Иккала кўз билан кўриш. Иккала кўз билан кўрганда кўз чарчамайди, чунки нарсанинг турли нуқталари бир гуруҳ рецепторлар ёрдамида кўринади, шу вақтда биокимёвий реакция қайтадан асли ҳолига келади. Нарсаларни иккала кўз билан кўрганда битта кўз билан кўргандагига караганда кўриш майдонига нисбатан кенг бўлади. Иккала кўз билан кўришда кўз ўткирлиги ошади, чунки нарсанинг тасвири ҳар бир кўзнинг тўр пардасига тушади. Кўзнинг кўриш ўткирлигини ўлчаш учун махсус жадвалдан фойдаланилади.
Кўриш анализаторининг ёшга боғлиқ хусусиятлари
Болаларнинг кўзи тузилишига кўра катта одамнинг кўзидан фарқ қилади. Уларнинг кўз косаси чуқурлиги ва кўз соққаси катта ёшли одамларникига қараганда каттароқ бўлади. Склера ва томирли пардалар юпқароқ, мугуз парда қалинроқ бўлади. Кўз соққаси бола ҳаётининг биринчи йилида бирмунча тез ўсади. Янги туғилган боланинг кўзи қисқа вақт очилиб, кейин юмилиб олади.
Қовоқлари биринчи ойдан бошлаб уйғун ҳаракат қила бошлайди. 2 ойликдан кўз соққаси турли нарсаларга ва ёмғликка нисбатан ҳаракатланади. Кўзнинг уйғун ҳаракати асосан машқ қилиш туфайли 6 ойликдан ёки бир ёшдан бошланади. Кўриш анализаторининг аввал периферик, сўнгра марказий қисми ривожланади.
Янги туғилган болада кўриш нервининг толалари кам табақалашган бўлади. Бу нервнинг миелинлашуви бола 1-1,5 яшар бўлгунча давом этади. Янги туғилган бола кўзининг нур синдириш қобилияти катта кишиларникидан фарқ қилади. Кўпинча боғча ва мактаб ёшидаги болаларда кўзнинг гавҳари ниҳоятда эластик бўлганидан аккомодация хусусияти аста-секин ривожланиб боради. Ёш катталашиши билан гавҳарнинг эластиклиги камайиб боради. Боғча болалари аввал нарсанинг шаклига, ўлчамига, сўнгра рангига аҳамият беради. Улар рангларни аста-секин ажрата боради. Қиз болаларнинг ранг ажратиш қобилияти ўғил болаларникига қараганда яхши ривожланган бўлади.
Одам кўзининг ўткирлиги ёши катталашган сари ўзгара боради. Болалар ва ўсмирлар кўзинииг ўткирлиги катталарникига нисбатан юқори бўлади.
Кўрув гигиенаси. Яқиндан ва узоқдан яхши кўрмаслик ҳар хил сабабларга боғлиқ бўлади. Мактабгача ёшдаги болаларда узоқдан кўриш учрайди. Одатда, мактаб ёшидаги болаларда яқиндан кўриш кўп учрайди. Яқиндан кўриш ётиб ўқиш ёки жуда эгилиб ўқиш туфайли келиб чиқади, чунки доим ётиб ўқиганда, эгилганда кўзга қон тўлиши ортади, босими кўтарилади, натижада кўз соққаси катталашади ва фокус оралиғи ўзгаради. Ёруғлик етарли бўлмаганда ҳам киприксимон мускуллар узоқ вақт давомида қисқариб туради ва гавҳарнинг нур синдириш хоссаси ортади. Парталар, синф доскаси, иш жойи етарли даражада ёритилмаганда эса ўқувчилар яқиндан кўрадиган бўлиб қолади. Ишлаб чиқаришда майда деталларни узоқ муддат қайта ишлаш, майда ҳарфларни териш киприксимон мускуллараи қаттиқ чарчатади ва яқиндан кўришга сабаб бўлади.
Яқиндан кўрадиган ўқувчилар албатта шифокор маслаҳати билан кўзойнак тақиши керак. Бундай болаларни ёруғлик яхши тушиб турадиган олдинги парталарга ўтказиш зарур.
Гигиена талабларига кўра, ўқиётган ёки ёзаётган вақтда хонага ёруғлик чап томондан тушиши, китоб билан кўзнинг ораси 30, 35, 40 см дан кам бўлмаслиги керак. Кўзнинг зўриқиб ишлашига алоқадор машғулотлар (расм чизиш, аппликация) кўз чарчамаслиги учун болаларни вақти-вақти билан бошқа ишга чалғитиб туриш керак. Ана шунда кўз чарчамайди ва ўткирлиги нормал сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |