Бешинчи суҳбат. Инжиллаштиришдан кўзланган мақсадлар
Бугунги кунда миссионерликдан ғаразли геосиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳам кенг тус олган. Шундай эмасми?
Тарих ўзга ҳудудларни забт этиш мақсадида ишлатиладиган уруш қуроллари узлуксиз такомиллашиб борганини кўрсатади. У найзалардан тортиб автоматик қуролларгача, замбараклардан тортиб Ер юзининг ҳар қандай нуқтасига бехато етиб борадиган қитъалараро баллистик ракеталаргача бўлган узоқ такомил йўлини босиб ўтди. Бу қуроллар босиб олиниши керак бўлган ҳудудлар аҳолисини жисмонан йўқ қилишга қаратилган эди. Бугунги кунда эса, ўзга ҳудудларни забт этиш учун уларнинг аҳолисини маҳв этиш шарт эмас. Зеро, онги ва шуури забт этилган, қараш ва кайфиятлари «маъқул» йўналишга ўзгартирилган ерлик аҳоли кўмагида ҳар қандай бойлик, табиий ресурсларга эгалик қилиш мумкин бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, XX аср йирик давлатлар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш учун олиб борилган кураш даври бўлди, дейиш мумкин. Осиё ва Африка мамлакатлари эса асосий кураш майдонига айланди. Бунда нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида ёқилғининг қимматлашиши ва йирик давлатларнинг энергетик заҳиралар жойлашган ҳудудларда ўз таъсирларини ўтказишга ҳаракат қилиши муҳим роль ўйнади.
Бу муаммо ҳозир ҳам долзарблигича қолиб, йирик давлатлар ўзларининг геосиёсий мақсадларга эришиш йўлида хилма-хил усулларни ишга солмоқдалар. Жумладан, “Мақсад-воситани оқлайди” деган тамойилга амал қилган ҳолда миссионерликдан ҳам фаол фойдаланилаётганини таъкидлаш зарур. Мазкур ҳолат ҳам, миссионерлик бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш, жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришнинг ўта нозик шаклига айлангани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Миссионерларнинг асосий мақсади христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатишдир. Зеро, Юртбошимиз И.Каримов таъкидлаганларидек, “Қудратли давлатлар ва муайян сиёсий марказлар ўз мақсадларига эришиш учун аввало забт этмоқчи бўлган мамлакатларнинг аҳолиси онгини ўзига қарам қилишга интилади”.
Ўзларининг ғараз мақсадларига эришиш йўлида миссионерлар томонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилган, дейишади. Шу тўғрими?
Дарҳақиқат, миссионерлар ўз мақсадларигага эришиш учун хилма-хил ва турли даврларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиққанлар. Христиан назариётчиларидан бири Луис Буш христиан миссионерлари алоҳида эътибор қаратиши лозим бўлган ҳудуд - шимолий кенгликнинг 10 ва 40-паралеллари орасида жойлашган, деб ҳисоблаб, уни “10/40 ОЙНА”, деб атаган эди. Ушбу паралеллар ораси эса буддавийлик, конфуцийлик, ҳиндуийлик, ислом, синтоийлик ва даосизм динлари кенг тарқалган ҳудудлар ҳисобланади. Бу ҳудудда Осиёнинг 40 га яқин, Африка қитъасининг 20 дан ортиқ давлати жойлашгани эса миссионерларнинг иштаҳаси нечоғлик катта эканини кўрсатади. Ушбу ҳудудда улкан нефть ва газ захиралари мавжудлиги эса миссионерликдан кўзланаётган ғаразли геосиёсий мақсадларнинг асл моҳиятини теранроқ англашга хизмат қилади.
Классик геосиёсат наздида ҳам 30-40 паралеллар орасида жойлашган ҳудуд асосий ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга. XIX асрдаёқ таниқли геосиёсатчи А.Мехен Ер шарининг ушбу минтақасида империяларнинг манфаатлари тўқнашадиган “қарама-қаршиликлар ҳудуди”ни ажратиб кўрсатган эди. Замонавий геосиёсатчилар ҳам ушбу ҳудуд йирик давлатлар учун ҳаётий-амалий ва геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд қиладилар.
Миссионерликда фаолият олиб бориладиган ҳудудларга хос хусусиятлар нечоғлик инобатга олинади?
Кўзланган мақсадларга эришишни таъминлаш йўлида миссионерлар учун бир қатор рисолалар ва қўлланмалар ишлаб чиқилган. Масалан, «1040 ОЙНА» ҳудудига кирувчи мамлакатларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолисининг диний қарашлари, турмуш тарзи, миссионерлик фаолиятини олиб боришда эътибор берилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумотлар шакллантирилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, таниқли миссионер Патрик Джонстоуннинг «Дунё операцияси» китоби алоҳида эътиборга молик.
Китобда келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 3000 га яқин этник гуруҳлар тўлақонли фаолият юритадиган черковларга эга эмас. П.Джонстоун асосий эътиборни ушбу этник гуруҳларнинг ҳар бирида черковлар ташкил қилишга қаратиш кераклигини таъкидлайди.
“Инжил”ни турли тилларга таржима қилиш билан бир қаторда дунё аҳолиси таркибида христианлир сонининг ўсиши бўйича ҳам тадқиқотлар олиб борадиган энг йирик «Уиклиф» халқаро христиан миссияси “Хушхабар”ни 600 дан ортиқ тилга таржима қилишда иштирок этган. Миссия маълумотларига кўра, уларнинг ҳаракатлари натижасида 45 миллион киши «Муқаддас китоб» таржимаси билан танишган.
Ҳозирги кунда ушбу миссия дунё бўйича мавжуд 6913 та тил гуруҳидан 1376 тасида иш олиб бормоқда. Бунда аввало тилнинг лингвистик тадқиқоти амалга оширилади ва бу иш охир-оқибатда “Инжил”ни ўша тилга таржима қилиш билан якунланади. Миссиянинг дунёнинг 60 давлатида фаолият юритаётган 5277 та ва махсус тайёргарликдан ўтаётган 442 та миссионери олдига ана шундай вазифа қўйилган.
Христиан оламида миссионерлик бўйича таниқли назариётчиларидан бири Девид Барретт “Бутунжаҳон христиан энциклопедияси”да Шимолий Африка, Ўрта Шарқ ва Осиёнинг Япониягача бўлган баъзи ҳудудларни ажратиб кўрсатади. Барретнинг фикрича, ушбу минтақада “Инжил”лаштириш керак бўлган 1800 та йирик этник гуруҳлар истиқомат қилади ва улар дунёнинг христиан бўлмаган аҳолисининг 95 фоизини ташкил этади.
Яна бир таниқли миссиолог Кичик Джорж Отис қайд этишича, инжиллаштирилмаган аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудлар диний урушнинг асосий майдонига айланмай иложи йўқ. Чунки, унинг фикрича, ушбу ҳудудда йирик давлатлар ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, баъзан очиқдан-очиқ, айрим ҳолларда зимдан қўллаб-қувватлаётган турли христиан ва нохристиан секталари ўз издошлари сонини кўпайтириш учун кураш олиб бормоқда.
Юқорида келтирилган маълумотлар ҳам, миссионерликнинг эътиқодий тарғибот объекти сифатида танлаб олинган ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тизимли амалга оширилаётганини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |