ССВнинг 2012 йил « 18» май даги 137–сонли буйругига 1-сонли илова Бирламчи тиббий-санитар ёрдам муассасаларида ҳомиладор аёлларни антенатал парвариш қилиш ва уни ташкиллаштириш тўғрисидаги Низом.
. Антенатал парвариш (АНП) бирламчи тиббий-санитар ёрдам муассасалари (БТСЁ) – ҚВП/оилавий поликлиника/марказий туман кўп тармоқли поликлиникаларида ўтказилади.
БТСЁ муассасалари фаолияти бўйсинувчи соғликни сақлаш ташкилотлари томонидан белгиланган ҳудудларга мувофиқ амалга оширилади.
Ҳомиладор аёл ҳақиқий яшаш жойи ёки рўйхатга олинган жойи бўйича паспорт ёки махалла қўмитаси маълумотномаси асосида диспансер кузатувига олинади.
БТСЁ муассасалари жиҳозланиши ва тиббий ходимлар штатлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 27 мартдаги «Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини ташкиллаштиришни мукаммаллаштириш тўғрисида»ги 80-сонли буйруғига асосан белгиланади.
Ҳомиладор аёл ҳақиқий яшаш манзили ёки паспортида рўйхатга олинган манзили ва шунингдек, маҳалла қўмитаси маълумотномаси бўйича диспансер кузатувига олинади.
БТСЁ муассасаларида АНП ни УАШ, доя, тиббий патронаж ҳамшираси амалга оширади.
АНП бўйича умумий амалиёт врачи/оилавий врач асосий маъсул мутахассис ҳисобланади.
АНП бўйича умумий амалиёт шифокорининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ҳомиладор аёлни далилларга асосланган маълумот ва замонавий технологияларга асосланиб хомиладорлик даврида (7 мартадан кам бўлмаслиги лозим) малакали антенатал парвариш қилиш;
- ҳомиладорликни эрта муддатларида аниқлаш;
- ҳомиладор аёлларни лозим бўлганда тор мутахассисларни (акушер-гинеколог, эндокринолог, кардиолог ва б.) жалб этиб, тўлиқ бирламчи текширувдан ўтказиш;
- аёл соғлигини ҳисобга олган ҳолда ҳомиладорликни давом эттириш масаласини ҳал қилиш;
- ҳавф гуруҳидаги ҳомиладорларни 16-20 ҳафталик муддатда ҳомилада ривожланиш нуқсонларини аниқлаш мақсадида скрининг марказларига текширувга юбориш;
- ҳомилада ривожланиш нуқсонлари аниқланганда ҳомиладор аёл ва оила аъзоларидан ёзма розилик олган ҳолда ҳомиладорликни тўхтатишга йўллаш;
- ҳомиладорлик асоратларининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш – ҳомиладорлик ёки/ва соматик касалликлар асоратларини эрта аниқлаш, лозим бўлганда шошилинч ёрдам кўрсатиш ва ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш боскичларини ҳисобга олган ҳолда ўз вақтида шифохонага ётқизишни ташкиллаштириш;
- 100% ҳомиладорларни ОИВ-инфекцияси бўйича маслаҳат ва тестдан ўтказилишини таъминлаш;
- ҳомиладорлар ва туғувчи аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш босқичларини ҳисобга олган ҳолда ҳомиладорликни олиб бориш, туғруққа тайёрлаш, акушер-гинеколог билан биргаликда туғруққа йўллаш манзилини танлаш;
- қўшимча соматик патологияси ёки акушерлик асоратлари бўлган ҳомиладорларни ТТБ/ШТБга йўллаш;
- ҳомиладорларга маслаҳат бериш ишларини ўтказиш, ҳомиладор аёл ва унинг оила аъзоларига “Ҳомиладорлик ва туғруқ давридаги ҳавфли белгилар” ҳақида маълумотларни бериш;
- туғруқдан кейинги тўлиқ парваришни таъминлаш, туғруқдан кейинги 40-45 кунларда контрацепция билан таъминлаш учун маслаҳат олиб бориш;
- соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш, микронутриентларни қабул қилиш, чекиш ва алкогол истеъмол қилишнинг зарари ҳақида тушунтириш –тарғибот ишларини ўтказиш.
АНП бўйича доя ва патронаж тиббий ҳамширасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: - ҳомиладор аёлларни эрта муддатда аниқлаб, ҳисобга олиш учун БТСЁ муассасасига ташрифини таъминлаш;
- УАШ/оилавий врач билан биргаликда ҳомиладорларни олиб бориш;
- Ўзбекистон Республикаси Соғликни саклаш вазирлиги буйруқлари ва ўрнатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тиббий ҳужжатларни юритиш;
- ҳомиладорлар ва туғруқдан кейинги даврдаги аёлларга ташриф жадвали бўйича режали равишда ёки чақириқ асосида уйда патронаж ёрдамини кўрсатиш;
- ҳомиладор аёлни даволаниш ёки туғиш учун шифохонага ётқизиш ҳақида маълумотларни УАШ/оилавий врач учун олишни таъминлаш;
- контрацепция масаласини ҳал қилиш учун аёлнинг туғруқдан кейинги (40 кундан сўнг) даврда БТСЁ муассасасига ташрифини таъминлаш.
- ўз ҳудуди аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш, микронутриентларни қабул қилиш, чекиш ва алкогол истеъмол қилишнинг зарари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини ўтказиш.