15-модда. Битимларни расмийлаштириш тартиби 1. Оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи мол-мулкни янги мулкдорга топшираётганда унга мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер беради. Ордернинг нусхаси, давлат божининг миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
2. Давлат корхоналари ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер ҳақнинг биринчи бадали тўлангач берилади. Корхонанинг қиймати бутунлай тўлаб бўлингунга қадар оммавий мулк объектини тасарруф этувчи мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши, шу жумладан оммавий мулк объектларини тасарруф этувчининг розилигисиз бу мулкни сотишни ва текинга беришни тақиқлаб қўйиши мумкин
16-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш учун маблағлар манбаи 1. Қуйидаги маблағлар мол-мулкни сотиб олиш учун манба бўлади:
жисмоний шахсларнинг шахсий маблағлари, давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг ўз маблағлари, кредитлар, Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган усуллар билан олинган бошқа молиявий маблағлар.
2. Давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат корхонаси меҳнат жамоасининг аъзолари корхонани қуйидаги манбалар ҳисобига сотиб олишлари мумкин:
соф фойданинг меҳнат жамоаси аъзолари мулки бўлган қисми;
амортизация ажратмалари ҳамда меҳнат жамоасининг мулки бўлган ва давлат корхонасида ишлатиладиган мол-мулкни сотишдан келган тушум;
банк кредитлари ва ўзга қарз маблағлари,
меҳнат жамоаси аъзоларининг шахсий маблағлари,
давлат мулки бўлмаган бошқа маблағлар.
3. Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан давлат мулкини сотиб олиш манбаи сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
17-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлардан фойдаланиш 1. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан олинган маблағ Ўзбекистон Республикасининг ва халқ депутатлари маҳаллий Советларнинг оммавий мулки ҳисобланади.
2. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан келган даромадлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш махсус фондларида жамланади. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш фондларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.