Юртимизда буддавийликнинг қайси йўналиши мавжуд?
Юқорида қайд этилганидек, буддавийликда хинаяна, махаяна ва ламаизм оқимлари мавжуд.
Хинаяна (нажот топишнинг тор йўли) - буддавийликнинг Будда давридаги таълимотига амал қилади. Хинаянада ҳаёт азоб-уқубатларидан монахлик жамоасига аъзо бўлганларгина халос бўла олади, деб ҳисобланади.
Махаянада (нажот топишнинг кенг йўли) эса монахлик рад этилади ва Будда ўгитларига амал қилувчи, худога илтижо қилувчи, монахларга моддий ёрдам берувчи, дунёвий ишлар билан шуғулланувчи ҳар бир киши нажот топиши мумкин, деб билинади.
Юртимизда эса буддавийликнинг учинчи оқими – ламаизм тарқалган.
Ламаизм (тибет тилида «лама» – «энг улуғ» деган маънони англатади) Тибетда VII – XIV асрларда тибетликларнинг қадимий диний қарашлари ҳамда Махаяна ва Тантризм уйғунлашуви асосида вужудга келган бўлиб, ҳозирда тибетликларнинг асосий дини ҳисобланади.
Буддизмнинг барча ақидаларини қабул қилган ламаизмда инсон фақат ламалар (руҳонийлар) ёрдамида нажот топади. Ламаларсиз нирванага етишиш у ёқда турсин, киши бу дунёга қайтиб келишда ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди, деб ҳисобланади.
Ламаизмнинг анъанавий қонунлашган асоси “Канжур” (108 жилдли) ва “Танжур” (225 жилдли) номли муқаддас китобларда баён қилинган. Ламаизмда йўналишнинг олий диний раҳнамоси Далай-Лама туғилган мавжудотларнинг энг улуғи, деб ҳисобланади. Далай – тибет тилида «денгиз» маъносини англатади. Далай-Лама «денгиздек улуғ лама» деганидир. Бу унвон 1391 йилда жорий қилинган. Биринчи Далай-Лама Биндуидуб (1391 – 1475) бўлган. Ҳозирги кунда Далай-Лама XIV Лозондантзенжанцо-Игвант ҳисобланади. Ламаизм диний ҳаётининг марказини монастирь ташкил қилади. У ерда Далай-Лама, ламалар диний уюшмаси, роҳиблар, талабалар фаолият олиб боради.
2009 йилнинг 1 январига қадар республикамизда буддавийликка мансуб 1 та диний ташкилот рўйхатга олинган.
Халқаро Кришнани англаш жамияти таълимотининг моҳияти нимада?
Халқаро Кришнани англаш жамияти Шрила Бхактиведанта Свами Прабхупада номи билан танилган асли ҳиндистонлик Абхай Чаран Де (1896-1977) томонидан ташкил этилган. У 1947 йилда “Веда” фалсафаси билимдони сифатида “Бхактиведанта” (санскр. «содиқлик», «фидокорона хизмат») унвонига сазовор бўлади. Санскрит тилидан инглиз тилига кўпгина “Веда” матнлари, жумладан, “Бхагавадгита” (“Худо қўшиқлари”)ни тафсирлар ёзиб таржима қилди. 1959 йилда 63 ёшида дунёдан воз кечишга аҳд қилади ва Свами (“Ақл ва ҳиссиётлар эгаси”) унвонига эришади.
1965 йилда А.Ч.Бхактиведанта Свами АҚШга кўчиб ўтди ва “Халқаро Кришнани англаш жамияти”га асос солди. Бу даврда Шарқ мистик таълимотига бўлган катта қизиқиш Кришнани англаш фалсафасини тарғиб қилиш учун қулай шарт-шароит яратди ва ҳаракат тез ривож топди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида уларнинг 150 дан ортиқ ибодатхоналари мавжуд.
Кришначилик (вайшнавизм) одам қиёфасидаги худо Кришна (Вишну)га эътиқод қилишга асосланган ҳиндуийликнинг икки асосий оқимларидан бири ҳисобланади. Кришначиликнинг муқаддас ёзувларига “Бхагаватгита”дан ташқари бошқа “Веда” матнлари ҳам киради.
Кришначилик яккахудоликка, яъни ягона ва мутлоқ худо - Кришнани тан олишга асосланади. У абадий, яратилмаган ва чексиз шаклларга кириш қобилиятига эга. Кришначилик таълимотига кўра, олам руҳий ва моддий дунёга бўлинади. Инсоннинг руҳи танасига нисбатан бирламчидир. Кришначилар руҳни ривожлантириб ички комиллика эришиш ва шу йўл билан худога қўшилишни олий мақсад, деб биладилар.
Ҳар бир инсон ўзида Кришнани англаш қобилиятини ривожлантириши мумкин. Бунинг учун бир қанча ҳаракат шаклларини ўз ичига олган ва худога муҳаббатни ривожлантириш ҳамда уни бутунлай руҳий англашга шўнғишга қаратилган бхакта-йога машқлар тизими ишлаб чиқилган. Айни пайтда, инсон ўзини моддий эҳтиёжлардан холи қилиши, гўшт, балиқ, тухум, маст қилувчи нарсаларнинг барчаси, жумладан, спиртли ичимликлар, тамаки, қаҳва, чой истеъмол қилиш, никоҳсиз жинсий ҳаёт кечириш ва қимор ўйинлардан воз кечиши зарур, деб ҳисобланади.
Кришначиликда медитация деб аталувчи, ибодатхонада ўтказиладиган диний маросимлар ҳар куни соатлаб бажарилади. У махсус ҳаракатлар, Санкиртана - биргаликда худо Кришнани “Харе Кришна, Харе Кришна, Кришна Харе, Харе, Харе Рама, Харе Рама, Рама, Рама, Харе, Харе” деган, махамантра (“озод бўлишнинг буюк қўшиғи”)ни куйлаш билан шарафлаш амалиётини қамраб олади. Буларнинг ҳаммаси, уларнинг таъбирича, ақлни тозалаш, фикрни ташқи дунёдан халос этиш, бутун диққат-эътиборни худога муҳаббатга йўналтириш учун бажарилади.
“Халқаро Кришнани англаш жамияти”да ўз эргашувчиларининг мол-мулкларини жамият ҳисобига хайр-эҳсон қилишлари ҳамда ибодатхонада руҳонийлик вазифасига ўтишлари рағбатлантирилади. Бу таълимотни қабул қилган ҳар бир кишига янги - санскритча ном берилади. Жамоа аъзолари сари, дхоти ва бошқа ҳинд миллий либосларини киядилар.
2009 йилнинг 1 январига қадар республикамизда кришначиларнинг 1 та диний ташкилоти рўйхатга олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |