Аэрозоллар – Aerosola
(Аэрозоль - бош келишик бирликда – Aerosolum, тушум келишик бирликда Aerosolum, бош келишик кўпликда – Aerosola, тушум келишик кўпликда - Aerosola)
Аэрозоллар (Aer юнонча ҳаво, solutio лотинча эритма) аэродисперс системалар бўлиб, дисперс муҳит сифатида ҳаво, газ ёки газлар аралашмаси, дисперсион фаза сифатида қаттиқ ёки суюқ дориларнинг 1 микрометрдан бир неча ўн микрометргача бўлган заррачаларидан иборатдир.
Кейинги пайтларда аэрозоллар алоҳида баллончаларда чиқарилиб, улар клапан ва пуркагич қурилма билан таъминланган. Баллон ичида дори препарати (эритма, эмульсия, суспензия) ва пропеллент (ҳайдаб, сиқиб чиқарувчи) газдан иборат. Пропеллент сифатида сиқилган газлар, кўпроқ фреон-12 (дихлордифторметан) ишлатилади. Кўрсатилган аралашма баллон ичида 2-3 атмосфера босим остида бўлиб, клапан 1 марта эзилганда ўртача
даволаш миқдор аэрозоль сифатида ажралиб чикади. Аэрозоль баллонлар ишлатишга қулай портатив, дори моддаси қуриб қолмаслиги ва ифлосланмаслиги бу дори шаклининг афзаллиги ҳисобланади. Тиббиётда аэрозоллар ингаляция учун ёки сиртга ишлатилади. Ингаляция учун аэрозоллардаги аэрозоль заррачалари 0,5-10 мкм бўлади. Аэрозоллар асосан ўпка ва юқори нафас йўллари касалликларини даволашда қўлланилади. Масалан: эфатин, камфомен, ингалипт аэрозоллари. Аэрозоллар оддий таркибли ва мураккаб таркибли махсус номли бўлади.
Аэрозолларга рецепт қисқартирилган кўринишда ёзилади. Рецепт Aerosolum сўзидан бошланиб, дори номи, баллонлар сонидан кейин қандай ишлатилиши кўрсатилади.
Оддий таркибли аэрозолларга рецепт қуйидагича ёзилади.
Мисол: 1 баллон салбутамол аэрозоли (Salbutamolum, Salbutamol). Суткада 4 марта ингаляция учун (ҳар бир ингаляцияда 1-2 дозадан).
Rp.: Aerosolum Salbutamoli N. 1
(Salbutamol)
D.S. Суткада 4 марта ингаляция учун
(ҳар бир ингаляцияда 1-2 дозадан).
Мураккаб таркибли махсус номли аэрозоль ҳам шунга ўхшаш ёзилади, дорининг номи турланмайди.
Мисол: 1 та баллон камфомен аэрозоли Camphomenum). Суткасига 3 марта ингаляция учун (ҳар бир ингаляцияда 3 мартадан пуркалсин).
Rp.: Aerosolum Camphomenum N. 1
(Camphomenum)
D.S. Суткада 3 марта ингаляция учун
(ҳар бир ингаляцияда 3 мартадан пуркалсин).
Сиртга ишлатиладиган аэрозоль баллонлар ичида эритмалар, линиментлар, кўпик, пластик плёнка ва бошқа ҳолда бўлади. Бу аэрозоллар дерматология, жарроҳлик, доялик (гинекология)да кенг ишлатилмоқда. Масалан, куйган жойларни ва яраларни даволаш ва олдини олиш учун оксициклозол, левовинизол, ливиан, тегразол, легразол, неогелазол ва бошқалар (таркибида антибиотиклар, антисептик моддалар сақлайди), оғиз бўшлиғи яллигланишларида пропосол аэрозолларидан фойдаланилмоқда.
Мисол: 1 та баллон оксициклозол (Oxycyclosolum, Oxycyclosolum) аэрозоли. 2 кунда 1 марта терининг жароҳатланган қисмига 1-3 секунд мобайнида, 20-30 см масофадан пуркаш учун.
Rp.: Aerosolum Oxycyclosolum N.1
(Oxycyclosolum)
D.S. Терининг жароҳатланган қисмига 1-3 секунд мобайнида,
20-30 см масофадан 2 кунда 1 марта пуркаш учун.
3- иловада қабул қилинган қисқартмалар:
A – «А» рўйхатига киритилган дорилар; Б – «Б» рўйхатига киритилган дорилар; г/кг – беморнинг ҳар бир килограмм вазнига; ЎДМ – ўртача даволовчи миқдори; ЎСМ – ўртача суткалик миқдор; АТрБ – антитрипсин бирлик; КИБ – каллекреин ингибирловчи бирлик; ТБ – таъсир бирлик; ХБ – халқаро бирлик; ФБ – фибринолитик бирлик; таб. – таблетка; қоб. – қобиқли; капс. – капсула; эр. – эритма; амп. – ампула; фл. – флакон; м/и – мушак (мускул) ичига; в/и – вена ичига; а/и – артерия ичига; т/о – тери остига.
Do'stlaringiz bilan baham: |