Журналистикада конверсия. «Конверсия» қўшилиш, бирлашиш маъноларини билдириб, у турли хил электрон технологияларнинг тез ривожланиши ва ўзаро алоқадорликда ишлаши натижасида ягона тизимга бирлашиш, қўшилиш жараёнини англатади. Мазкур атама айрим чет эл манбаларида «конвергенция» сўзи билан ҳам ифодаланади. Журналистикада конверсия бевосита турли хил ахборот узатиш шаклларининг ягона бир тизимга ўтишида яққол кўринади. Масалан, телевидениеда ҳозирда нафақат тасвир ва овоздан, балки матнли маълумотлардан ҳам бевосита фойдаланилади. Буни овоздан ташқари қўшимча маълумот беришга мўлжалланган титр ёзувларида кузатиш мумкин. Бу усулда ахборот узатиш кўпгина қулайликларга эга экани исботланган. Интернет таъсирида конверсия жараёни бошқа шаклларда ҳам ўзини намоён этади. Унинг асосий хусусияти бир-биридан айри ҳолдаги ОАВни бириктиришдир. Масалан, журналист битта материални тайёрлаб, ҳам газета, ҳам on-line нашрда ёки телеканалнинг ахборот хизматида эълон қилиши мумкин. Интернет тизимидаги ОАВ on-line шаклда воқеаларни ёритишда нафақат матндан фойдаланади, балки ўз чиқишларини видеотасвир ёки фотосуратлар билан тўлдиришга ҳаракат қилади, радио ва телевидение эса интернет орқали дунё билан бевосита мулоқот ўрнатиш, жонли эфирни ташкил қилиш имконига эга бўлмоқда. Натижада айни жараён бир неча хил ахборот узатиш усулларининг қоришиб, бирлашиб кетишига олиб келмоқда.
ОАВ фаолиятида рақамлаштириш. Дигитализация, яъни рақамлаштириш ОАВ фаолиятининг турли босқичларида намоён бўлади. Манбаларга мурожат этиш, маълумотларни йиғиш, уларни қайта ишлаш ва сақлаш, материални чоп этиш ва тарқатиш сингари ҳар бир босқич айни пайтда рақамли форматда амалга оширилмоқда. Бугун журналист учун ахборот манбаи сифатида интернет тизими фаол қўлланилади. Глобал тармоқда берилган маълумотлар, хоҳ матн, фото, овоз ёки видео шаклида бўлсин у рақамлаштирилган ҳисобланади. Журналистларнинг рақамли техник воситалар, хусусан, рақамли фотоаппарат ва диктофон, компьютер, уяли алоқа воситаси билан таъминлангани эса одатий ахборотни рақамли форматда ёзиб олиш, сақлаш, уни бойитиш ва қайта ишлаш учун кенг имконият яратади. Кейинги босқич бу нашр этиш жараёни. Бу ерда журналистик маҳсулот техник ходимларга рақамли форматда (дискета, CD-ROM, флеш хотира орқали) топширилади ва босма нашрдан ёки эшиттириш дастуридан жой олаётган материал анъанавий (босма, теле- ёки радио-) кўриниш билан бирга ноанъанавий (электрон) форматда ҳам чоп этилади, узатилади ва тарқатилади. Хусусан, босма нашрларнинг электрон форматда тарқатилиши деганда газета, журнал ёки ахборот агентликларининг веб-саҳифаларда жойлаштирилиши ва обуначиларга электрон-почта орқали маълумот узатиш назарда тутилади. Демак, рақамлаштириш натижаси ўлароқ, газеталар бугун компьютерда терилади, интернет тизимида уларнинг электрон вариантини ўқиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |