Яқинда кафеда ўтирсам, битта оила овқатланяпти. Мендан олдин туриб кетишди. Ота, она, 2-3та қизи бор, ўғил ҳам менимча бирга эди. Кўринишидан туппа-туззук ўзбек оиласи. Қизларини бўйи етиб қолган. Эътиборимни тортган нарса, ҳалиги қизларнинг кийими эди.
Замонавий бўлиб замонавий эмас, қандайдир палапартиш кийимлар. Калта-култа, ярашмаган. Барака топгур, ўлар жойда эмассан-ку, Тошкент бўлса, ресторанда ўтиришга маблағинг бор экан – қиз болани ҳам маймунга ўхшатиб, олиб юрасанми.
Тушунаман, оила замонавийлашган бўлса, ақли-фаросати етмас. Лекин онани алоҳида этиб ўтдим: сипо кийинган, дид кўриниб турибди. Наҳотки қизларга келганда, ота ёки она фикрлаши тўхтаб қоларкин? Ёш экан, деб, замон шунақа экан, деб, бир тийинга қиммат колготкаларни, калта ва ярашмас уст-бош кийимни кийдириш лозиммикин? Ёки ёш бўлгани учун бемалол хоҳлаганини кийдириш удум бўлдими, билмадим. Бу қизлар эртага келин бўлса ҳам шунақа такасалтанг, ярашмаган очиқ-сочиқ кийиниб олади. Қишда бош кийим киймайди, совуқда қорнини очиб юради – бечора бачадон.
Наҳотки замонни, қийинчиликларни рўкач қилиб, қизларни, аёлларни кийиниши бўзилиб кетишини қабул қилиш мумкин? Пулинг борку, кўриниб турибди, энинг бут, супермаркетда ёки бозорда чиройли, дидли кийим бўлмаса, тиктириш мумкин, аҳир Ўзбекистондамиз, иш кучи арзон, «Чорсу» тўла мато: йўқ, ярашмайдиган «спортивкалар», калготкалар, ёпишиб турадиган синтетика кўйлакларми, билмадим; дидсиз, аҳлоқсиз кийимларни қизларимизга лойиқ биламиз.
Қиз фарзанд олий неъмат-ку, нима учундир кийнишига эътибор қаратмаймиз, кийим-кечак қулай бўлиши керак деб, жинси шим, кроссовкалар кийдирамиз, бироқ қулайлик қуллик аломати: қулларга, чўриларга қулай бўлиши керак, улар ўзлари билан шуғулланишга вақтлари йўқ, тез кийиб, тез ечадиган кийим лозим, сочини ҳам турмаклашга фурсати йўқ.
Боймисан, бойга ўхшаб юр – қизинг, ўғлинг ҳам бойнинг боласига ўхшаб кийинсин. Бу дегани уларнинг кийинишига озроқ вақт сарфлаш, керак бўлса, кийим тиктириш, туфли кийдириш ва ҳоказо. Йўқ, унинг ўрнига, шудраларга ўхшаб, қизда ҳам ўғилда ҳам кўк жинси шим, оқ футболка. 90-йилларнинг охирида ўзбек қизларимиз жинси шим кийишни эндигина бошлаганида, ичимдан ижирғанардим. Ҳозир қизлар у ёқда турсин, ёши катта аёлларимиз ҳам ёпишиб турадиган жинсими, колготками кийиб олишади, уни ёпиб турадиган ҳеч вақо йўқ. Лозимни фақат лўлида кўрасан киши.
Хуллас, жаннати бўлмоқчимисан, қизингни кийиниш стилига ҳам эътибор қарат, бунинг учун уни Туркияда кийинтириш шарт эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |