Муаммонинг ўрганилганлик даражаси: “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикасини ўқитиш методикаси” фани бўйича талабаларда пухта билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришда дидактик материаллардан фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Энг самарали методик воситаларни танлашда бўлажак ўқитувчиларга ёрдам беришда дидактика асосий мақсад ҳисобланади.
Дидактиканинг асосий илмий ишланмасини биринчи марта Я.А.Коменский амалга оширган. У 1632 йилда чех тилида “Буюк дидактика” асарини ёзади, 1633-1638 йилларда асарни лотин тилига таржима қилади ва 1657 йилда Амстердамда нашр қилинади. Дидактика тушунчаси остида Я.А. Каменский: “барчани барча нарсага ўргатиш санъати”ни тушунади. Бу капитал асар тарихига жаҳон педагогикасининг оламшумул ютуғи сифатида кирган ва ҳозирга вақтга қадар ҳам ўзининг аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Дидактикани ишлаб чиқишда Г.Пестолоцци, И.Гербарт, К.Д.Ушинский, В.П. Острогорский, П.Ф.Каптерев каби таниқли педагоглар катта улуш қўшганлар. Бу йўналишда Н.П.Грыздев, М.А.Данилов, Б.П.Есипов, Л.В.Занков, М.Н. Скаткин, Н.М.Менчинская, Ю.К. Бабанский ва бошқалар ҳам фаолият юритганлар.
Сластенин В.А, Исаев И.Ф, Мишенко А.И, Шиянов Е.Н. ва бошқалар ҳозирги замон дидактик тизимида ўқитишнинг моҳияти на ўқувчиларга тайёр билимларни бериш ва қийинчиликларни мустақил равишда енгиб ўтиш каби масалаларни тўлалигича ёритиб беришган. И.Ф Харламов ва Б.Т. Лихачевлар педагогик бошқарувнинг ўқувчиларни шахсий ташаббускорлиги, мустақиллиги ва фаоллиги билан узвий боғлиқлигини тарғиб қилишган.
Немис файласуфи ва педагоги И.Ф.Гербарт (1776-1841) Я.А.Коменскийнинг анъанавий синф-дарс тизимини танқидий кўриб чиқиб, этика ва псиҳология фанларининг назарий ютуқларига асосланган “педагогиканинг илмий тизими”ни яратди. Гербарт фикри бўйича тарбиянинг олий мақсади ҳулқий кучли характерга эга бўлган аҳлоқий шахсни шакллантиришдан иборатдир.
1895 йил Дьюи Чикаго мактабларнинг бирида тадқиқот ўтказиб, ўқувчиларнинг шахсий фаоллигини ривожлантиришга урғу бериб, билимларни эслаб қолишига асосланган «вербал» (сўзли, китобли) таълимдан талабаларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган қизиқишлари ҳисобга олиниб ташкил қилинган таълим жараёни жуда яхши натижалар беришига амин бўлди.
Таълим назарияси, дидактика, таълим қонуниятлари ва тамойиллари масалалари ўзбек мутафаккирлари ва маърифатпаварларининг, педагог олимлари (С.Ражабов, А.Мунавваров1, О.Розиқов2, Р.Мавлонова3, Н.Тохтаходжаева4, Ж.Ҳасанбоев5, У.Маҳкамов6 ва бошқалар) нинг ҳам диққат-эътиборида бўлиб келган. Улар томонидан яратилган дарслик ва қўлланмаларда дидактик принциплар моҳияти ёритилган.
Педагог олимларимиз М. Очилов, Н. Сайидаҳмедов, Ж. Ғ. Йўлдошев, Н. Азизходжаева, М.Тўхтаходжаева, Р.Мавлоноваларнинг ишларида таълим қонуниятлари ва принципларига тўхтаб ўтилган. О.Розиқов, Б.Азизов, Г.Нажмиддиновалар7нинг “Умумий дидактика” сида таълим принциплари тизими ва тавсифи берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |