Биринчи қоида. Келтирилаётган далилларнинг кетма-кетлиги фикрнинг асослилиги даражасини белгилайди. Далил ва асосларнинг қуйидаги тартиби кўпроқ ишонтиради: кучли далиллар – ўрта далиллар – битта энг кучли далил. Кучсиз далиллардан иложи борича фойдаланмаслик керак, чунки улар фойдадан кўра, кўпроқ зиён етказади. Бунда далилнинг қуввати (кучли-кучсизлиги) гапираётган одам нуқтаи назаридан эмас, балки тингловчи (қарор қабул қиладиган киши) нуқтаи назаридан белгиланишини эътибордан қочирмаслик керак.
Иккинчи қоида. Сиз учун муҳим бўлган масала юзасидан суҳбатдошингиз ижобий қарорга келиши учун уни тилга олишдан олдин гапни иккита қисқа, суҳбатдош учун қийин бўлмаган масаладан бошланг.
Учинчи қоида. Суҳбатдошни чорасиз ҳолатга туширманг. Унга ўз қадр-қимматини, обрўсини сақлаб қолиш имкониятини беринг. Мағлубиятни у шармандалик сифатида қабул қилмасин. (Масалан, сизнинг таклифингиз ёки фикрингиз суҳбатдошингизнинг ҳам бирон-бир эҳтиёжини қондиришини, истагига мослигини кўрсатинг).
Тўртинчи қоида. Далил ва асосларнинг ишонарлилиги ва таъсирчанлиги даражаси сўзлаётган кишининг имижи ва мавқеига кўп жиҳатдан боғлиқ. Юқори лавозим ёки жамиятда тутган ўрни, масала бўйича мутасаддилиги, обрў-эътибори, жамоанинг ижобий фикри кишининг мавқеини ва у келтирган далилларнинг ишонарлилиги даражасини оширади.
Бешинчи қоида.Ўзингизни ерга урманг, ҳурматингизни сақланг, бунинг учун ўзингизга ишончни йўқотманг.
Олтинчи қоида. Суҳбатдошингизнинг мавқеини ерга урманг, чунки суҳбатдошга нисбатан намойиш этилган ҳурматсизлик, эътиборсизлик салбий муносабат уйғотади.
Еттинчи қоида. Биз ёқтирган суҳбатдошимизнинг далилларига ижобий ёндашамиз, ёқтирмаган кишимизнинг далилларига эса танқидий муносабатда бўламиз. Шундай экан, суҳбатдошда ёқимли таассурот уйғотишга интилиш керак. Ёқимли таассуротнинг уйғониши эса кўп омилларга боғлиқ: ҳурмат билдириш, тинглай билиш, нутқ саводи, тил равонлиги, ёқимли хатти-ҳаракатлар, ташқи кўриниш ва ҳ.к.
Саккизинчи қоида. Суҳбатдошнинг фикрини ўзгартиришни хоҳласангиз, гапни ўзингизни ундан ажратиб турувчи нарсалардан эмас, унинг нуқтаи назарида сизга маъқул бўлган жиҳатлардан бошланг.
Тўққизинчи қоида. Суҳбатда ҳушёрлигингизни кўрсатинг, суҳбатдошнинг руҳий ҳолатини тушунишга, фикрлаш йўналишини тасаввур этишга, ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўришга, унга ҳамдардлигингизни кўрсатишга ҳаракат қилинг.
Ўнинчи қоида. Суҳбатдошингизни тўғри тушуниш учун тинглашни ўрганинг.
Ўн биринчи қоида. Суҳбатдошингизнинг фикрларини тўғри тушунаётганингизни текшириб туринг, бунинг учун вақти-вақти билан зарурат бўлганда унинг фикрини такрорлаб, тўғри тушунган-тушунмаганлигини сўранг.
Ўн иккинчи қоида. Зиддиятга олиб келиши мумкин бўлган сўз ва ҳаракатлардан ўзингизни тийинг.
Ўн учинчи қоида. Ўзмимикангиз, хатти-ҳаракатларингиз ва туришингизни назорат қилиб туринг.
Ўн тўртинчи қоида. Суҳбатдошингизнинг юз ифодаси, хатти-ҳаракатлари, туриш ҳолатларини кузатиб боринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |