Баҳс – ақллар кураши.
Қадимдан то шу кунгача кўплаб жаҳон мутафаккирлари баҳс юритиш санъати, баҳсда ғалаба қилиш йўл ва усуллари хусусида ўз маслаҳатларини беришга ҳаракат қилишган. Таклиф этилган усулларни умумлашган тарзда мақбул (одоб, ахлоқ, рақибга ҳурмат доирасидаги) ва номақбул (“ғалабага эришмоқ йўлида ҳар қандай иш маъқул”, деган фикрга асосланган) турларга ажратиш мумкин.
Масалан, Аристотель суҳбат-баҳснинг самарадор бўлиши учун қуйидагиларни таклиф этади: “Шубҳасизки, гаплашиш нияти бор кишилар, озми-кўпми бир-бирларини тушунишлари керак. Шундай бўлмаса, улар қандай гаплаша оладилар? Шунинг учун ҳар бир сўз тушунарли бўлиши керак ва бир неча эмас, бир нарса ҳақида гапириш лозим. Агар унинг (сўзнинг) бир неча маъноси бўлса, қайси маъноси назарда тутилаётганини тушунтириш лозим”.
Ҳинд фалсафасида бошқа бир баҳс қоидаси ифодаланган: “Агар сиз кимнингдир фикрини танқид қилмоқчи бўлсангиз, аввал унинг фикрини такрорлаб, рақибингиздан фикрини тўғри англаганингизни тасдиқлатиб олишингиз керак. Фақат шундан кейингина танқидий таҳлилга киришиш мумкин”.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султонийёҳуд жавонмардлик тариқати” асарида суҳбатнинг саккиз қоидасини тилга олади. Масалан, дағаллик қилмаслик, эшитувчиларга малол келадиган даражада овозни баланд кўтармаслик, ҳар кимнинг аҳволига қараб муносиб сўз айтиш ва ш.к.
Баҳс, суҳбат одоби нуқтаи назаридан номақбул бўлган ва қандай бўлмасин баҳсда рақибини енгишга қаратилган усуллар ҳам қадимдан маълум бўлган.
Рим нотиғи Цицерон нотиқ учун энг муҳими одамларнинг диққатини ўз фикрини асослаши қийин бўлган ёки уни инкор этиши мумкин бўлган фактлардан чалғитиш ва уларнинг эътиборини ишнинг муваффақиятини таъминловчи фактларга қаратиш деб билган. Софистлар эса нотиқнинг вазифасини бўш далилларни кучли қилиш, кучли далилларни заифлаштиришда кўрганлар.
Ўз даврида баҳс чоғида қўлланилган бундай ҳийлаларни юнон комедиографи Аристофан “Булутлар” комедиясида танқид қилган эди. Унда Стрепсиад исмли кимса кредиторлардан қутулиш мақсадида ўғлини ҳақ гапни ноҳақ гапга ва қорани оққа айлантиришни ўргатувчи Суқрот мактабига ўқишга жўнатади. Таклиф этилган Тўғри сўз ва Эгри сўз “илми”дан иккинчисини танлаган бола турли софистик ҳийлалар билан отасига кредиторлардан ҳалос бўлишга ёрдам беради. Бироқ кўп ўтмай ота қилган ишидан пушаймон бўлади, чунки бола отаси билан баҳслашиб қолиб, уни дўппослайди ва ҳатто онасини уришга ҳақли эканлигини исботлаб беришга уринади.
Кейинги даврларда ҳам баҳс юритишнинг назарий асослари ва амалий усулларини умумлаштиришга ҳаракатлар бўлган. Жумладан, А.Шопенгауэр 1820 йили чоп этилган “Эристика ёки баҳслашиш санъати” китобида баҳсда қўлланиладиган қирққа яқин усулни санаб ўтади. Улар орасида масалан, ғашни келтирадиган гаплар билан суҳбатдошнинг ғазабини қўзғаш, маъносиз гаплар билан чалғитиш ва ш.к. кўрсатиш мумкин.
Аммо қандай баҳслашиш керак, баҳсни нимадан бошлаб, қандай тугатиш кераклиги борасида ҳар қандай вазиятда қўл келадиган қоида ёки маслаҳатни бериш мумкин эмас. Яъни махсус ишлаб чиқилган баҳс олиб бориш тартиби йўқ. Қолаверса, баҳс юритиш беҳудага санъат деб юритилмайди ва маълум маънода кишидан алоҳида истеъдодни талаб этади. Баҳс бу ақллар курашидир. Шундай экан, баҳс чоғида ақлий фаоллик, ижодий ёндашув муҳим ўрин тутади. Лекин баҳс олиб бориш билан боғлиқ айрим қоидалар, усуллар борки, уларни билиш ва ўзлаштириш фойдадан ҳоли бўлмас ва қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |