Одам мияси катта ярим шарлар пўстлоғининг мотор зонасига шикаст етказиш оқибатлари. Ярим шарлар пўстлоғининг мотор зонаси жароҳатланганда ёки шу соҳада қон айланиши бузилганда (масалан, қон қуйилганда) одам гавдасининг қарама-қарши ярмидаги мускуллар тўла ёки қисман фалаж бўлади (гемиплегия). Фалаж симптомлари жуда секинлик билан йўқолиб, ҳаракатлар тикланади. Одам мия пўстлоғининг мотор зонаси зарарланганда айрим майда ҳаракатларни, масалан, қўл ёки оёқ бармоқларининг ҳаракатларини бажариш кўпроқ қийинлашади. Қўлоёқ мускулларининг иштирокида юзага чиқадиган мураккаб ҳаракатлар тезроқ тикланади, операцияда зарарланган ярим шарга қарама-қарши томондаги қўлоёқнинг айрим ҳаракатлари эса узоқроқ вақт мобайнида бузилганича қолади, бузилганда ҳам кўпроқ бузилади,
Мотор зонанинг тушувчи йўллари. Мотор зонадаги пирамидал ҳужайраларнинг ўсиқларидан бир қисми кортикоспинал трактни (518бет) ҳосил қилади. Тушувчи нерв толаларининг иккинчи қисми, асосан коллатераллари мотор зонадан пўстлоқ остидаги структураларга бориб, икки турли йўлни ҳосил қилади. Улардан баъзилари мотор зона ҳужайраларини тарғил танага, қизил ядрога, қора субстанцияга боғлайди. Варолий кўприги орқали келадиган тушувчи толалар эса мотор зонани мияча билан боғлаб, понтоцеребелляр трактни ҳосил қилади.
Катта ярим шарлар пўстлоғининг мотор зонаси шу йўллар орқали марказий нерв системасининг пастроқдаги бўлимларига импульслар юбориб, организмдаги ҳаракат аппаратининг фаолиятини бошқаради.
Катта ярим шарлар пўстлоғидаги мотор зонанинг тушувчи толаларидан бир қисми, бундан ташқари, ретикуляр формация ва гипоталамус ҳужайраларига бевосита боради, шу туфайли ҳаракат зонасининг таъсирланишига жавобан кўпинча томир реакциялари келиб чиқади.
Ярим шарлар пўстлоғининг премотор зонаси. Катта ярим шарлар пўстлоғининг ҳаракат (мотор) зонасидан олдинги томонда премотор зона бор, бу зона Бродман бўйича 6 ва 8 майдонларни эгаллайди (242расм). Премотор зонада ҳам пирамидал ҳужайралар жуда кўп. Бу ҳужайраларнинг ўсиқлари спинал нейронларга ҳам, тарғил танага, думли ядрога, қизил ядрога, қора субстанцияга ва шу кабиларга ҳам боради. Қўзғалишлар шу ердан ретикулоспинал, тектоспинал, руброспинал ва вестибулоспинал йўллар орқали орқа миянинг оралиқ ва ҳаракатлантирувчи нейронларига киради.
6майдоннинг айрим қисмларига электр токи билан таъсир этилганда бош ва тана таъсир этилаётган ярим шарга қарама-қарши томонга ҳаракатланади. Бу ҳаракатлар координацион характерда бўлиб, мускуллар тонусининг ўзгариши билан давом этади. 6майдон қисмларидан бирининг таъсирланишига жавобан овқат ютиш ҳаракатлари, нафас олишнинг кескин даражада ўзгариши ва чинқириш ҳодисалари келиб чиқади.
Одам мия пўстлоғининг премотор зонасидаги кичик бўлаклар нейрохирургия операцияларида олиб ташланса, қўлнинг нозик ҳаракатлари сақлангани ҳолда ҳаракат кўникмалари бузилади.
Катта ярим шарлар пўстлоғидаги премотор зонанинг баъзи қисмлари олиб ташланса, вояга етган соғлом одамга хос бўлмаган рефлекслар келиб чиқади. Масалан, мия пўстлоғининг премотор зонасидан қўл ҳаракатларини бошқарувчи бўлаги олиб ташлангач, зўр бериб чангаллаш рефлекси рўй беради: енгилгина тактил таъсирот (кафтга тегиш) натижасида ҳаракат келиб чиқади. Бу ҳаракат янги туғилган болаларда пирамидал йўл функционал жиҳатдан етилгунча ўтадиган даврдаги чангаллаш рефлексини эслатади.
Вояга етган кишилар мия пўстлоғининг мотор ёки премотор зонасида оёқ мускулларининг вакиллиги жойлашган соҳа олиб ташланса, Бабинский рефлекси (518бет) пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |