Баҳоийликнинг ўзига хос хусусиятлари нимада?
Баҳоийлик - XIX асрда Эронда бобийлик оқими замирида вужудга келган диний оқим. Шерозлик Сайид Али Муҳаммад (1819-1850) 1844-йилда Боб (арабча “эшик”), яъни янги даврга “эшик” номини олиб, яқин орада “Худо элчиси”нинг намоён бўлиши, кишиларга янги даврнинг асосий қонунлари ва низомларини инъом этишини тарғиб қила бошлаган.
Бобнинг йирик издошларидан бири Мирза Ҳусайн Али Нурий (1817-1892) 1863 йилда Боб башорат этиб кетган худонинг элчиси унинг ўзи эканини эълон қилади ва Баҳоуллоҳ, яъни “Аллоҳнинг жилоси” номини олади. Ушбу оқимннинг номи ҳам Баҳоуллоҳнинг номидан олинган.
Баҳоуллонинг “Китоби Ақдас” ва “Китоби Иқон” асарлари баҳоийлик таълимотининг асосларини ташкил этади. Оқим асосчиси ўзига “Аллоҳнинг жилоси” номини қабул қилган бўлса-да, баҳоийлар ақидасига кўра, баҳоийлик мустақил дин, у бирор бир диндан ажралиб чиққан секта ҳам, мазҳаб ҳам эмас, деб ҳисобланади.
Баҳоийлик Ҳиндистон, Уганда, Кения, Эрон, Миср, АҚШ, Канада каби қатор мамлакатларда тарқалган. Ҳозирги вақтда дунёда баҳоийларнинг 9 та ибодат уйи, 200 га яқин миллий ҳамда бир қанча маҳаллий диний мажлислар мавжуд. Баҳоийларнинг умумий миқдори тахминан 6 миллион кишини ташкил этади.
Баҳоийлик таълимотига кўра:
- барча динлар бир илдиздан пайдо бўлган ва пайғамбарлар биродар ҳисобланади;
- Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад пайғамбарлардан ташқари Будда, Зардушт, Кришна, Боб ва Баҳоуллоҳ ҳам пайғамбар ҳисобланади. Баҳоийликда улар энг буюк 9 та пайғамбар сифатида эътироф этилади;
- худо ҳар минг йилда ер юзига янги пайғамбар туширади;
- жаннат ва дўзах, охират, шайтон ва фаришталар инкор қилинади;
- ҳозирги барча динлар бир бирларини инкор қилади, шунинг учун ҳам, уларни бирлаштириш ва инсонлар орасидаги турли фарқларни йўқотиш лозим. Баҳоийлар даъвосига кўра, бундай бирлаштирувчилик вазифасини баҳоийлик бажариши лозим.
- Ватан, миллат деган тушунчалар маънисиз ҳисобланади. Зеро, уларнинг фикрича, Ер юзининг ҳамма жойи Ватан ҳисобланади.
Баҳоийликда руҳонийлар йўқ. Маҳаллий жамоаларни йилда бир маротаба (21 апрель) яширин овоз бериш йўли билан сайланадиган 9 кишидан иборат Маҳаллий диний мажлис бошқаради. Баҳоийлар йирик жамоаси мавжуд бўлган ҳар бир давлатда Миллий диний мажлис сайланади. Ўз навбатида Миллий диний мажлис вакиллари 9 кишидан иборат бўлган Умумжаҳон Адолат Уйи аъзоларини сайлайдилар. Ҳар беш йилда сайланадиган Умумжаҳон Адолат Уйи умумжаҳон баҳоийлар жамиятининг фаолиятини бошқариб боради.
Баҳоийликда ҳар бири 19 кунлик 19 ойдан иборат бўлган диний тақвим қабул қилинган. Ҳар 19 кунда жамоанинг барча аъзолари ибодат қилиш, жамоа билан боғлиқ бўлган ишларни муҳокама қилиш, ўзаро биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун йиғиладилар.
Кунига уч марта Исроилнинг Акка шаҳрига қараб ибодат қилинади. Умумий ибодат дуо ўқиш, медитация ҳамда баҳоийликнинг асосий китоблари ва жаҳон динлари муқаддас китобларидан матнлар ўқиш орқали амалга оширилади. Ҳар йили 2 мартдан 20 мартгача баҳоийлар кун чиқардан кун ботгунга қадар овқат ва сувдан ўзларидан тийиб, рўза тутадилар.
Баҳоийларнинг муқаддас ибодатхонаси Акка шаҳрида жойлашган. Хайфа шаҳри муқаддас шаҳар ҳисобланиб, дунё баҳоийларининг зиёратгоҳи ҳисобланади. Бу ерда Боб ибодатхонаси, 1957 йилда баҳоийликнинг раҳбарлик органи сифатида ташкил этилган Умумжаҳон Адолат Уйининг қароргоҳи жойлашган.
Ўзбекистон ҳудудида баҳоийларнинг илк вакиллари - савдо-сотиқ билан шуғулланувчи тижоратчилар - XIX аср охирларида Самарқанд шаҳрида пайдо бўлган.
2009 йилнинг 1 январига қадар республикамизда баҳоий жамоаларининг 6 та диний ташкилоти рўйхатга олинган.
Нима учун христиан конфессиялари “Иегово шоҳидлари” таълимотининг христианликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ҳисоблайдилар?
“Иегово шоҳидлари” оқимига Чарльз Тейз Рассел (1852-1916) томонидан асос солинган. Оқимнинг диний таълимоти унинг етти томлик “Муқаддас Ёзувни ўрганиш” китобига асосланади.
Ч.Рассел вафотидан кейин ташкилотга раҳбарлик қилган Иосиф (Джозеф) Франклин Рузерфорд иеговочиликка “армагеддон” (яъни, гўёки, охирзамонда Исо бошчилигидаги иеговочилар ва Шайтон бошчилигидаги жинлар қўшини ўртасида бўлиб ўтадиган жанг) тушунчасини киритди ва ҳар йили иеговочиларнинг халқаро конференцияларини ўтказишни, 50 га яқин китоб муаллифи сифатида тарғибот ишларида радио ва граммпластинкалардан фойдаланишни йўлга қўйди.
“Иегово шоҳидлари” Учлик ҳақидаги ақидани рад этишади, лекин бошқа оқимлар каби унинг барча кўринишларини изоҳлашади. Улар худонинг ўз шахсий исми бор, бу исм “Иегово”дир ва у барча нарсаларнинг асоси ва яратувчиси, деб ҳисоблайдилар.
Иеговочилар Исо Худонинг Ўғли бўлганига ишонишсада, унинг Худо бўлганини инкор қилишади. Уларнинг таълимотига кўра, Исо Иегово томонидан яратилган ягона инсондир, қолган барча инсонлар Масиҳ орқали яратилган. Муқаддас Руҳ – Худонинг кўринмас кучи бўлиб, у дунё яратилишида қатнашган.
Иегово бутун инсоният тарихида 144 минг кишини танлаб олган, улар ўлгандан сўнг тўғридан-тўғри тирилади ва осмон подшоҳлигига ўтиб кетишади. Ҳозирги кунда ўша танланган 144 минг киши, яъни “кичик пода”дан (имони мустаҳкам ва дин йўлида кўп хизмат қилган) 9 мингтаси тирик, деб эътиқод қилинади. Қолган имонлилар, яъни Иегово шоҳидларига қўшилган “қўйлар”га (оддий диндорлар) ер юзида абадий жаннатда яшашлари ваъда қилинади.
“Иегово шоҳидлари” фақатгина Исо Масиҳ ўлимини эслаш кечалари билан боғлиқ байрамни нишонлайдилар. Шу куни жамоа аъзолари қариндош ва танишларини уйларига таклиф қилишади. Дастурхонда Исонинг тана ва қонининг ифодаси деб билинадиган хамиртуришсиз нон ва қизил, қуруқ вино бўлиши шарт.
“Иегово шоҳидлари” диний ташкилоти қатъий марказлашган характерга эга. “Иегово шоҳидлари”нинг диний-маъмурий маркази - Бошқарув корпорацияси ҳисобланади. У 15 кишидан иборат бўлиб, Бруклинда (АҚШ, Нью-Йорк) жойлашган. Бошқарув корпорациясининг 90 дан ортиқ филиаллари дунёнинг турли мамлакатларида тарғибот ишларини олиб боради. Христианликнинг турли конфессиялари иеговочиларнинг христианлик билан ҳеч қандай умумийлиги йўқ, деган фикрда якдилдир.
Ўрта Осиёда “Иегово шоҳидлари” диний ташкилотининг биринчи жамиятлари 1950-йилларда пайдо бўлган ва норасмий равишда фаолият кўрсатиб келган. Бугунги кунда республикамизда “Иегово шоҳидлари”нинг 1 та ташкилоти расман рўйхатга олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |