Шилимшиқлар - Mucilagines
(Шилимшиқ – бош келишик бирликда Mucilago, қаратқич келишик бирликда
Mucilaginis, қисқартмаси - Mucil.)
Шилимшиқлар юқори молекуляр бирикмаларнинг коллоид эритмалари бўлиб, қуюқ, ёпишқоқ суюқликдир. Шилимшиқлар ўсимликларнинг шилимшиқ моддаларидан, масалан: мевали дарахт елимидан, крахмалдан тайёрланади, тиббиётда қуйидаги шилимшиқлар ишлатилади: ўрик елими шилимшиғи (Mucilago Gummi Armeniacae), аравия елими шилимшиғи (Mucilago Gummi arabici), гулхайри илдизи шилимшиғи (Mucilago radicis Althaeae) ва крахмал шилимшиғи (Mucilago Amyli).
Ҳамма шилимшиқлар официнал бўлганлиги учун рецептда шилимшиқнинг концентрацияси кўрсатилмасдан, унинг номи ва миқдори кўрсатилади.
Мисол: 150 мл крахмал шилимшиғи (Mucilago Amyli, Amylum)1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичиш учун буюрилсин.
Rp.: Mucil. Amyli 150 ml
(Amylum)
D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичиш учун.
Шилимшиқлар, асосан, дориларнинг ножўя таъсирини камайтириш, таъмини яхшилаш мақсадида, ёрдамчи моддалар сифатида, микстура ҳолида буюрилади.
Мисол: 1 г хлорал гидрати (Chloralum hydratum, Chloral hydrаte), 30 мл дан крахмал шилимшиғи (Mucilago Amyli Amylum) ва сувдан иборат микстура. 1 ош қошиқдан кечқурун уйқудан олдин ичиш учун буюрилсин.
Rp.: Chlorali hydrаti 1,0
(Chloral hydrаte)
Mucil. Amyli
(Amylum)
Aq. destill. аа 30 ml
(Aqua destillata)
M.D.S. 1 ош қошиқдан кечқурун уйқудан олдин ичиш учун.
Суюқ дори шаклларига тиббий мойлар, доривор ўсимлик шира (сок-succus)лари, суюқ органопрепаратлар, доривор қиём (сироп-sirupus)лар ҳам киради.
Тиббий мойлар, доривор ўсимликлар мевасининг мойли экстрактидир, масалан мингдевона мойи (Oleum Hyperici), наматак (итбурун, гулираъно) мойи (Oleum Rosae), чирқаноқ (чаканда) мойи (Oleum Hippopheae). Тиббий мойлар ичиш учун томчиларда ёки қошиқларда буюрилади.
Мисол: 50 мл чаканда мойини (Oleum Hippopheae, Hippophae rhamnoides) 1 чой қошиқдан кунига 2 маҳал ичиш учун буюрилсин.
Rp.: Olei Hippopheae 50 ml
(Hippophae rhamnoides)
D.S. 1 чой қошиқдан кунига 2 маҳал ичиш учун.
Ўсимлик шираларини тайёрлаш учун янги пишган ўсимлик мевасини сиқиб, ҳосил бўлган суюқликдан 85 қисм, 15 қисм 95%ли этил спирти ва 0,3% хлорэтан (консервант) қўшилади. Аралашма қиздирилгандан кейин ҳосил бўлган чўкма фильтрланиб тозаланади. Шундай доривор шираларга зубтурум (бўзчи) шираси (Succus Plantaginis), каланхоэ шираси (Succus Kalanchoes), алоэ шираси (Succus Aloes) ва бошқалар киради. Улар асосан, ичишга ва баъзида, сиртга ишлатиш учун буюрилади.
Мисол: 100 мл алоэ шираси (Succus Aloes, Aloes)1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал овқатланишдан 20 минут олдин ичиш учун буюрилсин.
Rp: Succi Aloes 100 ml
(Aloes)
D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал овқатланишдан
20 минут олдин ичиш учун.
Do'stlaringiz bilan baham: |