Қонунийлик принципи барча фанларга доир бўлган умумий принцип бўлса ҳам, тадбиркорлик ҳуқуқида у бозор муносабатларига ўтиш шароитида ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бу принцип мазмунида тадбиркорлик субъектларининг қонун ман этмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланишлари мумкинлиги қоидаси ётади.
Тадбиркорлик ҳуқуқининг манбалари
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ва қонуности ҳужжатлари тадбиркорлик ҳуқуқининг манбалари сифатида эътироф этилади.
Мисол учун, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш тартибини белгиловчи асосий қонун “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгиловчи қонуности ҳужжатлари.
Тадбиркорлик ҳуқуқининг манбаи – бу тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келадиган тадбиркорлик фаолиятига оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардир.
|
Тадбиркорлик ҳуқуқининг манбалари:
ЎзР Конституцияси, қонунлари, ЎзР Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
ЎзР Олий суди ва Олий хўжалик суди пленумлари қарорлари. Тадбиркорлик қонунчилигининг ривожланиш босқичлари ва кодификациялаштириш масалалари ҳақида фикрлар.
Ўзбекистон Республикасидаги ҳуқуқ тизимининг манбаи ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда қабул қилинадиган қонунлар ва бошқа қонуности ҳужжатлардир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бизнес фаолиятини олиб боришнинг кафолати сифатида муҳим аҳамиятга эга. Жумладан:
“Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баробар муҳофаза этилишини кафолатлайди”. (Конституциянинг 53-моддаси).
|
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари хусусий мулкининг бошқа мулк шакллари билан бир қаторда давлат ҳимоясида бўлиши, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий захираларнинг умуммиллий бойлик бўлиши каби нормалар Конституциянинг 53-55-моддаларида белгиланган.
Тадбиркорлик ҳуқуқи манбаларининг турларидан бири қонунлардир.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси муҳим аҳамиятга эга. У мулк ҳуқуқи, мажбурият ҳуқуқи, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, мулк ижараси, лизинг, пудрат, қурилиш пудрати, ташиш, кредит, ҳисоб-китоб ва шунга ўхшаш тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузиладиган шартномаларга оид қоидаларни ўзида бирлаштириб, бевосита тадбиркорлик ҳуқуқига манба ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолият олиб боришига хизмат қилувчи ва улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинган.
Тадбиркорлик субъектларининг ташкил этилиши ва ҳуқуқий ҳолати “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Банк ва банклар фаолияти тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда мустаҳкамланган.
Тадбиркорлик фаолиятида инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда мустаҳкамланган.
Тадбиркорлик ҳуқуқи манбаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларидир. Бунга мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 13 ноябрдаги СҚ-453-II-сон “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида”ги қарорини келтириб ўтиш мумкин.
Айниқса, тадбиркорлик ҳуқуқининг бозор муносабатлари ривожланишида Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни фармонлар, қарорлар ва фармойишлар муҳим аҳамиятга эга.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4609-сонли фармони, 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2164-сонли қарори мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Тадбиркорлик ҳуқуқининг манбаларидан яна бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, яъни 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли, 2014 йил 2 июлдаги “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳисобланади.
Шунингдек, вазирликлар ва давлат қўмиталари, агентликларнинг ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда қабул қилган ҳуқуқий ҳужжатлари, яъни Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2010 йил 23 июндаги 4-сон қарори билан тасдиқланган “Стратегик ва монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материалларни биржа ва кимошди савдоларига қўйилишини назорат ва мониторинг қилиш тўғрисидаги Низом (2010 йил 26 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2125) ҳам тадбиркорлик ҳуқуқи манбаси сифатида кўрилади. Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ҳудуди доирасида кучда бўладиган ҳуқуқий ҳужжатлари ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбиркорлик қонунчилигига қуйидагича таъриф бериш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |