Тоҳирийлар даври. Бу сулоланинг илк вакили Розиқ ибн Сайқал Ҳорун ар-Рашид даврида Сейистон ҳокими Абумуҳаммад Талх ибн Абдуллоҳ қўлида хизмат қилган. Унинг Мусъаб, Хусайн ва Тохир деган ўғиллари бўлиб, кейинроқ Тохир Ҳиротдаги Бушанг шаҳрининг ҳокими бўлади. Маълумки, Хорун ар-Рашид вафотидан сўнг унинг катта ўғли Амин халифа бўлади. Аммо Хорун ар-Рашиднинг кичик ўғли Маъмун (Маъмун-лақаби, асли исми Абдулла) ҳам тахтга даъвогар эди. Шу боис 811 йилдан бошлаб ака-укалар ўртасида тож-тахт учун кураш бошланди. Ушбу курашда Тоҳир ибн Ҳусайн Маъмун қўшинларига бошчилик қилиб 813 йилда Бағдод шаҳрини эгаллайди ва Маъмун халифалик тахтига ўтиради. Маъмун халифа бўлиб олгач (813-833йй) Тоҳир ибн Ҳусайн тез орада халифаликнинг энг нуфузли кишиларидан бирига айланади ва 815 йилдан бошлаб халифалик қўшинларининг бош саркардаси лавозимида ишлайди.
821 йилда халифа Маъмун Тохир ибн Ҳусайнни Хуросон вилоятига ноиб этиб тайинлайди. Тохир Хуросон ноиблигининг пойтахти қилиб Нишопур шаҳрини танлади. У Ҳуросон ва Ўрта Осиё вилоятларини (Табаристон, Журжон, Рай, Кирмон, Хуросон, Сейистон, Мовароуннаҳрнинг жануби) мустақил ҳоким сифатида бошқариб, 822 йилда халифа номини хутба намозига қўшиб ўқишни таъқиқлади. Бу эса очиқдан-очиқ халифадан ўзини мустақил деб эълон қилиш эди. Лекин Тохир ибн Ҳусайиннинг бу режаси амалга ошмади. У тўсатдан вафот этди. Тахмин қилишларича, бу ҳолат халифанинг ўз ноиблари устидан сиёсий ҳукмронлигини мустаҳкам тутишга интилишидан далолат беради.
Юқоридаги воқеадан қатъий назар, халифа Маъмун Тохирнинг ўғли Талха ибн Тохирни Хуросон ноиби этиб тийинлайди. Замонавий адабиётларда берилишича, маҳаллий сулола вакилларини ноиб бўлиб қолганлигининг сабаби, халифаликнинг айнан маҳаллий хукмдорларнинг кучидан арабларга қарши қўзғолонларни бостиришида фойдаланиши эди. Шунингдек, Хуросон ноибининг муҳим вазифаларидан яна бири ўзига қарашли ҳудудларда айрим вилоят ҳокимларини сайлаш бўлган. Жумладан, Тохир ибн Ҳусайннинг ўзи Сомонийларни Самарқанд, Фарғона ва Шошга ҳоким бўлишларини расман тасдиқлаган. Ўша даврда Хуросон ноиблигига қуйидаги вилоятлар кирган эди: Мовароуннаҳр, Хоразм, Сейистон, Кўҳистон, Кермон, Кўмис, Табаристон ва Журжон. Улар ҳажмига кўра катта ва кичик туманлардан иборат бўлган.
50 йилдан зиёдроқ ҳукмронлик қилган Тоҳирийлар сулоласининг вакиллари қўйидагилар эди.:
Тохир ибн Ҳусайн (821-822йй);
Талха ибн Тохир (822-828йй);
Абдуллоҳ ибн Тоир (828-844йй);
Тоҳир II ибн Абдуллоҳ (844-862йй)
Муҳаммад ибн Тохир (862-873);
Тоҳирийлар мустаҳкам ҳокимият яратиш ва қишлоқ хўжалигини тартибга солиш борасида жиддий чора-тартибларни амалга оширдилар. Улар янги каналлар бунёд этиб сувдан фойдаланишни яхшилаш чораларини кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Тохирнинг буйруғи билан ўлкадаги йирик қонуншунослар суғориш учун фойдаланиладиган сув тақсимоти қонунлари тўплами – Китоб ал-кунийни туздилар. Ушбу қонунлар юзлаб йиллар мобайнида Мовароуннаҳрда сувда фойдаланишдаги баҳс-мунозараларни ҳал этишда асос бўлиб хизмат қилган.
Тоҳирийлар шундай ижтимоий-иқтисодий сиёсат юритганларки, бу сиёсат асосан аҳолининг ҳукмрон табақаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эди. Мисол учун, бизга қадар сақланган Тохир ибн Ҳусайннинг ўғли Абдуллоҳга ёзган хатида шундай дейилади: «Шуни билгинки, бойлик кўпайиб хазина тўлиб тошганда ҳам у даромад келтирмайди. У фуқаро зарурати, улар ҳақ-ҳуқуқларини адо этишга, уларни ташвиш ва қарзлардан озод этиш учун сарфланган тақдирдагина кўпаяди, ортиб боради; бу билан халқ оммасининг эътибори қозонилади; шу билан халқ фаровонлиги таъминланса, бу ҳокимларга зеб беради, давроннинг эмин-эркинлиги шу бўлади, шуҳрат ва қудрат бағишлайди; шу билан бирга агар шундай иш юритсанг, ер солиғини катта миқдорда ундириш имониятига эга бўласан ва бойлигинг ошади. Бу билан сен халқ оммасига саховат қўлини очсанг, бойлигинг ортади, куч-қудрат эгаси бўласан, қўшин сақлайсан ва ҳаммани ўзингга мафтун этасан». Тоҳир ўз ўғлини мана шундай «моҳирона» сиёсат юргизишга чақиради ҳамда Абдуллоҳ ибн Тоҳир қайсидир маънода отасининг маслаҳатларига амал қилган эди.
Ўз даврида Абдуллоҳ йирик ер эгалари ва давлат амалдорлари томонидан айрим ерлардаги деҳқонларга нисбатан бўлаётган ноҳақликларни имконият даражасида чеклашга ҳаракат қилди. У деҳқонларнинг аҳволини бирмунча тартибга солувчи махсус фармон эълон қилди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу фармонда жумладан шундай дейилади: «Оллоҳ бизни уларнинг (деҳқонларнинг – Э.Б.) қўли билан боқади, бизни уларни оғзи билан олқишлайди ва уларга озор беришни таъқиқлайди». Албатта, бу билан Абдуллоҳ бутунлай зироаткор-деҳқонларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳукмдор бўлган, деб бўлмайди. У «деҳқонларга озор бермасликни» талаб қилишига сабаб, бусиз давлат хазинасига етарли солиқлар келиб тушмас эди.
Аҳволни яхшилаш учун айрим ҳаракатлар қилинган бўлишига қарамай, Тоҳирийлар даврида аҳоли кўпгина қатламларининг айниқса, зироаткор-деҳқонларнинг аҳволи оғир бўлиб қолаверди. Мисол учун, 844 йилда Абдуллоҳ ибн Тоҳир зироаткор-деҳқонлардан олинган хирождан 48 млн. дирҳам тўплаган эди. Солиқларнинг кўплиги деҳқонларнинг қўзғолон кўтаришига олиб келган. Тоҳирийлар бу қўзғолонларни шафқатсизларча бостириб турганлар. Бу ҳол ижтимоий-иқтисодий зиддиятлар бир қадар сақланиб қолганлигини кўрсатади.
Манбаларда Тоҳирийларнинг исломлаштириш сиёсатида мустаҳкам турганликлари қайд этилади. Улар ҳуқуқий муносабатларни ислом пешволарига таянган ҳолда ривожлантирганлар. Шунинг учун ҳам Тоҳирийлар ислом динини халқ орасида кенг ёйиш сиёсатини давом эттириб, ислом руҳонийларини асосий таянч деб билганлар. Талха ибн Тохир даврида зардўштийлик дини сақланиб қолган Уструшонада ҳам ислом дини қабул қилдирилган.
Ўз ҳукмронлик ерларида мустаҳкам тартиб сақланишини хоҳлаган Абдуллоҳ ибн Тоҳир ўзига қарши ҳар қандай ҳаракат ёки қўзғолоннинг олдини олишнинг энг муҳим усули – солиқ йиғувчиларнинг суистеъмолликларига йўл қўймасликда деб ҳисоблар эди. У турли солиқларнинг миқдорини камайтирмаган бўлса-да, солиқлар йиғишда турли жиноий ишга қўл урганларни жазолар эди. Амал ва мансаб эгаларининг ўзбошимчалигини олдини олиш ва давлат хазинасига зиён етказмаслик мақсадида Адбуллоҳ ўз қўл остидаги ўзига содиқ кишилар орасидан айғоқчилар танлаб, уларнинг хизматидан фойдаланар эди. Бундай махфий шахслар жойларда ҳукмдорларнинг юриш-туриши, ҳар бир мансабдорнинг Абдуллоҳ олдидаги мажбуриятларини қай даражада бажаришлари хусусида ноибга хабар етказиб туришган. Демак, амалдор хоҳ вилоят ҳокими бўлсин, хоҳ йирик деҳқон бўлсин, Абдуллоҳнинг назорати остида бўлган.
Тоҳирийлар давлати кўп сонли билимдон амалдорларга муҳтож эди. Шу боис Абдуллоҳ ибн Тоҳир аҳолининг барча қатламлари маълумот олишини таъминлашга ҳаракат қилди. Манбаларнинг маълумот беришича, Абдуллоҳ отаси Тоҳир сингари шоир бўлган. Абдуллоҳнинг Марв, Амул ва Хоразмни бошқариб турган жияни Мансур ўзининг фалсафий асарлари билан машҳур бўлган. Абдуллоҳнинг ўғли Тохир II ҳам отасидан ўрнак олишга ҳаракат қилган.
Умуман, Абдуллоҳ ва Тохир II ҳукмронликлари даври маҳаллий маданиятнинг қайта тикланиш даври бўлди. Аммо, бу ўта мураккаб ва қийин жараён эди. Гап шундаки, Тохирийлар сулоласи вакилларининг ўзлари, хусусан, Абдуллоҳ ибн Тохир ўзининг араб маданиятига хайрихохлигини таъкидлар эди. Шунга қарамасдан бизга қадар етиб келган айрим ёзма манбалар ва моддий ашёлар маҳаллий маданият ривожидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |