Педагогика фанлари доктори проф. М.Х. Махмудов
Нуруллаева Шахло Уктамовнанинг “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчилари
педагогик тайёргарлигини моделлаштириш назарияси ва методикаси” мавзусидаги 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (бошланғич таълим)
ихтисослиги бўйича педагогика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация авторефератига
ТАҚРИЗ
Республикамизда ривожланган демократик ҳуқуқий жамият қуриш йўлида глобал аҳамиятга молик бўлган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги давлат сиёсатида “Узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш”1 устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда бўлажак бошланғич синф ўқитувчилари педагогик таълимини моделлаштириш муаммосининг тадқиқи муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.
Тадқиқотчи Нуруллаева Шахло Уктамовнанинг 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (бошланғич таълим) ихтисослиги бўйича “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчилари педагогик тайёргарлигини моделлаштириш назарияси ва методикаси” мавзусидаги тадқиқот иши ана шундай долзарб педагогик муаммога бағишланганлиги билан эътиборга моликдир.
Ш. Нуруллаева автореферати тўрт қисмдан иборат бўлган ҳолда тадқиқот ишининг долзарблиги асослаб берилган, муаммонинг ўрганилганлик даражаси таҳлил қилинган, тадқиқот мақсади, вазифалари, янгилиги, ҳимояга олиб чиқилаётган ҳолатлар, тадқиқот натижаларининг аҳамияти каби масалалар ёритилган.
Нуруллаева Шахло Уктамовна мазкур тадқиқот ишини бажариш жараёнида ўз олдига қуйидаги вазифаларни белгилаб олади:
Моделлаштириш ва педагогик моделлаштириш муаммосини ҳамда бўлажак ўқитувчилар педагогик тайёргарлигига доир қарашларни таҳлил қилиш;
бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини педагогиктайёрлаш моделлари иерархиясини ишлаб чиқиш;
педагогик таълим жараёнида талабаларни педагогик, психологик ва методик тайёрлаш методикасини тайёрлаш;
талабалар ва ўқитувчиларни виртуал таълим муҳитида ўз устида ишлаш методикасини такомиллаштириш;
тадқиқот муаммосига доир ишлаб чиқилган методикани педагогик эксперимент давомида синовдан ўтказиш ва бўлажак ўқитувчиларни педагогик жараёнга тайёрлаш самарадорлигини оширишга доир илмий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш.
Санаб ўтилган ушбу вазифалар тадқиқотчи томонидан тўлиқ бажарилган ва у ишнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилган.
Шунингдек, тадқиқот ишининг “Зaмонaвий олий тaълим тизимидa педaгогик таълимни тaшкил этишнинг нaзaрий aсослaри” номланувчи биринчи боби Ўқитувчиларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини инобатга олган ҳолда ҳар қандай даврда ҳам педагогик таълим муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. Ўрта аср Ғарб файласуфлари ушбу муаммони жамиятдаги методологик муаммолар қаторида таҳлил қилган бўлсалар, Шарқ мутафаккирлари ва адиблари бадиий нуқтаи назардан изоҳлашга ҳаракат қилганлар. Диссертациянинг “Бошланғич синф ўқитувчиларни педагогик тайёрлаш жараёнини моделлаштириш” номланувчи иккинчи бобида эса педагогик моделлаштиришнинг таркибий-функционал моделлаштириш усули ва унинг кенг фойдаланиш имкониятлар, моделни яратишда унинг хусусиятларини ҳисобга олиш муҳимлиги ҳамда Педагогик моделлаштиришни амалга ошириш ҳақидаги фикрлар илмий асосланилган. “Педaгогик фaолият сaмaрaдорлигини ошириш мaзмуни” деб номланган учинчи бобда бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг педагогик тайёргарлик моделлари асосида жараённи ташкил этиш методикаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, виртуал педагогик муҳитда ўз устида ишлаш бўлажак ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаш жараёни уч босқичда амалга оширилиши ва ҳар бир босқичда амалга ошириладиган иш турлари ва ташкил этиш методикаси хусусида батафсил тўхталиб ўтилган.
Диссертациянинг тўртинчи “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчилари педагогик тайёргарлигини экспериментал ўрганиш” деб номланган бобида тадқиқот муаммосига доир олиб борилган педагогик эксперимент ва унинг натижалари кўрсатиб ўтилган бўлиб, бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг касбий фаолиятга тайёргарлик даражасини уч йўналишда ўрганилган:
биринчи йўналиш: бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг педагоги тайёргарлик даражаси (педагогик маҳоратни эгаллаганлик даражаси, педагогик қобилият ва техника асосларини ўзлаштирганлиги, педагогик муаммоларнинг оптимал ечимини топишга тайёрлиги);
иккинчи йўналиш: талабаларнинг бўлажак ўқитувчи сифатида психологик жиҳатдан тайёргарлиги (педагогик фаолиятга психологик жиҳатдан тайёрлик даражаси, эмоционал барқарорлик сифатларини эгаллаганлиги);
учинчи йўналиш: бошланғич талим методикасига доир билимларни мукаммал ўзлаштириш ва амалий кўникма ҳамда малакаларга эгалик даражаси.
Педагогик маҳоратнинг шаклланганлигини тўрт даражаси аниқланган:
тизимли моделлаштирувчи даража – ўқитувчи фанга доир билимлар тизимини, ўз фаолиятини тизимли равишда моделлаштира олади;
қисман моделлаштирувчи даража – ўқитувчи ўзига маълум билимларни янги вазиятларда ҳам қўллай олади, шу билан бирга айрим муаммоларга доир билимларни моделлаштириб тақдим эта олади;
адаптив даража – ўқитувчи ўзига маълум бўлган маълумотларни етказиш билан биргаликда, уларни янги вазиятда ҳам қўллай олади;
репродуктив даража - педагог фақат ўзи билган маълумотларнигина ўзгартирмасдан ўқувчиларга етказа олади.
Тадқиқот давомида ўтказилган тажриба–синов ишлари натижалари комуникатив компетентликни шакллантириш орқали бўлажак ўқитувчиларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига киритилган ўқув методик таъминот ҳамда методика асосида олиб борилган назарий ва амалий,мустақил таълим машғулотлари самарали эканлигини ва Олий таълим муассасаларида ўтказилган тажриба-синов ишлари самарадорлиги математик статистик жиҳатдан исботланилган.
Шу билан бирга авторефератда қатор ютуқлар ва муваффақиятлар билан биргаликда айрим жузъий камчиликлари ҳам кўзга ташланади. Бу камчиликлар қуйидагилардан иборат:
1. г 86, 93, 108, 121 саҳифаларида грамматик, орфографик ва стилистик хатолар кўзга ташланади.
2. Авторефератнинг адабиётлар рўйхатини ОАК талаблари даражасида расмийлаштириш лозим.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, Нуруллаева Шахло Уктамовнанинг 13.00.02 – Таълим-тарбия назарияси ва методикаси (бошланғич таълим) ихтисослиги бўйича “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчилари педагогик тайёргарлигини моделлаштириш назарияси ва методикаси” мавзусидаги диссертациясига ёзилган автореферати тугалланган иш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК томонидан қўйилган талабларга мос келади ва диссертант педагогика фанлари доктори илмий даражасига лойиқ.
Педагогика фанлари номзоди доцент: З.Б. Жалилов
Do'stlaringiz bilan baham: |