Умумилмий тадқиқот методлари. Улар фалсафа билан махсус фанларнинг фундаментал назарий-методологик қоидалари ўртасида ўзига хос «оралиқ методология» бўлиб хизмат қилади. Умумилмий тушунчалар қаторига кўпинча «ахборот», «модель», «тузилма», «функция», «тизим», «элемент», «оқилоналик», «эҳтимоллик» сингари тушунчалар киритилади.
Биринчидан, бир қанча хусусий фанлар ҳамда фалсафий категорияларнинг алоҳида хосса, белги ва тушунчалари умумилмий тушунчаларнинг мазмунига «сингдириб» юборилганлиги, иккинчидан, (фалсафий категориялардан фарқли ўлароқ) математик назария ва символик мантиқ воситалари билан уларни формаллаштириш, уларга аниқлик киритиш мумкинлиги умумилмий тушунчаларнинг ўзига хос жиҳатларидир.
Агар фалсафий категориялар умумийликнинг мумкин бўлган энг юқори даражаси – муайян умумий даражани ўзида мужассамлаштирган бўлса, умумилмий тушунчаларга кўпроқ умумий абстракт (бир хил) даража хоски, бу уларни абстракт-формал воситалар ёрдамида ифода этиш имконини беради. Фалсафанинг асосий масаласини (тўла ҳажмда) ечишда «иштирок этиш» шарти муайян «тафаккур шаклини яратиш»нинг «фалсафийлиги», «диалектиклиги» даражасини аниқлашнинг муҳим мезонидир.
Умумилмий тушунча ва концепциялар асосида билишнинг тегишли методлари, тамойиллари таърифланади, улар эса, ўз навбатида, фалсафанинг махсус илмий билим ва унинг методлари билан оқилона ўзаро алоқасини таъминлайди. Умумилмий методлар қаторига тизимли ва структуравий-функционал, кибернетик, эҳтимолий ёндашувлар, моделлаштириш, формализация ҳамда бошқалар киради.
Умумилмий тушунчаларнинг муҳим роли шундан иборатки, улар ўзининг «оралиқ хусусияти» билан фалсафий ва алоҳида илмий билимнинг (шунингдек тегишли методларнинг) ўзаро ўтишини таъминлайди. Гап шундаки, биринчи билим иккинчи билимга соф юзаки тарзда, бевосита ўтмайди. Шунинг учун ҳам махсус илмий мазмунни дарҳол фалсафий тушунчалар тилида ифодалашга уринишлар, қоида тариқасида, ноконструктив ва самарасиз бўлади.
Хусусий илмий методлар – материя ҳаракатининг асосий шаклига мос бўлган муайян фанда қўлланиладиган билиш усуллари, тамойиллари, тадқиқот усуллари ва тартиб-таомиллари мажмуи. Механика, физика, кимё, биология ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг методлари шулар жумласидандир.
Фан методлари – маълум фан тармоғига кирувчи ёки фанлар туташган жойда вужудга келган муайян фан соҳасида қўлланиладиган усуллар тизими. Ҳар бир фундаментал фан, моҳият-эътибори билан, ўз предметига ва ўзига хос тадқиқот усулларига эга бўлган соҳалар мажмуидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |