Эфталитлар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий-иқтисодий
ва маданий ҳаёт
Илк ўрта асрлардаги Хитой манбаларида эфталитларнинг кўчманчи қабилалар эканллиги, уларнинг юртида шаҳарлар йўқлиги, ўзлари ўтлоқларда яшаганликлари таърифланади. Кейинги давр тарихчилари хусусан, ғарб манбаларида эса бошқача маълумотлар келтирилади.
Ҳали кушонлар давридаёқ ер ва қўрғонларга эга бўлган аслзодалар ажралиб чиқа бошлаган, деҳқонлар маҳаллий зодагонларга кўпроқ тобе бўла бошлаган. Эфталитлар улкан ҳудудда бошқарувни қўлга киритгач обод деҳқончилик воҳаларига, ривожланган шаҳарларга, савдо йўлларига эга бўлдилар. Вақт ўтиши билан эса маҳаллий аҳоли билан аралашиб кета бошладилар. Натижада уларнинг бевосита ворисига айланади. Шу боисдан 568-569 йилларда Византия императори Юстин ҳузурида бўлган турк элчиси императорнинг “Эфталитлар шаҳарларда яшайдиларми ёки қишлоқлардами?” деган саволига “улар шаҳарлик сулолалар, олий ҳазратлари,” - деб жавоб берган.
Эфталитларнинг бир қисми кўчманчи чорвадор бўлса, асосий каттароқ қисми шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган ўтроқ аҳоли бўлган. Тоҳаристон ва Суғдда деҳқончилик ва боғдорчиликни ривож топтирган. Қашқадарё ва Зарафшон водийларида ғалладан ташқари шоли ҳам етиштирилган. Хитой манбаларида қайд этилишича V-VI асрларда хусусан Шарқий Туркистон ва Туркистон ерларида кўплаб ғўзалар экилар эди. Марказий Осиёнинг пахта толаси Хитойда ҳам машҳур бўлган. Тоғ ва тоғ олди ерларидаги аҳоли йилқичилик билан шуғулланган. Фарғона водийсида зотдор арғумоқлар кўпайтирилар эди. Феодал муносабатларнинг таркиб топа бошлаши билан суғориладиган ер майдонларини маълум бир қисми мулкдор зодагон табақа вакиллари – “деҳқонлар” қўлида тўплана бошлаган эди. Бунинг натижасида қишлоқ жамоасининг эркин қўшчилари маълум даражада зодагон деҳқонлар асоратига тушиб, уларга қарам кабиварларга айланиб боради.
Обикор ерларнинг бир қисми ибодатхоналар мулки ҳисобланган. Бундай ерларнинг бир қисми “Вағинзе” деб юритилган эди. Яйловларнинг асосий қисми оқсоқол зодагонлар қўлида бўлган. Эфталитлар орасида мол-мулк табақаланиши ҳам кучли бўлган. Улар орасида феодал муносабатлар шаклланиши билан бир қаторда ибтидоий жамоа тузуми сарқитлари ҳам сақланиб қолган эди.
Хитой солномаларида қайд қилинишича эфталитларда полиандрия (кўп ерлик) ҳам тарқалган эди. Бир неча ака-укада умумий битта хотин бўлиб, унинг бошидаги қалпоғининг бурчаклари сонига кўра ака-укалар нечталигини билиш мумкин эди. Олий табақа вакиллари ичида кўп хотинлик одати айниқса кенг тарқалган. Энг бой зодагонлар доимий ҳамроҳ сифатида 20 ва ундан ортиқ дўстларга эга бўлишган. Зодагон вафот этганда, қоида бўйича дўстлари ҳам тириклигича қабрга қўйилган. Бэши солномасида ёзилишича, зодагонлар қазо этган вақтда махсус тайёрланган тош даҳмаларга, оддий эфталит мурдаси эса тупроққа қўйилган. Бу икки хил кўмиш жамиятнинг синфий табақаланишидан далолат беради.
Зодагонлар қимматбаҳо кийимларда юришган. Бу ҳақда Сон Юн ўз эсдаликларида қайд қилиб ўтади. Жиноятчилик қилган шахс ким бўлишидан қатъий назар боши кесилган, ўғирланган мол-мулк миқдоридан қатъий назар ўн баробар қилиб ундириб олинган. Эфталитлар кучли қўшинга эга бўлишган. Лашкарнинг асосий қисмини суворийлар ташкил этган. Суворийлар асосан гурзи ва қилин билан қуролланганлар. Хитойликлар уларни моҳир камонбоз деб ҳам таърифлашган. Отлиқ қўшин асосий аҳамият касб этган.
V - VI асрларга деҳқончилик воҳаларида эфталитларнинг ўтроқлашуви кучаяди, бунинг оқибатида суғорма каналлар қазиб чиқарилиб, минглаб гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади. Суғориш услуби такомиллашиб, шоҳариқлар чуқурлашиб, серсув суғориш тармоқларига айланган. Ҳозирги вақтда ҳам мавжуд бўлган Заҳариқ, Бўзсув, Дарғом каналлари V асрда барпо этилган энг йирик суғориш тармоқларидан бўлган. Шунингдек, тоғолдиларига сув чиқариш учун сув чиқариш асбобларидан ерларда зодагон деҳқонларнинг қалин хом ғиштдан уриб чиқилган ва баланд пойдевори устига қурилган улкан қўрғонлари, истеҳкомлар юзага кела бошлаган.
Истеҳкомларнинг тўрт бурчаги баланд миноралар билан мустаҳкамланиб, девору йўллари бир неча қатор камондан ўқ узгич нишон туйнуклар билан таъминланган. Қалин мудофаали қўрғонлар илк ўрта асрнинг ўзига хос меъморчилик намуналаридан бўлиб, Наҳшаб воҳасидаги Заҳоки-Морон қалъаси, Бухородаги Шаҳри Вайрон, Хоразмдаги Фир қалъаси шулар қаторидандир. Воҳаларни ташқи душмандан ҳимоя қилиш мақсадида бир неча чақиримлаб узунликдан қалин деворлар барпо этилган. Самарқанд воҳасидаги 12 та дарвозага эга бўлган “Девори қиёмат”, Бухоро воҳасидаги узунлиги 336 километрли “Кампирак”, Тошкент воҳасидаги “Кампирдевор” истеҳком деворлари шулар жумласидандир.
Бу давр меъморчилигида қасрлар қурилиши айниқса аҳамиятли бўлган. Қасрлар одатда 2 қаватли, шипи текис, гумбазсимон ва равоқсимон ёпилган бир неча хонадан иборат бўлган. V асрдан сарой, қасрлар қурилишида пахса ва хом ғишт билан бир қаторда пишиқ ғиштлар ҳам ишлатила бошланган. Сарой ва ибодатхоналар деворлари одатда рангдор тасвирлар билан безатилган. Бундай тасвирий санъат асарида башанг кийинган аёл ва эркакларнинг зиёфат тасвири берилган расмлар катта дид ва маҳорат билан ишланган. Шу давр моддий маданият ёдгорлиги сифатида Хоразмдаги Тупроққалъа харобасини ҳам кўрсатиш мумкин. Бу қалъа ичидаги тўғри йўналтирилган кўчалар шаҳарни 10 та мавзега бўлиб турган. Шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида кўтарма супа устига хом ғиштдан сарой қурилган. Унинг ёнида арк биноси бўлган. Шунингдек, 100 га яқин турар жой, хўжалик бинолари, 8 та сарой зали харобалари, қадимги хоразмий ёзувидаги 80 тадан ортиқ ҳужжатлар топилган.
Эфталитлар меъморчилигининг ажойиб намуналаридан бири Бухоро яқинидаги Варахша саройидир. Бу қўрғон улкан квадрат шаклдаги тепа устига қурилган. Деворлари ганч қилиниб, деворий суратлар билан безатилган. Хоналар кенг-кенг бўлиб қалин деворлар билан бир-биридан ажралиб турган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, VI- VII асрларда бу ерда бухорхудотларнинг қароргоҳи бўлган. Шунингдек, Тошкент воҳасидаги Оқтепадан, Жўнариқ яқинидан, Пойканддан ва бошқа бир қатор жойлардан эфталитлар даври ёдгорликлари топиб тадқиқ қилинган.
Эфталитлар даврида ҳунармандчилик ҳам ривож топган. Айниқса, кулолчилик, шишасозлик, чилангарчилик, бўзчилик, заргарлик, қуролсозлик касб-ҳунарлари равнақ топган. Шошда ясалган ўқ ва ёй “камони чочий” номи билан машҳур бўлган. Катта-кичик шаҳарлар сони кўпайган. Биргина Зарафшон воҳасида Ривдод, Кушония, Хариман, Арқуд, Ромитон, Варахша, Пойканд каби савдо ҳунармандчилик шаҳарлари мавжуд эди. Айрим маълумотларга кўра Пойканд шаҳри эфталитларнинг пойтахти бўлган (хитойликлар уни Би деб, араблар кейинчалик “Мадинат-ут-тужжор” деб аташган). Пойканд шаҳри айниқса зирҳли пўлат қуроллар ишлаб чиқариш билан ҳам машҳур бўлган. Шунингдек, шу даврда рангли ойналар ишлаб чиқариш ҳам кенг тарқалган. Эфталитлар халқаро савдо соҳасида Эрон, Византия, Ҳиндистон, Хитой билан савдо-сотиқ муносабатларини олиб боришган.
Эфталитлар «Ипак йўли» савдо йўлини назоратда тутишга ҳаракат қилганлар. Ипак йўли савдосида ва умуман савдогарлар ичида суғдийлар етакчи ўринни эгаллашган эди. Бу пайтда Ўрта Осиёдан олтин, кумуш, Бадахшон лаълиси, рангли шиша ва шиша буюмлар, турли хил мевалар, ип-газлама, қоракўл, зотдор тулпорлар олиб чиқилиб савдо қилинарди.
Аввал бошда эфталитлар сосонийлардан бўлган Варахрон V ва Перознинг кумуш тангаларидан ўзаро савдо-сотиқда фойдаланар эдилар. Кейинчалик эфталитлар Эрон шоҳи Варахран V Баҳромгўр тангаларига тақлид қилган ҳолда кумуш тангалар зарб қилдилар. Бундан ташқари, Бухоро, Пойканд, Самарқанд, Хоразмдаги маҳаллий ҳокимлар томонидан чиқарилган чақа тангалар ички савдода кенг муомалада бўлган.
V-VI асрларда диний эътиқод ва тасаввур билан узвий боғлиқ бўлган тасвирий санъат – коропластика - маъбудаларнинг сопол ҳайкалчаларини ясаш ва
уларга топиниш кенг ёйилади. Сопол ҳайкалчалар жой турларига кўра турлича бўлиб, кийим-кечаклари, юз сиймолари, тақинчоқлари жиҳатидан ҳам бир-биридан
фарқланган.
Улкан ҳудуддаги Эфталитлар давлати жуда кўп халқларни ўзида бирлаштирганлиги сабабли ундаги диний эътиқодлар ҳам турлича бўлган. Суғдда зардуштийлик кенг тарқалган бўлса, Тоҳаристон ва Шарқий Туркистонда буддизмга эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил этган. Шаҳарларда христиан ва
яҳудий жамоалари ҳам мавжуд эди. Монийлик ва Маздак таълимоти тарафдорлари ҳам пайдо бўлаётган эди. Зардуштлар Ноҳид, Митра, Сиёвуш каби маҳаллий маъбудаларга ҳам сиғинганлар. Наврўз куни Бухоро оташпарастлари Сиёвуш қабри устида хўроз сўйиб қурбонлик қилар эдилар. Жанубда буддизмнинг таъсири кўпроқ бўлган эди.
Чорвадор аҳоли туркийча сўзлашар, туркий тил тобора кўпроқ ёйила бошлаган эди. Ўтроқ аҳолининг катта қисми суғдий тилида сўзлашар эдилар. Суғдий тили ва ёзуви Еттисув, Фарғонадан ўтиб Шарқий Туркистонга қадар етиб боради. Унинг хусусий суғд - «самарқанд усули» кенг ёйилган эди. Бундан ташқари, хоразм, кхароштий, бухоро ёзувлари ҳам мавжуд бўлган. Эфталитлар ёзуви бақтрия ёзуви асосида пайдо бўлган. Сюань Цзаннинг ёзишича у 25 та ҳарфдан иборат бўлиб хат чапдан ўнгга қараб кўндалангига ёзилган. Бундай ёзув намуналари Зангтепа, Қоратепа, Афросиёб харобаларидан, Кофирқалъадан топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |