Маънавий-иродавий тайёргарлик мақсади ва вазифалари.
Ирода муаммоси инсон шахсияти психологиясида муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Фаолият ва тарбия жараёнида инсонда турғун иродавий хислатлар шаклланади, ҳамда унинг муайян шароитдаги ҳулқ-атворига таъсир кўрсатади. Шу боис, ирода муаммоси нафақат назарий, балки катта амалий аҳамиятга ҳам эгадир. Керакли иродавий хислатларни тарбиялаш муаммоси спорт фаолияти психологиясида ўта муҳим аҳамият касб этади.
Иродавий хислатларни тарбиялаш спорт тайёргарлиги ва жисмоний тарбия вазифаларидан биридир. Бунда мазкур хислатларни ривожлантириш спортчининг аҳлоқий тарбияси билан узвий боғлиқ бўлади. Спортчини маънавий-иродавий тайёргарлиги яхлит педагогик жараён бўлиб, унда шахснинг маънавий ва иродавий хислатларини ривожланиши ўзаро узвий боғлиқликда амалга ошади.
Шу тариқа, спортчини маънавий жиҳатдан тарбиялаш вазифалари мураббий педагогик фаолиятининг зарурий қисмини ташкил этади. Агар мураббий маънавий тарбия вазифаларини жисмоний тарбиянинг зарурий ва муҳим қисми сифатида ҳисобламаса, онгли равишда аҳлоқий тарбия вазифаларини инкор этса, бу ҳол машқ қилиш жараёнида спортчи шахсининг салбий аҳлоқий хислатларини шаклланишига олиб келади.
Ирода – инсон шахсиятининг мураккаб томони ҳисобланади. Инсоннинг иродавий хислатлари серқиррадир. Улардан энг муҳимлари: а) мақсад сари интилиш; б) ташаббускорлик; в) интизомлилик; г) қатъиятлилик; д) матонат; е) мақсадга эришиш йўлидаги тўсиқларни енгиш қобилияти. Шу хислатларни ўзига хос хусусиятлари борки, улар тарбия усулларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Спорт билан шуғулланиш спортчидан зарур бўлганда ирода кучини намоён қилишни талаб этади. Бу жараён онгли равишда кечади, чунки муайян қийинчиликларни енгиш эҳтиёжи билан белгиланади. Спортчининг иродавий хислатларини ўзига хос томони шундаки, улар доимо бирор қийинчилик ёки тўсиқларни енгишга йўналтирилган фаолият билан боғлиқ бўлади.
Спортчи танланган спорт турига мувофиқ равишда жисмоний, техник-тактикавий жиҳатдан пухта тайёрлангандагина қийинчиликларни енгиш мумкин бўлади.
Маънавиятни шакллантириш – спортчи шахсиятини тарбиялаш асосидир. Иродавий хислатларнинг аҳлоқий негизини шакллантириш мақсадида машқ қилиш машғулотларида қуйидаги усуллар қўлланилади: аҳлоқ борасида қисқа суҳбатлар ўтказиш, спортчиларга аниқ мақсадларни образли шаклда тушунтириш, жамоада ижобий эмоционал муҳитни яратувчи воситаларни танлаш, қийинчиликларни аста-секин ошириб бориш ва уларни енгиш учун шароитлар яратиш, ижобий ҳаракатларни рағбатлантириш ва салбий ҳолатларни муҳокама қилиш. Муайян талаб тизимига асосланган ўргатиш усули, (қийинчиликларни енгишга, интизомга ўргатиш) ишонтириш, тушунтириш, ундаш усуллари ҳам қўлланилади. Маънавий иродани шакллантириш учун ўқув-машқ қилиш жараёнидан ташқари мураббий қўллайдиган усуллар ҳам турличадир.
Спортчининг маънавий иродасини тарбиялаш болалик чоғиданок бошланиши керак ва бутун тарбия тизими: оила, мактаб, жамоат ташкилотлари, спорт мактаби жамоаси, мураббий томонидан амалга оширилиши лозим.
Маънавий ифодани тарбиялашнинг асосий йўллари:
Ёш спортчини бирламчи ўсмирлар жамоасида ва келгусида катта ёшдаги спортчилар жамоасида тарбиялаш орасидаги изчил тартибга риоя қилиш;
Машғулотларнинг тарбиявий мундарижасини ошириш, спотчилар интизомига талабчанликни кучайтириш, жамоага таяниш ҳамда сиёсий ва маънавий йўналишдаги маърифий машғулотларни мунтазам равишда ўтказиб туриш йўли билан терма жамоаларда тарбиявий ишларни кучайтириш;
Спортчиларни қийинчиликларни енгишга ўргатиш бўйича тайёргарлик машғулотлари;
ўқув-машқ қилиш машғулотлари жараёнида юзага келувчи аниқ вазиятни тарбиявий мақсадларда қўллаш (ютуқлар ва мағлубият, жамоадаги ўзаро муносабатлар, қийинчиликларга муносабат).
Do'stlaringiz bilan baham: |