Генри Фордга юксак молиявий самарага эришиш имконини берди. Г.Форднинг жахоннинг ўнлаб мамлакатларида юз мартадан кўп қайта нашр этилган „Менинг умрим, менинг ютуқларим" китобида техника ихтироларидан тижорат мақсадида жуда юксак самара билан фойдаланиш очиб берилган.
Г.Форд классик менежментни аниқ мақсад — мехнат унумдорлигини ошириш, сарф-харажатларни камайтириш, катта молиявий самарага эришиш хизматига қўйди. Унинг корхоналаридаги мураккаб асбоб-ускуна ва жихозлар ишлаб чиқаришда мисли кўрилмаган самара берилишини таъминлайдиган технологик ва мехнат жараёнларини ялпи синхронлаштиришга мослаштирилди. Форд биринчи бўлиб энг кам иш хақи миқдори ва 8 соатли иш кунини жорий этди. Унинг ишлаб чиқаришида яхши ишлаган хар бир ишчи яхши иш хақи олиши кафолатланарди. Хар бир ишчи, мутахассис ўз зиммасига юклатилган вазифа ва иш қуролини такомиллаштиришдан манфаатдор эди.
Бироқ, бу турдаги ишлаб чиқариш механизми барқарор ишлашининг самарадорлиги ишлаб чиқариш жараёнларининг хамда ишчиларнинг ишлаб чиқаришда мехнатга қизиқишлари барқарорлиги, истеъмол талаби ва умуман бозор мухити ўзгармаслигига боғлиқ эди. Шунинг учун XX аср 30- йилларида АҚШда бозор ва ижтимоий мухитда жиддий ўзгаришлар юз бера бошлаши билан Генри Форд компанияси муваффақиятсизликка юз тутгани табиий эди.
Янги, бозор беқарор бўлган шароитларда ишлаб чиқариш вазифаларини муваффақиятли хал этиш учун бошқарувга янгича ёндашувлар ва тамойиллар зарур эканлиги аён бўлиб қолди. Классик менежмент амалиёти ва услубий ёндашувлари техника инновациялари, яъни техника тараққиётига зид бўлиб қолди. Чунки классик менежмент махсулот ишлаб чиқариш тез-тез ўзгармайдиган, иш жойлари етишмайдиган шароитлардагина юқори самара келтирарди. Янги шароитларда жуда қисқа муддат ичида янги махсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш зарурати каби беқарор бозор мухити классик менежментдаги ишлаб чиқаришни синхронлаштириш, мехнат тақсимоти тизими ва мехнатни ташкил этишнинг қабул қилинган қоидаларини барбод қила бошлади.
XX асрнинг биринчи ярмида мехнатни илмий ташкил этиш услуби деб аталган, амалда „тейлоризм" қоидаларига асосланган менежмент ишчи зиммасига меъёрловчи (нормаловчи) томонидан қатъий белгилаб қўйилган бир турдаги ишлаб чиқариш операцияларини бошқаришни тақозо этарди. Бунда персоналдан мустақил фикр юритиш, ишлаб чиқаришга доир таклифлар киритиш, ташаббус хам талаб қилинмасди.
Аммо ишчи кучига бундай ёндашув ўтган аср 60- йилларидан бошлаб самарасиз эканлиги яққол намоён бўлди. Шунинг учун Ғарбнинг тараққий этган давлатларида персонални бошқариш иқтисодиётда хал қилувчи омил эканлиги эътироф этилиб, ушбу соха фан сифатида шакллана бошлади.
Бугунги иқтисодиётда персонални бошқариш (персонал менежменти) корхона (ташкилот) даражасида ишчи кучи салохиятидан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича ўзаро боғлиқ ташкилий-иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар тизимидир.