Баптистликнинг моҳияти нимада?
Баптистлик (грекча - сувга ботирмоқ, сувга шўнғитиб чўқинтирмоқ) XVII асрда Англияда вужудга келган протестант йўналишидаги оқимларидан биридир.
Баптистлик диний таълимотининг асосида “Библия”нинг илоҳий нуфузини тан олиш, уни Муқаддас Руҳдан руҳланган, нажот топиш ҳамда эътиқод ва ҳаётга нисбатан худонинг иродасини билиш учун ягона, зарур ва етарли манба ҳисоблаш ётади. Шунинг учун ҳам, жамоанинг ҳар бир аъзоси томонидан “Библия”ни ўрганиш ва тафсир қилишга кучли эътибор берилади.
Протестантликнинг бошқа оқимлари каби баптистлар ҳам:
- хоч ва иконаларга сиғинишни нотўғри деб ҳисоблайдилар;
-авлиёларни қадрлаш, роҳиблик, чақалоқларни чўқинтиришни, никох, миро мойини суртиш, елей суртиш, руҳонийликка қабул қилиш, тавба каби маросимларнинг “сирли” эканини инкор этадилар.
Исони ўзининг шахсий халоскори деб ишонган, ўн саккиз ёшга тўлган ва онгли муносабатини шакллантирган ҳамда сувда чўқинтирилган ҳар бир инсон черков аъзоси бўлиши мумкин. Шунингдек, христианликнинг бошқа оқимларидан чиқиб баптистликка кирувчиларни янгидан чўқинтириш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.
Баптистларда асосий эътибор мавъизаларга қаратиладиган ибодатлар ҳафтасига икки-уч маротаба ўтказилади. Уларда оддий эътиқод қилувчи ёки бошқа жамоалардан келган меҳмонлар ҳам ваъз қилишлари мумкин. Ибодатларда диний ашулаларга ҳам катта ўрин берилади.
Апостоллар давридагидек сувга шўнғиш орқали чўқинтириш баптистларнинг асосий маросимлардан биридир. Бу маросимга чуқур диний маъно берилади. Баптистлар таълимотига кўра, чўқинтирилаётган инсон худди Исонинг ўлимига шўнғийди, у билан ўлади ва сувдан чиқиши билан Исо каби янги ҳаёт учун тирилади.
Баптистликка кўра, ҳар гал вино ва нон тотиган инсон вужудида Исо намоён бўлади. Бу маросим ҳар ойнинг биринчи якшанбасида бажарилади, унда фақат баптистлар таълимотига асосан чўқинтирилганлар қатнашадилар.
Баптистликда диний интизомга қатъий риоя қилишга алоҳида эътибор берилади. Ичкиликбозлик, бузуқлик, исрофгарчилик, оиласига вафосизлик, кўнгилочар муассасаларга бориш жамоадан сўзсиз ҳайдалишга олиб келади.
Туркистон ўлкасига баптистлик XIX аср охирларида кириб келган. 1902 йилда Тошкентда уларнинг биринчи черкови ташкил этилган, 1926 йилда эса биринчи ибодат уйи қурилган.
2009 йилнинг 1 январига қадар республикамизда баптистларнинг 1 та маркази ва 23 та черкови рўйхатга олинган.
“Новоапостоль черкови”нинг ўзига хос хусусиятлари нимада?
“Новоапостол черкови” XIX асрнинг ўрталарида Англияда вужудга келган протестантлик оқимларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда “Новоапостол черкови” дунёнинг 180 та давлатида 50 га яқин жамоа, 9 миллионга яқин аъзоларига эга.
“Новоапостол черкови” диний таълимотида 7 сирли маросимнинг учтаси эътироф этилади:
- сув билан чўқинтириш (ёшнинг фарқи йўқ);
- причащение - нон ва вино билан тотиниш;
- Муқаддас Руҳ билан (запечатление) инсоннинг ички оламини бутунлай янгилаш.
Черков таълимотига кўра, Худо руҳонийларнинг дуо ва фотиҳалари сабабли бандаларига ўзининг меҳру мурувватини ато қилади.
Марҳумлар руҳига бағишлаб бири йилда уч маротаба (март, июл ва ноябр ойларининг биринчи якшанба кунларида) ўтказиладиган диний маросимлар ҳам “Новоапостол черкови”нинг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади. Бу маросимларда марҳумларнинг қариндошлари ва руҳонийлар иштирок этиб, худодан уларнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф этишини сўраб, ибодат қиладилар.
Черковни биринчи апостол ва апостоллар бошқарадилар. Ўз навбатида улар христианликдаги машҳур 12 апостолнинг ўринбосарлари ҳисобланадилар (“Новоапостол черкови” номи шундан келиб чиққан). Биринчи апостол, диний қоидаларга асосан, Худонинг ердаги вакили ҳисобланади. Черков ходимлари ўз вазифаларини бепул ва ўзларининг асосий касбларидан ташқари бажарадилар
Ҳар бир жамоа 150-170 кишилик катта оила каби ташкил этилади. Пасторлар камида икки ойда бир маротаба ҳар бир уйни зиёрат қиладилар. Асосий эътибор болалар ва ўсмирлар тарбиясига, ногирон ва камбағалларга ёрдам қилишга қаратилади.
“Новоапостол черкови” Ўзбекистондаги фаолиятини 1992 йилдан бошлаган.
2009 йилнинг 1 январига қадар республикамизда “Новоапостол черкови”нинг 4 та диний ташкилот рўйхатга олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |