Шамчалар - Suppositoria
(Шамчалар – бош келишик бирликда Suppositorium, тушум келишик бирликда Suppositorium, тушум келишик кўпликда Suppositoria, қисқартмаси - Supp.)
Шамчалар миқдорланган, уй ҳароратида қаттиқ ҳолатда бўлиб, тана ҳароратида юмшаб, суюлиб ёки эриб кетувчи юмшоқ дори шаклидир.
Шамчалар ректал (suppositoria rectalia) тўғри ичакка (per rectum), вагинал (suppositoria vaginalia) - қинга ва таёқчалар (bacilli) сийдик йўли каналига, бачадон бўйнига қўйиш учун ишлатилади.
Шамчалар учун шакл берувчи (асос) сифатида 37оС да суюладиган, қитиқловчи хоссага эга бўлмаган, шиллиқ қаватлардан сўрилмайдиган, дори моддалари билан кимёвий жараёнга киришмайдиган моддалар қўлланилади. Ушбу талабларга суюлиш температураси 30-34о С бўлган какао мойи (Oleum Cacao), суюлиш температураси 34-35оС бўлган долчин (япония коричниги) мойи (Oleum Cinnamoni pedunculari) жавоб беради. Бундан ташқари асос сифатида желатин-глицеринли масса (massa gelatinosa), бутирол (butirolum), полиэтиленоксид (polyathylenoxydum), совун-глицеринли қoришмалар, гидрогенланган ёғлар ва уларнинг ҳар хил моддалар билан қoришмалари ҳам ишлатилиши мумкин.
Шамчалар маҳаллий (қинга қўйиш учун), ректал шамчалар ҳам маҳаллий, ҳам резорбтив таъсир олиш учун ишлатилади. Ректал шамчаларнинг афзалликларидан бири, дори тўғри ичакка қўйилганда тўғри ичак орқали дори кичик қон айланиш системасига (жигарни охлаб) ўтиб, резорбтив таъсир кўрсатади. Жигар функцияси фаолияти сусайган беморлар учун бу анчалик енгиллик ҳисобланади.
Ректал шамчалар шакли конуссимон ёки цилиндрсимон бўлиб учи ўткирлаштирилган бўлади. Ректал шамчанинг вазни 1,1 г дан 4 г (болалар учун 0,5-1,5 г)гача диаметри 1,5 см дан ошмаслиги керак. Агар ректал шамча вазни кўрсатилмаган бўлса ҳар бир шамча 3 г дан тайёрланади.
Вагинал шамчалар шакли сферик (шарчалар - globuli), тухумсимон (овуллар - ovula) ёки ясси таначасининг охири силлиқланган (пессариялар - pessaria) бўлади. Вагинал шамчаларнинг вазни 1,5 г дан 6 г гача. Агар вагинал шамчанинг вазни кўрсатилмаган бўлса ўртача 4 г дан тайёрланади. Вагинал шамчалар ёш қиз болаларга ва турмушга чиқмаган қизларга буюрилмайди.
Ҳозирда кўп шамчалар фармацевтик саноатда тайёр ҳолда чиқарилади, бундай шамчаларга рецепт бошқа официнал дорилар қатори қисқартирилган кўринишда ёзилади. Рецепт дори шакли номи - Suppositorium (Supp.) сўзидан бошланиб cum (билан, ...ли) қўшимчасидан кейин дорининг номи биргалик келишигида ва унинг миқдори кўрсатилади. D.t.d. N. ва сигнатура билан тугалланади. Шамчанинг ректал ёки вагиналлиги S. да кўрсатилади.
Мисол: 0,2 г ихтиол (Ichthyolum, Ichthammol) сақловчи 6 та официнал ректал шамча буюрилсин. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун тўғри ичакка қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Supp. cum Ichthyolo 0,2
(Ichthammol)
D.t.d. N. 6
S. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун
тўғри ичакка қўйиш учун.
Махсус номли ректал шамчаларга рецепт Suppositoria (Supp.) дан кейин махсус ном турланмай, шамча сони кўрсатилиб, D.S. билан тугалланади.
Мисол: 10 та махсус номли анузол (Anusolum, Comb. drug) ректал шамча буюрилсин. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун тўғри ичакка қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Supp. Anusolum N.10
(Comb. drug)
D.S. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун
тўғри ичакка қўйиш учун.
Оддий вагинал шамчаларга рецепт ректал шамчаларга ёзилгандек ёзилади ва S. да вагинал шамча қинга қўйилиши кўрсатилади.
Мисол: 10 та 0,12 г нитазол (Nitasolum, Aminitrozole) сақловчи вагинал шамча буюрилсин. 1 вагинал шамчадан эрталаб кечқурун қинга қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Supp. cum Nitazolo 0,12
(Aminitrozole)
D.t.d. N. 10
S. 1 вагинал шамчадан эрталаб, кечқурун
қинга қўйиш учун.
Махсус номли вагинал шамчалар ҳам ректал шамчаларга ўхшаш ёзилади.
Мисол: 10 та махсус номли осарбон (Osarbonum, Comb. drug) вагинал шамча буюрилсин. 1 вагинал шамчадан эрталаб, кечқурун қинга қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Supp. Osarbonum N. 10
(Comb. drug)
D.S. 1 вагинал шамчадан эрталаб, кечқурун
қинга қўйиш учун.
Ҳозирги пайтда дорихоналарда магистрал ректал ва ванигал шамчалар кам тайёрланади. Бундай ҳолларда рецепт кенгайтирилган ҳолда ҳамма таркибий қисмлар кўрсатилади. Моддалар миқдори (асослар) ҳамма шамчаларни тайёрлаш учун керакли миқдорлар кўрсатилади. Ҳар бир шамчага мўлжаллаб миқдорлар кўрсатилиши кўпроқ тарқалган. Рецептда асос (шакл берувчи) моддани миқдори кўрсатилмаса ҳам бўлади. Бу ҳолда асосни миқдори q.s. (quantum satis - керагича) деб кўрсатилади ва рецепт D.t.d. N. ва сигнатура билан тугалланади.
Мисоллар: 0,1 г анестезин (Anaesthesinum, Benzocain) сақловчи 10 ректал шамча буюрилсин. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун тўғри ичакка қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Anaesthesini 0,1
(Benzocain)
Olei Cacao q.s.
(Theobroma Cacao)
M.f. supp. rect.
D.t.d. N. 10
S. 1 ректал шамчадан эрталаб, кечқурун
тўғри ичакка қўйиш учун.
250000 ТБ леворин (Levorinum, Levorin) сақловчи вагинал шамчадан 10 та буюрилсин. 1 вагинал шамчадан эрталаб, кечқурун қинга қўйиш учун буюрилсин.
Rp.: Levorini 250000 ТБ
(Levorin)
Olei Cacao q.s.
(Theobroma Cacao)
M.f. supp. vag.
D.t.d. N. 10
S. 1 вагинал шамчадан эрталаб, кечқурун
қинга қўйиш учун.
Таёқчалар (bacilli) - шамчаларнинг бир кўриниши бўлиб, сийдик йўли каналига, бачадон бўйнига, оқма яралар тешигига ва бошқаларга қўйиш учун мўлжалланган. Ҳозирда бу дори шакли кам ишлатилади. Таёқчалар дорихоналарда цилиндр шаклида, учи ўткирлаштирилган ҳолда кенгайтирилган магистрал рецепт асосида тайёрланади. Рецептда ингредиентлар миқдори ва таёқчанинг ўлчами (катталиги) ҳам кўрсатилади.
Мисол: Узунлиги 5 см, қалинлиги 0,5 см, 5 дмг атропин сульфати (Atropini sulfas, Atropine) тутувчи 6 та таёқча буюрилсин. 1 таёқчадан сийдик йўли каналига кунига 1 марта юбориш учун буюрилсин.
Rp.: Atropini sulfatis 0,0005
(Atropine)
Olei Cacao q.s.
(Theobroma Cacao)
ut fiat bacillus longitudine 5 cm
et crassitudine 0,5 сm
D.t.d. N. 6
S. 1 таёқчадан сийдик йўли каналига кунига 1 марта юбориш учун.
Do'stlaringiz bilan baham: |