Товуш тебранишларини қабул қилиш
Ҳаво тўлқинларининг ноғора пардага таъсири натижасида қулоқ эшитади. Ҳавонинг тебраниши ташқи эшитиш йўли орқали ноғора пардани тебратади. Ноғора парданинг тебраниши эшитиш суякларида такрорланади ва ўзангининг сербар томони орқали ички қулоқнинг овал дарчасидаги пардага ўтади. Овал дарча пардасининг тебраниши перелимфага ўтади. Перелимфа тебраниб, ўз навбатида эндолимфанинг тебранишига сабаб бўлади. Эндолимфа тебраниб, Кортиев органидаги тукларни тебрантиради ва шу билан эшитиш нервининг учларини қўзғатади. Эшитиш нервининг рецепторларидан келган қўзғалиш импульси бош мия ярим шарлари пўстлоғига - эшитиш анализаторларининг миядаги учларига этиб боради, натижада эшитиш сезгиси пайдо бўлади. Одам қулоғининг товуш сезадиган муайян чегараси бўлиб, сониясига 14 мартадан то 20000 мартагача тебранишдаги товушларни сезади. Ёш улғайиши билан қулоқнинг товуш сезиш чегараси камайиб боради. Одам қулоғи 1000 дан 4000 гача герцдаги товуш тўлқинларини сезади.
Бола туғилиши билан эшитиш анализатори ишлай бошлайди. Эшитиш анализаторининг функционал ривожланиши 6-7 ёшгача давом этади. 14-15 ёшда эшитиш сезгирлиги жуда сусаяди, сўнгра яна орта боради. Эшитув аппаратининг шаклланиши ва эшитув органининг тўла етилиши 12 ёшда тугалланади.
Қулоқ ўткирлиги. Қулоқ ўткирлиги қулоқнинг туғма хусусиятлари, гигиенасига, эшитув қобилиятининг тарбиясига боғлиқдир.
Қулоқнинг туғма ўткирлигига келганда бир қатор мутахассислар суяк лабиринтда ўзгаришлар (отосклероз) келиб чиқиши ўрта қулоқда йирингли яллиғланиш ва бошқа ўзгаришлар авж олишига баъзилар туғилишдан мойил бўлади, деган фикрни билдирадилар. Мана шу ўзгаришларнинг ҳаммаси қулоқнинг оғир тортиб қолишига олиб келади, кўпинча қулоқнинг кар бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлади. Бироқ ирсий заифликни ҳамиша бартараф этса бўлади, яъни муҳитни усталик билан ташкил этиш - тарбия ва даво қилиш йўли билан камчиликни йўқотиш ёки билинмайдиган қилиб қўйиш мумкин. Қулоқ супраларининг физиологик роли асосан товушларни тутиб, ташқи эшитув йўлига йўналтиришдан иборат. Бу - товушнинг қайси томондан келаётганини билиб олишга имкон беради, товушнинг қайси томондан келаётганини билиш товуш тўлқинининг ҳар бир қулоққа баравар етиб келмаслигига боғлиқ, чунки товуш манбаига яқинроқ турган қулоққа тўлқии эртароқ етиб келса, ўша манбадан нарироқ турган қулоққа кечроқ етиб келади.
Қулоқ ўткирлиги эшитув аппаратининг гигиеник ҳолатига ҳам боғлиқ. Чунончи чиққан секрет-мум ташқи эшитув йўлида тўпланиб қолса (мум тиқинлари) товуш тўлқини ўз йўлида тўсқинликка учраб, ноғора бўшлиғига етиб боргунча сусайиб кетади, баъзан эса бутунлай етиб бормай ҳам қолади. Қулоқ анча оғир тортади. Шу муносабат билан болалар қулоқ супраларини мунтазам равишда ювиб туришлари керак.
Қулоқнинг оғир тортиши бурун ва бурун-ҳалқумдаги яллиғланиш процессларига, Евстахий найининг тез-тез яллиғланиб туришига боғлиқ бўлади. Қулоққа шовқиннинг таъсир қилиши. Эшитув органи частотаси ва даврийлиги ҳар хил бўладиган ҳаво тебранишларини, яъни товушни идрок этади. Ҳамма товушларни частотаси ва даврийлигига қараб мусиқа товушлари ва музика бўлмаган товушлар (шовкинлар)га ажратиш расм бўлган. Мусиқа товушларига маълум даврийлик ва частота хосдир. Шовқинлар эса бетартиб ҳаво тебранишларидир.
Одам жим-жит жойда узоқ турганида товушларни идрок этиш лаёқати кучаяди (сукунатга мосланиш). Қаттиқ товушлар узоқ таъсир қилганида, товушни идрок этиш аввалига сусаяди (товушга мосланиш) сўнгра, бирмунча яхшиланади. Мосланиш (адаптация) товуш кучига тескари пропорционалдир. Шу муносабат билан товушнинг субъектив қаттиқлиги адаптация туфайли муайян доирагача ортиб боради, холос. Қаттиқ шовқин бўлиб турадиган ва баланд товушлар эшитиладиган шароитда узоқ туриш зарарлидир. Бу – қулоқнинг баттар оғир тортиб қолишига ва ҳатто гарангликка олиб боради.
Адаптация нормал ишлаб турган эшитув анализатори учун характерли бўлиб, чарчаш ҳодисалари қаторига кирмайди. У эшитув органининг иш қобилиятини оширади, чарчаш эса унинг иш қобилиятини пасайтиради. Бироқ товуш бир неча соат мобайнида таъсир қилиб турадиган бўлса эшитув органининг чарчаб қолишига олиб боради, бу - дарсларда ишчанлик қобилияти ва эътиборнинг сусайиб қолишига сабаб бўлади.
Шовқинлар, ҳаттоки, жуда арзимас шовқинлар ҳам, узоқ таъсир қилиб турадиган бўлса, эшитув аппаратининг ўзигагина эмас, балки нерв системасининг функционал ҳолатига ҳам ёмон таъсир кўрсатади ва одамни энг қимматли нарсадан - оромдан маҳрум қилиб қўяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |