0 баробар ўсди. Ўнинчи беш йилликда химия ва нефть химияси саноати, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, енгил саноат (пахта тозалаш саноатидан ташқари), озиқ-овқат саноатлари бирмунча тез суръатларда ривожланди.
Фарғона иқтисодий райони электроэнергетика ишлаб чиқариши халқ хўжалигининг барча соҳалари билан кенг алоқада. Ялпи маҳсулотнинг – 1.0 проценти, асосий фондларнинг – 16 проценти ва район саноатида банд бўлган ишчи ходимлар сонининг 2.1 проценти шу тармоқ ҳиссасига тўғри келади.
1983 йилда, асосан, кўмир ва газ билан ишловчи иссиқлик станциялари хисобига 1893.9 миллион киловват-соат электр энергия ишлаб чиқарилди. Бу тармоқдаги энг йирик корхоналар қаторига Қувасо ГРЭСи, Фарғона ва Қўқон ТЕЦлари киради. Уларнинг ичида В.И.Ленин номидаги Фарғона ТЕЦининг лойиха энергия қуввати 430 МВТ, Қувасой электростанциясининг қуввати 36 МВТдир. Бундан ташқари, ушбу регионда кўплаб кичик район электростанциялари мавжуд бўлиб, улардаги электр энергия таннархи анчагина юқори. Районда саноат ва қурилишда – 60, қишлоқ хўжалигида – 25.1, транспортда – 3.4, маиший хизмат хўжаликларида 11.5 процент электр энергия сарфланади. Район электроэнергетикасидаги асосий камчилик шундан иборатки, мавжуд кичик ва кам тежам электростанциялар хўжалик тармоқларида доимий ва ишончли энергия таъминотини йўлга қўйишга халақит беради. Уларнинг кўпчилиги замонавий техника билан етарли даражада қуроллантирилмаган. Булар хаммаси район экономикаси ривожланишига салбий таъсир этади. Район саноати ялпи махсулотининг 6.5 проценти ишчи-ходимлар сонининг 2.8 проценти ва асосий фондларнинг 19.2 проценти ёқилғи саноати хиссасига тўғри келади.
Республика нефть қазиб чиқариш саноатида Фарғона иқтисодий райони асосий ўринни эгаллайди. Бу ерда “Фергананефтеоргсинтез” ишлаб чиқариш бирлашмасига кирувчи Олтиариқ ва Фарғона заводлари ишлаб турибди. Фарғона заводи 38 турдан ортиқ нефть махсулотлари, яъни юқори индексион сурков мойлари (компрессор, трубина, трансформатор, урчуқ мойлари), юқори октанли бензин, дизель ёнилғиси, парафин ва шу кабиларни ишлаб чиқаради. Каталик пиформинг ускуналарининг ўрнатилганлиги ва адгезиоз присадкалар (қўшимчалар) ишлаб чиқарилиши нефть маҳсулотлари сифатини анча яхшилади. Олтиариқ заводи автобензин, керосин, мазут ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Бу заводлар Фарғона водийсидан олинаётган нефть кам миқдорда эканлиги боисидан, асосан, Ўрта Осиё республикалари ва Сибирдан келтирилаётган маҳсулот хисобига ишлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |