1-шакл. Лабаратория машғулотлари турлар ва шакллари..
Таълим воситалари. Таълим жараёнида қўлланиладиган воситалар таълим самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Ўқитишнинг асосий воситалари – бу асосий ўқув мазмунига эга бўлган режалар, ўқув дастурлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларидир.
Ўқитишнинг қўшимча воситалари – бу таълим олувчилардаги билим, кўникма ва малакаларни шакллантирувчи масалалар, машқлар тўплами, маълумотномалар, тарқатма материаллар, кўрсатмали ва кўргазмали воситалар, дискетлар, ЭҲМ ва бошқалардир.
Ўқитишни такомиллаштирувчи дастур воситалари – бу мутахассислар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ва предметдаги тегишли мавзулар бўйича дарс жараёнини такомиллаштиришга имкон берувчи интеллектуаллаштирилган дастурлар ва уни амалиётга жорий этишга шароит яратувчи дастурий – техник воситалардир.
Демак, таълим воситалари муайян ўқитиш методи ёки усулларини муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамчи ўқув материалидир. Улар: асбоб – ускуналар, дастгоҳлар, лабаратория жиҳозлари, ахборот – коммуникацион технологиялари воситалари, кўрсатмали қуроллар, расмий белгилар, макетлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари, услубий тавсияномалар ва кўрсатмалар, радио, телевидение ва интернет тармоғи ва шу кабилар.
Таълим жараёнида ўқитиш воситаларидан фойдаланиш табиий ёки тасвирий кўргазма материаллари (предмет, схема, ташкилий – тузилмавий модель, диаграмма, гистограмма, суръат ва ҳ.к.), лабаратория ёки демонстрация (намойишли) машғулотларида қўлланиладиган асбоб – ускуналари, ўқув қуроллари, макетлар, шунингдек, мавзуга оид далиллар (справочник маълумотлар, таъриф, қонун, қоида, тамойил, хосса, хусусият, формула ва ҳ.к.)нинг дарс жараёнида ишлатилишини англатади.
Таълим жараёнида ва уни олиб боришнинг самарадорлигини оширишда таълим шакли, тури, метод ва воситаларининг алоҳида – алоҳида аҳамиятлари бор. Бу борада таълимда кўргазмалилик методини амалиётда жорий этишда таълим воситаларининг ўрни ва роли беқиёс бўлиб, таълимда кўргазмалилик методининг қуйидаги турларидан фойдаланилади: намойиш этиш; тасвирлаш ва экскурсия. Бундаги намойиш этиш ва экскурсия методлари таълим олувчиларнинг ўқув материалларини аниқ образлар орқали бевосита идрок қилишларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўқув материалларининг оғзаки баён қилиш методининг асосий турларидан бири – бу дарслик ва китоб билан ишлаш туридир. Бунда ўқув адабиётлари билан ишлаш мураккаб психологик жараёндир. У таълим жараёнида таълим берувчи томонидан баён қилинган билимларни ўқув материалларини китоб матнидан кўриб, онгли идрок қилиш фаолиятини ривожлантиришни ҳам назарда тутади.
Таълим методи психологик асосга эга. Боланинг ўқув материалини ўзлаштиришдаги ёш имониятлари ва унинг етуклик даражаси ўқитиш ва ўқиш усулларига жуда катта таъсир кўрсатади. Таълим олувчиларнинг фикрлаш фаолиятини ва шахсий хусусиятларини яхши билиш ўқитишнинг самаралироқ усулларини топиш имкониятини беради.
Таълим методлари ўсаётган организмнинг анатомик – физиологик, биологик хусусиятларига ҳам боғлиқдир. Таълим олувчиларнинг билиш фаолиятини ташкил қилишда уларнинг ёшига хос биологик ўсишни ҳисобга олиш керак. Бунга сабаб таълимнинг кўпгина жиҳатлари таълим берувчи ва таълим олувчининг иш қобилияти, чарчаши, ижодий кайфияти, жисмоний соғлиғи, мактабдаги гигена шароитлари ва шу кабиларга боғлиқдир.
Фаол таълим – бу таълим жараёнида таълим берувчи ва таълим олувчининг онгли ва фаол иштироки, мустақиллиги ҳамда ижодий қобилиятларини таъминловчи тизимий – педагогик жараёндан иборат.
Фаол таълим шароитида ўзлаштирилган билим ва ҳаракат усуллари мазмунан мукаммал тизимли, мантиқан тугал ва турли ишлаб чиқариш вазиятларида қўлланишга яроқли бўлади. Бунда асосан қуйидаги таълим методларидан фойдаланилади: баҳс – мунозара; фикрлашга жалб қилиш; доскада мустаҳкамлаш; турли таълимий – касбий ўйинларни амалиётга жорий этиш ва ҳ.к.
Таълим олувчиларда фаол ўрганиш қобилияти, яъни таълим олувчиларнинг тадқиқ қилиш (ижод) ва ўрганишга қизиқишини (интилишини) юзага чиқарувчи фаолиятли ёндашув таълим методларини фаоллаштиришга асосий дидактик асос бўла олади.
Таълим методларини фаоллаштириш қуйидаги таълим қонунларига эътиборни кучайтиришни тақозо этади.
Таълимда интеллектуал соҳани ривожлантириш қонуни. Бу қонун бўйича таълим олувчининг фикрлашини (билишини, ижодини), хотирасини, диққатини, ақл сифатларини (теранлик, эгулувчанлик, тежамкорлик, мустақиллик), фикрлаш кўникмаларини (ажратиш, қўшиш, таҳлил қилиш ва ҳ.к.), билишини (таълим олувчиларни қарама – қаршилик муаммоларни қуриш, саволлар қўйган фаразларни илгари суриш ва ҳ.к.), ўрганишини билишини ривожлантириш, предметга оид билим, ўқув ва кўникмаларни ташкллантиришнинг истиқболли усуллари ишлаб чиқилади ва улардан амалиётда фойдаланиш шакллари яратилади;
Таълимда ирода соҳасини ривожлантириш қонуни. Бу қонун бўйича таълим олувчидаги мақсадга интилишни шакллантириш жараёни эътиборга олинади. Унда асосан асаб ва мускулларнинг зўриқишини енга олиш, ташаббускорлик, ўз кучига ишониш, ўзини бошқара олишни ривожлантириш, билимларни ўқитиш (қандай фаолият кўрсатиш), фаолиятни ривожлантириш, уни қандай амалга ошириш ва назоратни ташқи кўникмасиз олиб бориш каби қобилиятлар ҳисобга олинади;
Таълимда эмацион соҳани ривожлантириш қонуни. Бу қонун таълим олувчига ўз ҳиссиётини ва руҳий ҳолатини бошқариш бўйича зарурий кўникмаларини шакллантириш жараёнидан иборат бўлиб, унда ортиқча ҳавотирни енгиш ва ўзини ҳолисона баҳолаш кўникмасига эга бўлишликни тарбиялаш муҳим ҳисобланади;
Таълимни ахборотлаштириш қонуни. Бу қонун бўйича ахборотлаштирилган жамият шароитида таълим олувчиларнинг жамоатчилик ва касбий фаолиятида тўлақонлироқ самарали қатнашишига тайёрлаш мақсадида таълим тизимининг барча компонентлари компьютерли ва ахборотли технологиялар ёрдамида яхшиланади.
Таълимни ахборотлаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
ўқув – услубий ишларни қайта ташкил этиш;
таълим берувчи ва унинг ролини ўзгартиришга қўйилган талаблар орттирилади;
таълим олувчи шахснинг ва уни индивидуаллаштириш хусусияти ролининг ортиши;
таълим муассасаси ролининг замонавийлашуви, ўзгариши ва унинг таълим олувчилар таркиби жойлашган жойларга таъсирини эътиборга олиш;
ахборот ресурсларининг мумкин бўлган ҳажмининг тўсатдан ортишини ҳисобга олиш;
замонавий ахборот хизмати кўрсатишга бўлган талабнинг мунтазам равишда ортиб бориши асосидаги ахборотлаштиришнинг аҳамияти ўсиши, айниқса башоратли, таълимий ва илмий ҳарактердаги йўналишнинг ривожланишини ҳисобга олиш;
бешта муҳим масалаларни ҳал қилишни кафолатлаш. Улар: таълим сифатини ошириш; таълим жараёнини қулай ҳолга келтириш асосида таълим олишни енгиллаштириш; аҳоли саводхонлиги ошишини таъминлаш; мамлакатнинг иқтисодий потентциали (қуввати) ўсишини таъминлаш; миллий таълимнинг жаҳон талими тизимига интеграциялашувини таъминлаш;
Таълимда мустақиллик қонуни. Бу қонун бўйича таълим олувчиларнинг билимларини ҳаётга қўллай олиш учун таълим бериш жараёнини фаол фикрлаш жараёнига айлантириш асосида уларда ижодий ташаббускорлик ва мустақил тафаккур, нутқ, маданияти ва илмий дунёқараш, эътиқодни таркиб топтиришнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқилади.
Юқорида қайд этилган таълим методларини фаоллаштиришга имкон берувчи таълим қонунлари мустақил ва намунали таълимдан амалиётда фойдаланишга кенг имконият яратади. Бу айниқса таълим олувчилар билан уюштириладиган мустақил таълимда яққол сезилади.
Профессорлар Р.Х.Джураев ва С.Т. Турғуновларнинг қайд этишича мустақил таълим – бу инсоннинг ўзи танлаган воситалар ва адабиётлар ёрдамида аждодлар тажрибасини, фан ва техника ютуқларини ўрганишга йўналтирилган шахсий ҳаракатлар жараёни. Бунда инсоннинг ички дунёси, ҳис – туйғулари, мустақил фикрлаш қобилияти асосий рол ўйнайди [2].
Мустақил фикрлашга ўргатиш. Ҳар қандай ўқув фани бўйича дарсликларнинг асосий дидактик ашёси матнлар, савол – топшириқлар, машқлар ёки мисол – масалалар ҳисобланади.
Таълим олувчини мустақил фикрлашга ўргатишда дарслик, ўқув қўлланмалар ва таълим берувчининг алоҳида – алоҳида аҳамиятини таъкидлаш шарт эмас, балки уни мавзудаги илғор фикрлар, илмий хулосалар, амалий ҳақиқатлар, воқеа – ҳодиса ёки инсон шахсига ўз муносабатини билдиришга йўналтириш керак бўлади.
Муайян фанлар бўйича таълим олувчини мустақил фикрлашга ўргатишга дарсликлардан ўрин олган, илм аҳлига, дарслик муаллифи ва таълим берувчига аввал маълум бўлган илмий ва ҳаётий ҳақиқатларни ҳар бир таълим олувчи ўзининг имконияти доирасида ўз йўли билан ангатилади. Дарслик ёки ўқув қўлланмалардаги ёки таълим берувчи томонидан қўйилган савол – топшириқлар таълим олувчини матн мазмунини ҳикоялашга (айрим ҳолларда ёдлаб олишга) мажбурламаслиги керак.
Демак, мустақил таълим – бу олинган билим кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаш, қўшимча маълумот ёки материалларни мустақил ўрганиш мақсадидаги ўқув шакли.
Педагогик маҳорат – таълим берувчининг устоз – мураббийлик фазилатлари, ўқитувчилик касбининг сирларини чуқур эгаллаганлиги, инсонийлик ва истеъдоди ҳамда интеллектуал салоҳияти ва шу кабилар асосида ундаги касбий таълим, тушунча, кўникма ва малакаларнинг мукаммал шаклланган касбий фаолияти.
Педагогик маҳоратдан кўзланган мақсад дарснинг сифати ва самарадорлигини оширишдан иборат бўлиб, у таълим берувчининг касбий – ижодий фаолиятидир. Бунда таълим берувчининг маҳорати таълим олувчилар ичида кимга нимадир тушунарсиз бўлганлигини тезда (ўз вақтида) илғай олиш қобилиятига боғлиқ бўлади.
Педагогик маҳоратлик ўқитувчида камида қуйидаги қобилиятлар мужассам бўлмоғи лозим:
ўқитувчи дарс материалини аниқ ва равшан баён қила олиши керак;
ўқитувчи ўз таълим олувчиларини иложи борича ўрганилаётган мавзу бўйича бир хил фикрга келтира олиши керак;
ўқитувчи мавзу моҳиятини тўлиқ очиб бера олиши керак ва керак бўлганда уларга бу мавзунинг ўз касбий фаолиятидаги ўрни ва роли ҳақида тушунча бера олиши керак;
дарс давомида бефарқ ҳолда қатнашаётган таълим олувчини тезда дарс мазмунини ўрганишга жалб қила олиши керак;
ўқитувчининг дарсни яна давом эттиришини хоҳловчи таълим олувчилар сони аудиториядаги жами таълим олувчиларнинг қанча қисмини ташкил этишини баҳолаб бериш ва бу орқали ўз дарс ўтиш технологиясини такомиллаштириб бориш имкониятига эга бўлиш;
ўқитувчининг дарс мақсадига эришганлигини баҳолай билиши ва хулосалаш қобилияти ва шу кабилар.
Ўқитувчининг педагогик маҳорати тажрибасида ва унинг натижасида таълим методлари самарадорлиги ошиши йўллари асосий эътиборда бўлади ва улар таълим жараёнига нисбатан турли усул, тамойил, ёндашув ва қарорлар ҳамда педагогик қобилиятлари ёрдамида амалга оширилади. Қуйида улар тўғрисидаги қисқача маълумотларни келтирамиз:
Таълимнинг муаммони қидирув усули – таълим олувчиларнинг билимини мустақил равишда излаб топишга йўналтирилган таълимий фаолият йўли.
Ушбу усулда ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратининг асосий мазмунини таълим олувчиларга беришни сўз орқали ифодалаш, кўргазмали ва амалий усуллар ёрдамида амалга оширишлар ташкил этади. Шунингдек, ўқитувчининг педагогик маҳорати ошиши ва унинг натижавийлигини таъминлашдан муаммоли маъруза ифодаси (изоҳи) орқали мулоҳаза юритиш, исботлаш, умумлаштириш, далилларни таҳлил қилиш ва режага мос тизимлаштириш, таълим олувчини ушбу мавзудаги маълумотларни ўзлаштириши бўйича ўз ортидан эргаштириш билан бирга уни фаолроқ қилиш каби усуллардан фойдаланишлар кўзда тутилади;
Таълимнинг намойиш қилиш усуллари – бу таълимнинг дарс машғулотлари жараёнида ўқув ва кўргазмали воситалардан фойдаланиш йўлларидан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади дарс самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Мазкур усулдан фойдаланишнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, улар сўз билан ифодалаш усули билан у ёки бу даражада уйғунлашиб кетади ва ушбу жараёнда таълим берувчининг педагогик маҳорати муҳим роль ўйнайди. Бу муҳим роль эса педагогнинг таълим воситалари билан олдиндан танишлиги орқали янада юксалади.
Мазкур усул бўйича таълим беришдаги ўқитувчи педагогик маҳоратининг натижавийлигини таъминлашдан оғзаки ва кўргазмали усуллари алоқадорлигининг хилма – хил шакллари мавжудлиги ва керакли жойларда уларнинг ҳар биридан самарали фойдаланиши эътиборга олинади. Бунга сабаб таълимда мавзунинг мазмуни, мавжуд кўргазмали воситаларнинг характери ва таълим олувчилар тайёргарлик даражасидан келиб чиқиб, ҳар бир таълим жараённинг ҳолатига мос улар уйғунлигидан оқилона фойдаланиш дарс самарадорлигини таъминлашга имконият яратади:
Таълим тамойиллари. Бу ўқиш ва ўқитиш жараёнида объектив мавжуд бўлган ва уни бир бутун қилиб турган қисмлари орасидаги зарурий боғлиқликдан келиб чиқиб, одамлар томонидан ишлаб чиқилган ва таълим жараёнида амал қилишликка тавсия этилган ҳаракатлар таркибидир.
Демак, таълим тамойиллари – бу ўқитувчининг фаолиятини ва таълим олувчининг билиш фаолиятини хусусиятини белгиловчи асосдир. У таълим берувчи ва таълим олувчи фаолиятининг муҳим ички томонларини акс эттиради ҳамда турли нормада, турли мазмунда ва ҳар хил йўсинда ташкил этиладиган таълимнинг самарадорлигини белгилайди.
Ана шунинг учун ҳам мазкур жараёнда ўқитувчининг педагогик маҳорати жуда зарур ва унда таълим беришнинг муҳим объктив қонуниятларини таълим тамойиллари ўзида акс эттиради.
Педагогикада ўқитувчининг педагогик маҳоратини оширишга имкон берувчи кўпгина умумий тамойиллар мавжуд. Улар: онглилик ва фаоллик; кўргазмалилик; тизимлилик ва мунтазамлилик; мустаҳкамлик; тушунарлилик; илмийлик; назария билан амалиёт бирлиги; таълим – тарбиянинг бирлиги; таълим – тарбия тизими ва унинг узунлиги; педагогик технология тамойиллари.
Педагогик ёндашув бу таълим – тарбиядаги ўзаро боғлиқлик. Таркибий ва ташкилий жиҳатдан бир бутун бўлган жараён ва ҳодисаларни ўрганувчи педагогик фаолиятдир.
Педагогик ёндашувлар турлари улар қўлланилаётган манбага мос ҳолда турлича бўлади. Улар ичидан педагогик технологияларнинг таълим – тарбияда кенг қўлланилиши билан технологик ёндашувга эътибор кучаймоқда.
Технологик ёндашув – бу таълимнинг аниқ кутилган натижаларига эга бўлган узлуксиз жараёндир. Унинг компонентлари қуйидагилардан иборат: тизимли ёндашув асосида ўқув жараёнини лойиҳалаш; ўқув мақсадини мумкин қадар аниқлаштириш; таълим олувчиларни уларнинг ҳатти – ҳаракатлари асосида ўқитиш; тескари алоқа; билим, кўникма ва малакаларнинг тўла ўзлаштирилиши режалаштирилган мақсадларга эришишини кафолатлаши; ўқитишнинг самарадорлигига эришиши.
Таълимнинг мулоҳазаларга асосланган қарори – бу мазкур қарорни амалга оширишдаги ўқитувчи ва таълим олувчи ўртасидаги вазифаларни белгилаш ва таклиф – мулоҳазаларни ҳисобга олиш ҳамда амалиётда фойдаланишга тавсиялаш ишлаб чиқиш натижаси.
Мазкур жараён ўқитишга ҳар томонлама мос тушувчи таълим технологияларини яратишда, илғор ахборотли таълим технологияларини ҳаётга жорий этишда, қарорларни қабул қилиш бўйича таълим олувчилар вазифаларини белгилашда, қарорни жорий этишда, таклиф ва мулоҳазаларни йиғишларда мукаммал қарорлар қабул қилишга дидактик асос бўла олади.
Таълимнинг мулоҳазаларга асосланган қарори илмий – педагогик, ташкилий – педагогик фаолиятда ва улар натижаларини назорат қилиш йўналишидаги ишларда қўлланилиши самарали натижаларни беради;
Педагогик қобилият – бу ўқитувчининг педагогик фаолиятга хос бўлган зарурий хусусиятлари мажмуасидан иборат бўлиб, унда шу хусусиятлар негизида педагогик фаолият билан моҳирона шуғуллана олишлик лаёқатининг шаклланганлигининг муайян даражасидир.
Мазкур жараёнда, айниқса ўқитувчининг педагогик маҳорати ошиши асосидаги таълим методларининг самарадорлигини оширишда қуйидаги қобилиятлари муҳим асос бўла олади: педагогнинг билиш қобилияти; педагогнинг диққатни тақсимлай олиш қобилияти; педагогнинг истиқболни белгилай олиш қобилияти; педагогнинг касбий маданияти ва билимдонлиги қобилияти; педагогнинг касбий назокати ва кузатувчилик қобилияти; педагогнинг маънавий – маърифий маданияти ва нутқ қобилияти; педагогнинг обрў орттира олиш қобилияти; педагогнинг ташкилотчилик қобилияти; педагогнинг тушунтира олиш қобилияти; педагогнинг тўғри тушунтира олиш қобилияти; педагогнинг тўғри муомала қилиш қобилияти ва шу кабила
Тасвирий санъат дарсларида ишга доир (вазиятли) ўйинлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ишга доир (вазиятли) ўйинлар – муаммоли вазифанинг турларидан биридир. Фақат бу ҳолда кўпинча матнли материал ўрнига, саҳнага қўйилган ҳақиқий вазиятдан фойдаланилади, бунда ролларни ўқувчилар ижро этадилар.
Ишга доир ўйинлар, ўқитиш усули сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширадилар:
Ўқитувчи: умумий ўқув кўникмаларини шакллантириш, ижодий қобилиятлар, шу жумладан янги вазиятларни тушуниш, шакллантириш ва таҳлил қилишни ривожлантириш;
Ривожлантирувчи: мантиқий фикрлаш, нутқ, муҳит шароитларига мослашиш қобилиятини ривожлантириш;
Сабаб (важ бўлувчи): ўқувчиларни ўқув фаолиятига ундаш, қарорларни мустақил қабул қилишни рағбатлантириш;
Тарбияловчи: жавобгарлик, коммуникативлик, эмпатияни шакллантириш.
Ишлаб чиқариш вазиятларини таҳлил қилиш, вазиятли масалаларни ечишда, қоидага кўра, вазиятлик тангликнинг юқори даражаси яратилмайди. Бу биринчи навбатда қарорлар жанжалли вазиятда эмас, ташкилот, бўлинма вақили бўлган амалдор шахсларнинг объектив мавжуд бўлган ҳар хил манфаатлари ўртасида келишувлар билан эмас қабул қилинганлиги билан асосланади.
Ишга доир ўйинларнинг афзаллиги шундан иборатки, унда у ёки ролни олиб, ўйин иштирокчилари бир-бирлари билан ўзаро муносабатларга киришадилар, бунинг устига уларнинг манфаатлари мос келмаслиги мумкин.
Бунинг натижасида табиий ҳаяжонли тангликда ўтувчи жанжалли вазият яратилади, бу ўйинни боришига қизиқишни оширади. Ишга доир ўйин бошқарувчи таҳлид қилувчи ўйиндан иборат бўлади, уни боришида иштирокчилар, у ёки бу амалдор шахсни тақлид қилган ҳолда, ушбу вазиятни таҳлил қилиш асосида қарорлар қабул қиладилар.
У ўқувчиларда аниқ амалий вазиятларни таҳлил қилиш ва қарорлар қабул қилиш кўникмасини ривожлантиришга қаратилган. Ўйин вазиятида мутахассиснинг ижодий тафаккури (муаммони қўйиш, вазиятни баҳолаш, ечимнинг эҳтимоли бўлган вариантларни илгари суриш ва ҳар бирининг самарадорлигини таҳлил қилиб чиқиб энг мувофиқ вариантни танлаш қобилияти) ва касбий кўникмалари ривожланади, пироварида унинг фаолияти қарорлар қабул қилишдан иборат бўлади.
Ишга доир ўйин, қоидага кўра, махсус фанлар бўйича ўтказилади ва кўпинча предметлараро ҳаракатларга эга. Ўқув муассасаларининг ишга доир ўйини дидактик (ўқитувчи) ўйин бўлади; қуйидагилар унинг мажбурий элементлари ва шартлари бўлиб хизмат қиладилар:
1) Дидактик (ўқув) вазифа (кўникмаларнинг белгиланган доирасини шакллантириш, билимларнинг белгиланган доирасини аниқлаб олиш ва бир тизимга келтириш, фикрлашнинг белгиланган хусусиятларини ривожлантириш, шахснинг белгиланган сифатларини тарбиялашга йўналтирилганлик);
2) Ўқувчи бажараётган йўл билан боғлиқ ўқув ишлаб чиқариш ўйинли, масалан, меҳнат жараёнини моделлаштириш одатда мутахассислар меҳнат фаолиятида бажарадиган касбий вазифаларга мос келиши керак;
3) Ролларнинг мавжудлиги. Ҳар бир ўқувчи ўйиннинг шартларига кўра ўрта махсус ўқув юрти битирувчисидан фойдаланиладиган меҳнат фаолиятида унга бажариш тўғри келадиган лавозимга мос келувчи ролни ўзига олади;
4) Ишга доир мақсадларнинг фарқи. Ҳар бир ролга битта рол ижрочининг вазифаси бошқа шахс томонидан бажарилмаслиги учун бошқалар билан мос келмайдиган белгиланган мажбуриятлар берилиши керак, бўлмаса ҳар бирининг фаолиятини баҳолаш қийин бўлади;
5) Ўйинли (жанжалли) вазият, у ўйиннинг шартлари ва сценариясида акс эттирилади ва вазиятнинг баёни, ҳамда ривожланаётган ҳаракатнинг фабуласи кўринишида берилади;
6) Ўйиннинг қоидалари, яъни ўйинчилар чегарасидан ташқарисига чиқиши мумкин бўлмаган чекланишлар (амалда бу лимитлар, фондлар, шартнома мажбуриятлари ва ҳоказо), ҳамда ўйновчига ҳаракатни нотўғри бажарганлик ва белгиланган чекланишларни бўзганлик учун қўлланиладиган “жазо чоралари” (масалан, жарима очколари, дастлабки вазиятга қайтариш);
7) Ўйиннинг жамоавий ҳарактери, ўйновчиларнинг ўйин жараёнидаги ўзаро ҳамкорлиги, у, бир томондан жамоавий қарорларни ишлаб чиқишда, бошқа томондан эса – ўйиннинг айрим иштирокчиларининг ҳар хил фикрлари вқа нуқтаи назарлари билан боғлиқ кўп муқобилли қарорларда акс эттирилади;
8) Ўйиндаги мусобақа, унга ўйин иштирокчилари фаолиятини шахсий ва гуруҳли баҳолаш тизими билан эришилади. Натижа ўқув – ишлаб чиқариш вазифасини бажаришнинг тезлиги, қабул қилинаётган қоидаларнинг тўғрилиги (самарадорлиги), масалани ечишда қоидаларни бўзиш (хатоларга йўл қўйиш) учун олинган жарима очколарининг миқдори билан фарқланиш мумкин.
Ишга доир ўйиннинг мазмуни ўқув ишлаб чиқариш вазифаси сифатида бир қатор талабларга жавоб бериши керак. Ишга доир ўйин – бу қоидага кўра касбий ўйиндир. У ўрта бўғиндаги мутахассисга талаб қилинадиган касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган. Шунинг учун уни яратишнинг асосида тайёргарликнинг худди шу даражадаги мутахассис касбий фаолиятининг таҳлили ётади. Ишга доир ўйин ишга доир ва ўқув вазифаларига эга бўлиши керак.
Ўйиннинг вазифаси – бу ўйновчи томонидан белгиланган касбий фаолиятни бажарилишидир. Ўқув вазифаси – билимлар ва кўникмаларни эгаллашдир. Ўйинни ишлаб чиқарувчи – аниқ ўйин қандай ўқув мақсадида ўтказилиши, ўқувчиларга қандай билимлар мустаҳкамланиши, бир тизимга келтирилиши, аниқланиши кераклиги, қандай кўникмалар шаклланиши ва текширилиши кераклиги ҳақида ўзига аниқ ҳисобот бериши керак. Худди шунинг билан ўйиннинг мазмуни, бориши ва қоидалари, ўқувчилар ўқув вазифаси қандай бажарганликлари белгиланади, уларнинг ўйиндаги иштироклари баҳоланади.
Ишга доир ўйиннинг дидактик самарадорлиги нафақат ўқув вазифаларини тўғри қўйилиши билан эмас, балки унинг ўйинли шакли билан асосланади, у ўқувчиларни жалб қилади, уларда вазифани бажаришга қизиқиш уйғотади, билимларни фаол қўллашга ундайди, жамоавий ўзаро муносабатга жалб қилади. Ишга доир ўйин ўтказиладиган машғулот, қоидага кўра, қуйидаги асосий қисмлардан ташкил топади:
- Педагогнинг ўйин ўтказилиши ҳақидаги йўл-йўриқ кўрсатиши (мақсад, мазмун, якуний натижа, ўтказишга кўрсатмалар, ўйин жамоаларини шакллантириш ва ролларни тақсимлаш);
- Ўқувчилар томонидан ўйиннинг мазмуни ва боришини белгилаб берувчи хужжатлар (сценарий, ўйин қоидалари, унга дидактик материаллар)ни ўрганилиши;
- Шахсан ўйинлар (вазиятни ўрганиш, муҳокама ва қарорлар қабул қилиш, қўйилган мақсадга эришиш, ўйин материалларини шакллантириш);
-Таклиф қилинган қарорлар “техник кенгаш”, ишлаб чиқариш йиғилиши, “жанжал ҳал қилиш комиссияси мажлиси”да оммавий “ҳимоя қилиш”;
- Ўйиннинг ғолибларини аниқлаш;
- Педагог томонидан ўйиннинг хулосасини чиқариш ва уни таҳлил қилиш(эришилган натижаларнинг таҳлили ва баҳолаш, иштирокчиларнинг ҳаракатлари ва фаоллигини, ўйинда йўл қўйилган хатолар, уларнинг сабаблари, қўйилган баҳоларнинг таҳлили).
Do'stlaringiz bilan baham: |